Теннисчи қизларимиз Янги Зеландия термасига имконият қолдирмади

Олдин хабар берганимиздек, Ирода Тўлаганова бошқарувидагитеннис бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси норасмий Жаҳон Чемпионати саналмиш Федерациялар Кубоги саралашида иштирок этмоқда.

Саралашнинг Осиё/Океания минтақаси иккинчи гуруҳида кураш олиб бораётган қизларимиз кеча туркманистонлик теннисчи қизларни умумий 3:0 ҳисобида мағлуб этгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун эса Ирода Тўлаганова шогирдларига Янги Зеландия термаси рақиблик қилди.

Илк ўйинда Нигина Абдураимова Пэйж Хурианни 7:5, 4:6, 7:6 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Сабина Шарипова эса Эрин Рутлиффга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 6:3, 6:1.

Жуфтлик баҳсларида иштирок этган Оқгул Омонмуродова/Камола Умарова дуэти Жоанна Карсуэль/Эрин Рутлифф дуэтига қарши баҳс олиб борди. Ушбу ўйин 6:3, 6:4 ҳисобида ҳамюртларимиз фойдасига якунига етди.

Умумий 3:0 ҳисобида янги зеландиялик қизлардан устун келган теннисчи қизларимиз ўз гуруҳларида биринчи ўринни қўлга киритди ва энди эртага саралашнинг ярим финалида  уларга Индонезия термаси рақиблик қилади.

Мазкур ўйин Тошкент вақти билан соат 10.00 да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!