Тимур Кападзенинг Уругвайга қарши ўйиндан кейинги фикрлари (эксклюзив)
Ads

Мундиал бошлагнишидан аввал миллий терма жамоамиз Монтевидеода Уругвайга қарши баҳс олиб борди. Кўпчилик эса мазкур ўйинни тарихий деб атади. Ҳар ҳолда Луис Суерас, Эдинсон Кавани, Диего Годин каби жаҳон юлдузларига қарши вакилларимизнинг қандай тўп суриши биз учун жуда қизиқ эди. Тўғри, Ўзбекистон кучли рақибга йирик ҳисобда ютқазди. Уругвай эса жаҳон чемпионатида етакчилардан бири сифатида тилга олинмоқда. Футболчиларимиз эса уларга қарши учрашувда ёмон таассурот қолдиришмади. Вакилларимиз олис сафардан қайтиб келишганидан кейин терма жамоамизни бошқариб келаётган Тимур Кападзе ўйин атрофидаги тафсилотлар ва ўйин ҳақидаги фикрлари билан умумий равишда ўртоқлашди.

“Бундай ўйин ҳар доим ҳам бўлавермасди”

- Уругвайга кетишимиздан олдин у ерга асосан ёшлар билан борамизми ёки тажрибалироқ ўйинчиларни ҳам олиб кетамизми, деган савол олдимизда турганди. Биз эса иложи борича тажрибали футболчиларни ҳам ўзимиз билан бирга олиб кетиб, турли гап-сўзлар бўлмаслигини ҳам режа қилгандик. Лекин ҳаракат қилишизга қарамай, барча ўзимиз истаган тажрибали футболчиларни олиб кета олмадик. Кимдир жароҳат олганди, яна кимдир бошқа сабаб туфайли бора олмади. Лекин мен бу жамоа билан биринчи марта ишлаётганим йўқ. Шу боис йигитлардан ҳавотирим йўқ эди. Муҳими, футболчи терма жамоага ўз хоҳиши билан бориши керак. Сафарга кетишдан олдин Тошкентда йигитларга яхшилаб тушунтирдим. Бундай ўйин ҳар доим ҳам бўлавермаслиги таъкидладим. Тўғри, Уругвайга етиб олгунча йўлда қийналамиз, аммо ўйинга тайёрланиш учун тўрт кунча вақтимиз бўлишини уларга айтдим. Бунгача, Сенегал, Марокаш каби термаларга қарши ўйнаганимизни эслатиб, ҳеч қандай рақибдан қўрқмасликларини уларга уқтирдим. Энг асосийси, ўйинчиларда ишонч бор эди. Анчадан бери бу тушунча футболчиларимизда йўқолиб қолганди. Терма жамоада иш бошлаганимдан бери биринчи қилган ишим йигитларимизга ўзига бўлган ишончни қайтаришдан иборат бўлди. Шунингдек, футболчиларимизга Уругвайга қарши ўйинда тўпни кўпроқ ўзимизда назорат қилишни, шунда улар қийналишини айтдим. Агар тўпни рақибга бериб қўйсак, бизга муаммолар туғдирарди. Кучли томонимизни кўрсатишимиз зарурлигини тушунтирдим.

“Узоқ йўлдан сўнг футболчилар икки кун тикланишди”

- Тўғри, йўл бизни анча қийнади. Узоқ мамлакатга сафар уюштириш, 30 соатдан ортиқ вақт давомида йўлда бўлиш осон эмас. Самолётда уч ёки тўрт соат ухларсиз, аммо умуман олганда, фақат ўтириб кетилади. Бир амаллаб Уругвайга етиб бордик. Дастлаб йигитларнинг узоқ йўлдан келишганини ҳисобга олиб, тикланиши учун тренажёр залида шуғулландик ва бассейнда чўмилишди. Икки кун давомида уларни тикладим. Тўғри, уларнинг оёқлари ишлаши мумкин, аммо миялари барибир чарчаган ҳисобланарди. Одатда сафарга чиқсак, шуғулланишга вақт кам қоларди. Масалан, Эронга борганимизда ҳам бир кун шуғулланиб кейин ўйинга тушгандик. Биз эса Монтевидеога эртароқ бордик ва шуғулланишимиз учун вақтимиз бўлди. Рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини кўрсатдик. Футболчиларга шундай дедим: “майдонда рақиб ким бўлишидан қатъий назар ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак”.

“Тан олиш керак, рақиб футболчилари жисмоний жиҳатдан кучли эди”

- Бу биз учун осон бўлмади. Биринчидан узоқ йўлни босиб ўтдик. Иккинчидан Ўзбекистон ва Уругвай ўртасида вақт тафовути саккиз соатлик фарқни ташкил қилади. Аслида ҳар бир соат фарқи бўйича бир кун адабтация бўлади. Учинчидан, бошқа давлат, тўртинчидан бошқа стадион. Қолаверса, стадион тўла мухлислар ҳам бизга қарши эди. Стадионнинг майдони ҳам унчалик қониқарли эмасди. Ҳаттоки, машғулот ўтказадиган майдонлари ҳам яхши эмасди. Буларга қарамасдан йигитларимиз ўз ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Бундай шароитда кўпроқ жисмоний тайёргарлик муҳим роль ўйнарди. Тан олиш керак, Уругвай футболчиларининг жисмоний ҳолати бизникилардан кучли эди. Бугунги замонавий футболда ўйинчи биринчи навбатда кучли атлет бўлиши керак. Бу ҳам етмаганидек, ўйинни бошқарган ҳакам беллашувни адолатли бошқарди деб айтмаган бўлардим. Ҳа, майли, демоқчиманки, футболчиларимиз юқорида айтиб ўтган омилларга ҳам қарши ўйнашига тўғри келди.

“Дастлабки ярим соат давомида уларни тўпсиз қолдириб асабийлаштирдик”

- Учрашувнинг дастлабки беш дақиқасида футболчиларимизда ҳаяжон бўлганди. Кейинчалик эса жамоамиз ўзини қўлга олиб, тўпни назорат қилишга ўтди. 25 дақиқа давомида рақибни тўпсиз қолдирдик ва бундан уругвайликлар асабийлаша бошлашди. Иккинчи бўлимда эса барибир чарчоқлар билинди. Натижада хатолар бошланди. Хатолар эса чарчоқдан кейин юз беради. Агар рақибга тўпни топшириб қўйганимизда бизни “эзиб” ташлашарди. Лекин Уругвай бизни тўлиқ ҳимояга “михлаб” қўйгани йўқ. Голларга келадиган бўлсак, биринчисида Жавоҳир Сидиқовга майдоннинг ноқулайлиги ҳам ҳалақит қилди. Марказда Суарес уни итариб юбориб тўпни олиб қўйди. Бу вазиятда ҳакам ўйинни тўхтатиши ҳам мумкин эди. Кейин ҳимоячимиз Рустам Ашурматов ҳам улгурмай қолди. Бундай кучли жамоалар кичкина имкониятни ҳам голга айлантира олишади. Ўша гол йигитларимизнинг кайфиятига таъсир қилди. Чунки уларга гол уриш учун ўзимиз имкон яратиб бердик. Умуман айтганда, қолган иккита голни стандартдан ўтказдик. Иккинчиси пенальтидан киритилган бўлса, учинчиси бурчак тўпидан кейин рўй берди. Ўша вазиятда мен дарвозабонимиз Элдор Суюновга тўпга эртароқ чиқиши кераклигини айтдим. Ўзи ҳам шундай қилмоқчилигини, аммо ёритгичларнинг нурига кўзига тушиб қолгани боис тўпга вақтида чиқишга улгурмай қолганини айтди. Уругвайда яна бир-иккита вазият бўлган бўлиши мумкин, аммо бутун ўйин давомида уларнинг дарвозамиз олдида имкониятлари кўп бўлди деб айта олмайман. Агар биз голли имкониятларини йўққа чиқарганимизда балки ютқазмаслигимиз мумкин эди. Умуман, бундай юқори савиядаги жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Захирадан майдонга тушган футболчиларимиз ҳам ёмон таассурот қолдиришмади. Ҳаттоки, ўйин охирларида 10 киши бўлиб қолганимизда ҳам ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилдик. Тўғри, рақиб сафида юлдуз футболчилар бор. Аммо майдонда ном эмас, фақат жамоа ўйнашини футболчиларимизга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Яхши ўйнадик, ёмон эмас. Аммо камчиликларимиз ҳали кўп. Мен жамоани нолдан қуришга ҳаракат қиляпман. Бирор нимага бирданига эришиб бўлмайди. Уругвай билан ўйинда ҳужум уюштиришда қийналдик. Ҳимоядан яхши чиқиб кетяпмиз ва бундай пайтда ҳужумга максимал даражада куч қўшиш керак. Аммо бизда мана шу жиҳат бўйича узилишлар бўлди. Лекин жамоамиз кучли рақибга қарши қўрқмасдан прессинг қилишни ҳам эплади. Тўғриси, бу футболчиларимизнинг ота-оналарига раҳмат. Уларнинг ҳаммаси тарбияли йигитлар. Шу билан бирга уларни футболга ўргатган мураббийларига ҳам миннатдорчилик билдираман.

“Йигитларга миллий терма жамоа нима эканлигини тушунтириб боряпман”

- Жамоамизни яна бошқа кучайтирадиган ўйинчиларимиз ҳам бор. Лекин ўзимизнинг маҳаллий футболчилар учун бу даражадаги кучли рақибларга қарши ўйинлар жуда фойдали бўляпти. Агар легионерларимиз ҳам ушбу учрашувда иштирок этишганида балки бошқа йигитларимизнинг бундай кучли рақибга қарши қандай ўйнай олишини била олмасдик. Биласизми, агарда Уругвайга қарши бошқа жойда, худди иккала жамоа битта имконият даражасида бўлганида биз бундан ҳам яхшироқ ўйнаган бўлардик. Шунга қарамай, Уругвайнинг майдонида ўйнаган бўлсак-да, йигитларимизда қўрқув ёки ҳавотир йўқ эди. Футболчиларимиз кўришдики, Уругвай билан ҳам ўйнаса бўлади. Уларнинг ўйинчилари осмондан тушишмаган. Бу ўйин шуни кўрсатяптики, футболчиларимизда ўсиш бор. Биз ўз ўйинимиз билан уялмаймиз. Ҳар доим ўйинчиларимизга биринчи навбатда миллий терма жамоа нима эканлигини тушунтириб боряпман. Агар миллий терма жамоа яхши ўйинлар кўрсатиб, натижалар ижобий бўлиб бораверса бу бутун ўзбек футболига берилаётган баҳо бўлади. Агар терма жамоамиз ёмон ўйнаса ўзбек футболига яхши қарашмайди. Ҳеч қачон бировнинг футболимизни ерга уришига йўл қўймаслигимиз керак. Шу боис миллий терма жамоага келганда ҳар бир ўйинчи жон-жаҳди билан ўйнаши керак ва буни йигитларга уқтиряпман.

“Эронга ҳам, Уругвайга ҳам ўз хатоларини кўрсатиб бера олдик”

- У ерга асосий таркиб билан бормаганимиз уругвайликларда эътироз уйғотмади. Менимча, улар бизнинг асосий таркиб билан келмаганимизни билишмади ҳам. Ўйлашимча, Уругвай терма жамоамизни яхши билмайди. Эронликлар эса бизни жуда яхши билади. Термамизда кимнинг қандай кучга эгалигини билишарди. Шу боис Эронда бироз эътирозлар бўлганди. Лекин биз Уругвай учун муносиб рақиб бўла олдик. Керак пайтда уларнинг камчиликларини ҳам кўрсатиб бердик. Ўйиндан кейин Уругвай мураббийи бизга хатоларимизни кўрсатиб бера олган жамоа сифатида таъриф берди. Эронга қарши учрашувда ҳам биз рақибнинг катта хатоларини кўрсатиб бергандик. Натижада ўйиндан кейин Кейруш анча вақт захира ўриндиғида ўйчан ҳолатда ўтириб қолганди.

“Ўйиндан кейин рақиб бизга нисбатан ҳурмат кўрсатмади”

- Ўйиндан кейин Уругвай бош мураббийи Оскар Табарес билан кўришмадим. Қолаверса, захира ўриндиқлари бир-биридан узоқда эди. Бундан ташқари, унинг оёғи оғриётгани учун оқсоқланиб юрганди. Учрашувдан кейин ютқазганимиз учун менинг ҳам кайфиятим тушиб кетганди. Бунинг устига уругвайликларнинг учрашувдан сўнг ўзини тутишлари бизга ёқмади. Бизнинг ўйинчиларимиз улар билан футболка алмашишни таклиф қилишди, аммо улар буни хоҳлашмади. Уларнинг бундай совуқ муносабатидан жахлим чиқди. Худди бизни менсишмагандек бўлишди. Луис Суаресни “Барселона”да кўп бор муттаҳамлигини кўргандик. Лекин терма жамоада ҳам шунақа экан. Сал нарсага ҳакам билан тортишиб, бизнинг футболчиларга қизил карточка кўрсатишини талаб қилаверди. Уни захирага олишаётганида майдондан чиқиб кетаётганди. Рустам Ашурматов эса Суаресга ҳурмат юзасидан қўлини чўзса ҳам у кўришишни истамади ва норози охангда чиқиб кетди. Вақти келиб яна Уругвай билан тўқнаш келишимизни Худодан сўрайман ва ўшанда уларга ўз кучимизни кўрсатишимизни жуда хоҳлайман. Бизга нисбатан турли қилиқлар қилишиб, ҳурмат кўрсатишмади. Футболчиларимизга эса уларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларидан хафа бўлмасликларини, яна қачондир уларга қарши ўйнаганимизда ўзимизни кўрсата олишимизни айтдим. Биз шунинг учун ҳам янада кўпроқ ишлашимиз керак.

“Мундиалда Россияга мухлислик қиламан, аммо Германия фаворит”

- Ҳозирча кейинги режалар ҳақида билмайман. Ҳамманинг эътибори жаҳон чемпионатига қаратилгани боис терма жамоамизнинг галдаги ўйинлари йўқ. Албатта, имкониятим бўлганида Россияга бориб мундиал ўйинларини ўз кўзим билан кўрмоқчи эдим. Барибир бундай ўйинларни жонли кўрган бошқа-да. Жаҳон чемпионати фаворити ким? Барибир қўшнимиз – Россияга мухлислик қиламиз. Шунингдек, мен олдиндан Германияга ҳам ишқибозлик қиламан.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.