Тожикистонда ўтказаётган йиллари, футболимиз ҳақидаги мақтов ва Суперлигамизда ишлаш истагидаги сербиялик Никола Лазаревич!
Тожикистон футболида кўзга кўринган мураббийлардан бири – бу сербиялик Никола Лазаревич. Унинг ушбу юртда ҳурмати баланд. Боиси Лазаревич бир неча йиллардан бери Тожикистон футболида ишлаб келмоқда ва ўз тажрибаси билан маҳаллий чемпионатнинг савиясини кўтаришга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, у Сербия ҳамда Хитой клубларида ҳам фаолият олиб борган. Ўз вақтида Лазаревич тожикларнинг энг кучли клуби – “Истиқлол”да ҳам бир неча бор ишлаган. Эндиликда эса “Хўжанд” клуби ҳам ривожланиш мақсадида ушбу мутахассис билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Натижада Лазаревич мазкур жамоада бош мураббий сифатида ишлаб келмоқда. Қолаверса, унинг ўзбек футболига бўлган қизиқиши ҳам чакки эмас. Шунинг учун бўлса керак, ўзи бошқараётган жамоада тўрт нафар ҳамюртимиз – Маъмур Икромов, Сирож Ҳамроев, Санжар Рихсибоев ва Андрей Сидоров ҳам тўп суришмоқда.
Ушбу мураббий билан яқиндан танишиш истагида суҳбатлашиш учун таклиф юборганимда дарҳол ижобий жавоб қайтарди ва айниқса, ўзбекистонлик журналист эканлигимни билганидан сўнг бундан хурсандлигини яширмаган ҳолда саволларга бажонидил жавоб қайтаришини билдирди. Айтиш жоизки, Лазаревич билан суҳбатимиз анча самимий руҳда кечди.
“Тожикистонда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан”
- Сизнинг бошчилигингиздаги “Хўжанд” клубини ва у ердаги ҳамюртларимизни ҳам диққат билан кузатиб келяпмиз. Тожикистондаги ишларингиз қандай кетмоқда?
- Авваламбор Ўзбекистондаги барча инсонлар ва футболсевар ишқибозларга алангали салом! Ҳа, бизнинг ишларимиз жойида. Жамоада тўрт ойдан бери ишлаяпман. Яширмайман, бу осон бўлмаган вазият бўлди. Биз иккита йиғинни ташкил этдик. Иккинчи йиғинимизни эса Тошкентда ўтказдик. Олдимизга ОФК Кубогининг гуруҳ босқичига чиқиш вазифаси қўйилганди. Биз ушбу вазифани уддаладик. “Хўжанд” клуби учун ОФК Кубоги мусобақасида иштирок этишнинг ўзи катта муваффақиятдир. Ўтган шанба куни биз Тожикистон Суперкубоги учун “Истиқлол”га қарши тўп сурдик. Лекин афсуски, мағлубиятга учрадик. Аммо бугунги кунда биз учун энг асосий вазифа мавсумни юқори уч ўриндан бирида якунлаш ва шунинг эвазига ОФК Кубоги ёки Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиқишдан иборат.
- Айни пайтда бутун дунёда коронавирус туфайли футбол ҳам деярли тўхтаган. Лекин Белоруссия каби Тожикистонда ҳам чемпионат давом этяпти. Дунё футболсиз қолган пайтда футбол ўйнаш сизлар учун қандай туюлмоқда?
- Худога шукрки, айни пайтда расман бу ерда коронавирус йўқ. Одамлар кўчаларда бемалол юришибди. Кўчаларда бир-бирлари билан ўйнаб юрган болаларни кўришингиз мумкин. Ресторанлар, турли хил ошхоналар ишламоқда. Ҳа, бутун дунё тожик футболини кузатиб бораётганидан хабаримиз бор. Лекин бунга унчалик эътибор бермаяпмиз. Нега деганда, ҳукумат томонидан федерацияга ўйинларни томошабинларсиз ўтказиш тавсия қилинган. Энг асосийси, ҳар бир инсоннинг ҳаёти ҳимоя қилинмоқда. Шунинг ўзи катта бахт. Футболни эса исталган пайтда ўйнаш мумкин.
- Сиз адашмасам, мураббийликдаги фаолиятингизнинг тенг ярмини Тожикистонда ўтказиб келмоқдасиз. Сиз учун у ерда ишлашнинг гашти бошқачами?
- Ҳа, бу менинг Тожикистондаги учинчи ишимдир. Шу боис ушбу заминда ўзимни худди уйдагидек ҳис қиламан. Тўғри, Тожикистондаги шарт-шароитга 100 фоиз мослашиб олганман дейишим қийин. Лекин бу ерда ҳаммасини яхши биламан. Менинг ишим ўзимга ишониб топширилган жамоани яхши бошқариш ва шунга мос равишда натижалар қайд этишдан иборат.
“Чемпионлик пойгасида “Пахтакор”га “Локомотив” қаршилик кўрсатиши мумкин”
- Шунингдек, “Истиқлол”да ҳам ишлаганингизни биламиз. Маълумки, бу жамоа Тожикистоннинг энг кучли клуби ва чемпионликни ҳамда бошқа совринларни ўзиники қилиб келмоқда. “Истиқлол”да ишлаган мураббий сифатида собиқ жамоангизни тахтдан қулатиш имкони борми?
- Хато қилмадингиз, илгари мен “Истиқлол”да ҳам ишлаганман. Янглишмасам, Тожикистондаги энг кучли жамоа саналадиган “Истиқлол”да уч марта ишладим. Мазкур клубда барча ишлар жуда яхши йўлга қўйилган ва энг асосийси, жамоанинг молиявий аҳволи ҳаддан ташқари яхши. Шунга ҳамоханг равишда “Истиқлол” ОФК Кубоги ва Осиё Чемпионлар лигасида айтишга арзигулик натижаларни қайд этиб келмоқда. Жамоада ишлаш учун барча шарт-шароитлар чемпионатдаги қолган иштирокчиларга таққосланса жуда аъло даражада йўлга қўйилган. “Хўжанд” “Истиқлол” билан солиштирилса ўртамиёна клубдир. Агар мана шундай жамоа билан чемпионатда яхши натижалар кўрсата олсак, бундан жуда хурсанд бўлардим. Бироқ воқеликка теран нигоҳ билан боқиш керак. Бу йил чемпионлик пойгасида иштирок этишимиз анча қийин бўлади.
- Ҳозирда жамоангизда тўрт нафар ҳамюртимиз тўп сурмоқда. Уларни қандай хусусиятларга кўра таклиф қилдингиз ва ҳар бирига қанақа таъриф бера оласиз?
- Тўғри, биз Ўзбекистондан тўрт нафар легионерни таклиф қилганмиз. Сирож Ҳамроев эса ҳаммадан биринчи бўлиб келган. Аниқроқ айтганда, январь ойининг аввалида. Қолганлар эса февралда жамоага келишди. Уларнинг ОФК плей-офф доирасидаги ўйинга бор-йўғи етти кун қолганида етиб келишгани чакки бўлди. Лекин ўзбек легионерлари “Хўжанд”да жуда яхши таассурот қолдиришмоқда. Муҳими, уларда етарли даражада тажриба бор. Бу “Хўжанд”га ҳар томонлама асқотади.
- Ўзбекистон футболи ва унинг чемпионатини қанчалик кузатиб борасиз?
- Ҳа, мен ўзбек футболини ҳам кузатиб бораман. Ўзбек футболининг савияси анча юқорилигидан хабарим бор. Сизларда молиявий аҳволи яхши клублар талайгина. Чемпионат иштирокчиларининг стадионлари ва майдонлари яхши ҳолатда. Яна шуни биламанки, сизларда маҳаллийдан ташқари легионер мақомидаги ўйинчилар ҳам етарлича топилади. Имкон туғилган заҳоти чемпионатингизни кузатиб бораман. Ўйлайманки, худди ўтган мавсумдаги каби бу йил ҳам “Пахтакор” фақат юқори натижа учун даъвогарлик қила олади. Чемпионлик пойгасида “Пахтакор”га “Локомотив” рақобат ҳосил қилиши мумкин. Бундан ташқари, Суперлигангизда кутилмаган сюрпризларни тақдим этадиган жамоалар ҳам йўқ эмас. Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи биринчи тур доирасида “Пахтакор”нинг ўйинини стадионда кузатдим. Ўша учрашув менда яхши таассурот қолдирди. Бироқ, ўйлайманки, ўша куни ёмғир ёғмаганида ўйин янада қизғин кечган бўларди.
“Ўзбек футболида омадимни синаб кўришга тайёрман”
- Адашмасам, сиз ҳам ўз вақтида Сербиянинг қайсидир ёшдаги терма жамоасида ишлагандингиз. Ўзбекистон олимпия термасида эса ҳамюртингиз Любинко Друлович фаолият олиб борди. Аммо у жамоамизни Олимпиадага олиб чиқа олмади. Бу борада нима деган бўлардингиз?
- Сербия футбол федерацияси ёки турли ёшлардаги терма жамоаларда ишламаганман. Тожикистонда икки бор – 2013 ва 2015 йилларда мени маҳаллий терма жамоада ишлашга таклиф қилишган. Друловични эса яхши мураббий деб ҳисоблайман. Буни унинг натижалари ҳам тасдиқлайди. Ўз вақтида Друлович Сербия ёшлари билан Европа чемпиони бўлган. Лекин унинг Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги ишларини кузата олганим йўқ. Тўғриси, бунинг учун менда бўш вақт бўлмади. Фақат Осиё чемпионатида термангизнинг ярим финалдаги ўйинини томоша қилдим холос. Афсуски, сўнгги паллада ҳаммаси барбод бўлди. Футболда барчаси ўзингиз истагандек якунланавермайди. Асосийси, футболчиларингизда потенциал бор. Шунинг эвазига бундан кейин уларнинг ишлари юришиб кетишига шубҳа қилмайман.
- Чемпионатимизда ҳам сербияликлар бор. Уларнинг қайсилари билан яқин муносабатдасиз?
- Ҳа, чемпионатингизда сербиялик қатор футболчилар тўп суришаётганидан хабарим бор. Уларнинг орасида Драган Черан ҳамда Владимир Бубаня билан шахсан танишман. Иккаласи жуда яхши инсон ва ўйинчидир. Биз тез-тез гаплашиб турамиз. Уларнинг ўзбек футболида ўзларини йўқотиб қўймай тўп сураётганидан хурсандман. Қолаверса, Черан эндиликда ўзбек футболидаги энг машҳур ижрочилардан бирига кўтарилган.
- Қачондир сизга ҳам Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлганми? Умуман, ўзингизни чемпионатимизда синаб кўришга қизиқишингиз борми?
- Саволингиз учун раҳмат. Ўзбек футболининг савияси анча юқори. Мен футболингизни Осиёдаги энг яхшиларидан бири деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, ўзбек клубларидан бири тез орада Осиё Чемпионлар лигасини ютиши мумкин. Агар менга ўзимни чемпионатингизда синаб кўриш ҳақидаги таклиф билан чиқсалар, бундан қувонган бўлардим. Шу заҳоти бундай таклифга розилик бериб, ўзбек футболида омадимни синашга тайёрман.
Фикрлар