Ассалому алайкум, муҳтарам бокс ихлосмандлари! Бугун Тошкент шаҳрида катта бокс кечаси бўлиб ўтади. SPORTS.uz "You Tube" саҳифаси орқали барча жангларни ЖОНЛИ ЭФИРда томоша қилишингиз мумкин:

https://youtu.be/amchTGU1cZ0

Ушбу жараён сиз азизларга янада қулайлик яратиш мақсадида матнли тарзда ҳам эътиборингизга ҳавола этилади. Бизни кузатишда давом этинг!

Жанг кечаси бошланмоқда!

Илк тўқнашув 72,2 кг вазн тоифасидаги спортчилар - қизил бурчакдаги Одилжон Жўрабоев ҳамда кўк бурчакдаги Жўрабой Зокиров ўртасида бўлиб ўтади. Жанг 4 раундга мўлжалланган.

Боксчилар рингга кўтарилди. Жанг бошланди!

Раунднинг илк сонияларида қизил бурчакдаги спортчи рақибини масофада ушлаб, зарбалар йўллади. Унинг рақиби эса, кўпроқ масофани қисқартиришга ҳаракат қилди. Устунлик нисбатан Жўрабоевда. Сабаби, у йўллаган бир неча зарба рақиб юзига ўз изини қолдирди. Умуман олганда, томонлар илк раундни бир-бирини ўрганишга сарфлади.

Иккинчи раунд!

Дастлабки сонияларда Зокировнинг кучли зарбаси рақибини бироз мувозанатдан чиқаргандек туюлди. Зарбалар алмашинувида кўпинча қизил бурчакдаги спортчи устун келмоқда. Катта эҳтимол билан, иккинчи раунд Одилжон Жўрабоев фойдасига ҳал бўлди. Жанг ярмига келиб, тенг кураш гувоҳига айланмоқдамиз.

Учинчи раунд!

Қизил бурчакдаги боксчи яхши серияни амалга оширди. Унинг рақиби зарбалардан қочишга муваффақ бўлган бўлсада, 2-3 та зарба қабул қилиб олишга мажбур бўлди. Раунд сўнгида Зокиров рақиб юзига иккита кучли зарба бера олди.

Тўртинчи раунд!

Жўрабоевнинг апиркот зарбаси рақибга язшигина таъсир қилди. Беллашув сўнгига келиб, томонлар очиқ жангга кирмоқда. Бироз устунлик қизил бурчакдаги боксчи томонда дейиш мумкин. Сўнгги сонияларда томонлар бор кучини рингга ташлаб, жангни ўз фойдасига ҳал этишга ҳаракат қилди.

Якуний қарор! Ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, жангда Жўрабой Зокиров ғалаба қозонди!

Иккинчи жанг 61,2 кг вазн тоифасидаги спортчилар - кўк бурчакдаги Шерзодбек Мамажонов ҳамда қизил бурчакдаги Шукрулло Воҳидов ўртасида бўлиб ўтади. Жанг 8 раунд давом этиши кўзда тутилган.

Жанг бошланди!

Дастлабки сонияларда қизил бурчакдаги спортчи томонидан йўлланган зарбалардан кейин рақибига тиббий ёрдам кўрсатилди. Унинг бурни қонади. Рақибининг ожиз нуқтасини топиб олган Воҳидов кетма-кет зарбаларни Мамажоновнинг бурни томон йўналтирмоқда. Навбатдаги тиббий ёрдамдан кейин ҳакамлар кўк бурчакдаги Мамажоновнинг жангни давом эттиришига рухсат бермади. Беллашув 2 дақиқа 31 сония давом этди. Шу тариқа, Шукрулло Воҳидов ўз фаолиятидаги 6-ғалабасини қўлга киритди.

Якуний қарор! Шукрулло Воҳидов техник нокаут эвазига ғалаба қозонди!

Учинчи жанг 66,7 кг вазн тоифасидаги спортчилар - кўк бурчакдаги Мақсуд Матязов ҳамда қизил бурчакдаги Элдорбек Саидов ўртасида бўлиб ўтади. Жанг 6 раунд давом этиши кўзда тутилган.

Жанг бошланди!

Саидовнинг ўнг қўлда йўллаган кучли зарбаси рақиб ҳимоясидаг ўтди. Матязов рақибни масофада ушлашга ҳаракат қилмоқда. Маълумот учун, бу унинг дебют жанги ва табиийки, бироз ҳаяжон ўз сўзини айтмай қолмаяпти. Ринг марказини қизил бурчакдаги спортчи бошқарди. Кичик учтунлик айнан Элдорбек томонда дейиш мумкин.

Иккинчи раунд!

Иккинчи раундда Саидов бироз фаолликни оширди. Бироқ нисбатан тажрибали Матязов ринг бўйлаб рақибини таъқиб қилмоқда. Мақсуднинг иккита хук, битта апперкот зарбаси мўлжалга аниқ бормади. Қизил бурчакдаги боксчининг бироз устунлиги ушбу раундда бироз сезилди. Унда фаоллик элементлари кўзга ташланяпти.

Учинчи раунд!

Саидов бироз куч тежаш мақсадида ҳимоявий тактикага ўтиб олди. Унинг рақиби бир неча кучли зарбалар йўллашга улгурди. Саидовнинг кучли зарбалари рақибига жароҳат етказди. Матязовнинг бурни қонагани учун ҳакам жангни тўхтатишга қарор қилди.

Якуний қарор! Рақибини нокаутга учратган Элдорбек Саидов ўз фаолиятидаги 10-жанггида 4-ғалабасини қўлга киритди!

Тўртинчи жанг 55,3 кг вазн тоифасидаги спортчилар - кўк бурчакдаги Асрор Сотволдиев ҳамда қизил бурчакдаги Исломбек Пирманов ўртасида бўлиб ўтади. Жанг 6 раунд давом этиши кўзда тутилган.

Жанг бошланди!

Кўк бурчакдаги боксчи, асосан, эҳтиёткорликка урғу бермоқда. Пирманов эса, кучли зарбалар йўллашга ҳаракат қиляпти. Сотволдиев рақибини клинчда ушлаб турди. Аксарият вазиятда қизил бурчакдаги спортчи фаоллик кўрсатди. Катта эҳтимол билан, ҳакамлар раундни унинг фойдасига ёзиб қўйди.

Иккинчи раунд!

Сотволдиевнинг юзида зарба асоратлари сезилмоқда. У оғир нафас оляпти. Қизил бурчакдаги боксчи эса кетма-кет зарбалар беришда давом этмоқда. Раунд Исломбек Пирмановнинг фойдасига ҳал бўлди дейиш мумкин.

Учинчи раунд!

Пирмановнинг кучли зарбасидан кейин ҳакам беллашувни тўхтатига қарор қилди. Кўк бурчакдаги спортчи ўзининг 12-жангини техник нокаут эвазига бой берди. Қизил бурчакдаги Исломбек Пирманов дебют жангидаёқ ғалаба қозонди!

Якуний қарор! Қизил бурчакдаги Исломбек Пирманов дебют жангидаёқ техник нокаут эвазига ғалаба қозонди!

Кечанинг асосий жанги бошланмоқда! Ушбу тўқнашув ғолиби WBC йўналиши бўйича Осиё Чемпиони учун тақдим этиладиган камарга қўлга киритади!

Асосий жанг 79,3 кг вазн тоифасидаги спортчилар - кўк бурчакдаги, грузиялик Левани Лухуташвили ҳамда қизил бурчакдаги, ўзбекистонлик Абдуҳамид Ҳакимов ўртасида бўлиб ўтади. Жанг 10 раунд давом этиши кўзда тутилган.

Ҳар икки жангчи рингга кўтарилди. Грузия ҳамда Ўзбекистон давлат мадҳиялари янгради. Старт учун барчаси тайёр!

Жанг бошланди!

Вакилимиз илк сониялардан устунликни қўлга олишга ҳаракат қилмоқда. Ҳакимовнинг зарбасидан кейин рақиб бироз мувозанатни йўқотди. Абдуҳамид зарбаларни, асосан, рақиб танасига йўналтирмоқда. Грузиялик спортчи бир неча вазиятда олдинга ўтиш жараёнида қарши ҳужумда кучли ўтказиб юборди. Умуман олганда, раунд боксчимиз фойдасига ҳал бўлганлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Иккинчи раунд!

Ҳамюртимиз тўғридан зарбалар йўлламоқда. Шунингдек, унинг апперкотлари ҳам манзилга аниқ боряпти. Ҳакимов ринг марказини Леванидан тортиб олди. Вакилимизнинг зарбалар сериясидан кейин ҳакам беллашувни тўхтатди. Левани Лухуташвили жангни давом эттириждан бош тортди. Ғалаба муборак!

Якуний қарор! Кўк бурчакдаги Левани Лухуташвили жангни давом эттиришдан бош тортгани учун Абдуҳамид Ҳакимовга техник ғалаба ёзилди. Ҳамюртимиз ўзининг 6-жангида ҳам ғалаба қозонди. Улардан 4 таси техник ғалаба ҳисобланади!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)