Темурхўжа Абдуҳолиқов: Бикмаев билан ажойиб тандем эдик
Ads

“Локомотив” клуби яна бир совринни ўзиники қилиб олди. Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада янги мавсум бошланиши олдидан Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтди. Унда ўтган йилги Ўзбекистон чемпиони “Локомотив” Кубок соҳиби ОКМК билан куч синашди. Қизиқарли кечган учрашувда эса темирйўлчилар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Суперкубокни қўлга киритишди ва беш йил ичидаги 8-совринга эга бўлишди. Ушбу учрашувда эса биринчи гол муаллифи бўлган ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов “Локомотив”нинг ғалабаси учун катта ҳиссасини қўшди. Шу боис ўйиндан кейин ўзининг таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Ўйиннинг охирларида асабийлашдик”

Ўйинни кўрган бўлсангиз, чиндан ҳам биринчи бўлимда анча яхши ўйин намойиш этдик деб ўйлайман. Иккинчи бўлимда ҳам ёмон ўйнамадик. Фақат иккинчи голни урганимиздан сўнг бироз бўшашдик. Натижада ОКМК жамоаси вабанкка борди. Улар гол уришганидан кейин ўйиннинг охирги дақиқалари биз учун анча асабий тарзда ўтди. Чунки рақиб жамоа яна битта гол урганида ҳисоб тенглашиб қоларди. Агар шундай бўлганида биз анча қийин аҳволга тушиб қолган бўлардик. Биз учун энг асосийси, натижа эди. Суперкубок ғолиби битта ўйиндан иборат эканлигини яхши ҳис қилиб тургандик. Барибир Кубок – бу ўзига яраша титул ҳисобланади. Қувонарлиси, мавсумнинг илк расмий баҳсини Суперкубок билан ўтказиб, уни яхши бошлаб олдик. Энди чемпионатда ҳам шу руҳда давом этишимиз керак. Лекин ўйинимизни бундан-да кучайтиришимиз даркор.

“Совринларимизга кўз тегмасин”

Қўлга киритаётган совринларимизга кўз тегмасин денг (кулади). Охирги йилларда бундай муваффақиятларга эришаётганимизда клуб ҳомийларининг ва раҳбариятнинг катта ҳиссалари бор. Улар жамоани кучайтириш учун Ўзбекистондаги энг олди футболчиларни олиб келишяпти. Шу маънода айтганда, жамоага ҳар жабҳада яхши эътибор қаратишяпти. Бунинг натижасида “Локомотив”нинг олдига максимум вазифалар қўйиляпти. Энг муҳими клубга бўлган эътибор кучли. Қолаверса, биз бу ерда бир оила сифатида шакллана олганмиз. Шунга яраша бизга барча шароитлар яратиб бериляпти. Муваффақиятларимизнинг замири шунда деб ўйлайман. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, тажрибали ўйинчиларни олиб келиш учун ҳам маблағ керак. Боя айтиб ўтганимдек, раҳбарият Ўзбекистондаги энг кучли ўйинчиларни жамоага олиб келишга ҳаракат қилишяпти. Доим сифатли маҳсулот билан натижага эришса бўлади.

“Ҳозирча қоғозда кучлимиз”

Бу – футбол ва унинг ҳаёти шундай. Бугун бу ерда бўлсангиз, эртага бошқа ерда бўласиз. Буни шунчаки нормаль ҳолат сифатида қабул қилишимиз керак. Албатта, “Локомотив”га бу йил келган футболчилар янги оилага келишди. Улар ҳам кеча ўйнашни бошлаган футболчилар эмас. Тўғриси, бу йил харид қилинган ижрочилар менга ёқди, улар тажрибали футболчилар ва жамоамизга ёрдам бера олишади. Албатта, “Локомотив”нинг қанчалик кучсизланди ёки кучайганини мавсум охирида билиб оламиз. Суперкубокдаги битта ўйиндан хулоса чиқариш қийин. Қачонки, чемпионат тугаганида шундагина аниқ фикр айтиш мумкин. Лекин умид қиламанки, биз янада олдинга интилишда давом этамиз. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, клубдаги юз берган селекциядан сўнг “Локомотив”ни кучайди деб ҳисоблайман. Фақат буни амалда исботай олишимиз керак. Мавсум давомида қўлга киритадиган натижаларимиз билан исботлай олсак, ҳақиқатан кучайганимизни ҳаммага кўрсата олган бўламиз. Ҳозирча биз шунчаки қоғозда кучлимиз. Энди эса ҳаммамиз бирлашиб, кучимизни амалда кўрсатишимиз лозим.

“Локомотив” доим максимал натижалар учун курашади”

Албатта, биз уч йил кетма-кет чемпион бўлдик. Бунинг орасида эса мен йўқ эдим. Шубҳасиз, олдимиздаги максимум вазифа чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш. Кубок баҳсларида ҳам ғолиб чиқишимиз керак. Умуман олганда, “Локомотив” қандай мусобақаларда қатнашмасин, фақат максимум вазифа учун курашамиз. Кўзланган мақсадларимизга эришиш устида тинмай меҳнат қиляпмиз. Ҳар доим мен ўзимга-ўзим вазифа қўяман. Яъни, ҳар бир ўйнаётган ўйинда ғолиб чиқишни астойдил хоҳлайман. Спорт ҳамиша курашларга бой бўлгани учун мени ҳаттоки дуранг ҳам қониқтирмайди. Ютқазишни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Спортда эса сиз ғалаба қозонсангиз бу нақадар ёқимли-а? Раҳбарият ва мураббийларнинг фикри бир жойдан чиққан, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт. Олдин янги чемпионатни бошлаб олаверайлик-чи, қолганини вақт кўрсатади.

“Тўпурар бўлиш мен учун иккинчи даражали”

Бу йилги мавсумда унвон ютишни истайман. Чемпионат сарҳисоб қилинаётганида эса албатта нимани ютганимиз эътиборга олинади. Тўпурар бўлганим эса у қадар кўзга кўринмайди. Чемпион ва Кубок соҳиби бўлсак, бу тарихда қолади. Мана, Суперкубокни ҳам қўлга киритиб олдик. Энди эса Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муносиб даражада иштирок этмоқчимиз. Барибир совринларни қўлга киритиш бошқача. Бу футболчига бошқача завқ бағишлайди. Тўпурар бўлиш эса мен учун иккинчи даражали вазифа ҳисобланади. Тан оламан, ҳужумчи учун тўпурар бўлиш жуда ёқимли ва мен ҳам буни истайман. Аммо тўпурар бўлганга яраша урган ҳар бир голим жамоамга фойда келтирса бу бошқа гап. Айниқса, урган голингиз жамоангизнинг ғалабасини таъминласа бу икки ҳисса ёқимли туюлади. Мен эса ўз ўйиним ва голларим билан “Локомотив”га максимал даражада ёрдам бермоқчиман. Шунингдек, уйимдаги шкафга қўлга киритган унвонларни йиғишни ёқтираман.

“Бикмаев билан ажойиб тандем эдик”

Марат Бикмаев билан ажойиб тандем бўлгандик. Биз бир-биримизни яхши тушуниб ўйнардик. Бизда Филип Райевац, Алишер Шоғуломов сингари ҳужумчилар ҳам бор. Менга ҳам ишонч билдиришяпти. Шунинг учун ҳар бир учрашувда ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Тўғри, Бикмаев тажрибали ҳужумчи. Энди эса у билан майдонда рақиблар сифатида ўйнаймиз. Бу – футбол, ҳаммасини вақт кўрсатади.

“Пахтакор” биз учун асосий рақиб”

Биз учун асосий рақиблар сифатида “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Металлург”, ОКМК каби жамоаларни айтишим мумкин. Бу ҳозирча тахминлар. Мавсум бошланганида эса ҳаммасини кўрамиз.