"Тожикистонликлар фантастик даражада ўзлаштиришяпти, ўзбек футболидаги ривожланиш жуда тез" ёхуд хорватиялик "Эйнштейн" SPORTS.UZ офисига ташриф буюрадими? Эксклюзив суҳбат!
Ён қўшнимиз - Тожикистонда футбол сезиларли равишда ўсяпти. Буни клублар ва терма жамоалар миқёсида кўришингиз мумкин. Айниқса, кузатишимиз асносида мамлакат миллий терма жамоасидаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланаётгани ҳақиқат.
Бош мураббийлик постига хорижлик мураббий таклиф қилинди. Бу Петр Сегрт. Унинг бошчилигидаги Тожикистон терма жамоасини баҳорда Намангандаги “Наврўз” Кубоги мусобақасида мухлисларимиз ҳам кўришди.
Куни кеча Сегрт ва унинг жамоаси Таиландда ташкиллаштирилган “Қирол Кубоги-2022” мусобақаси ғолибига айланди. “Эйнштейн” лақабини олган Петр қисқа фурсат ичида тожик мухлисларининг меҳрини қозона олди.
Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев тожик футболида бурилиш ясаётган ушбу мутахассис билан боғланди. Натижада Сегрт сайтимиз учун интервью беришга розилик билдирди. Табиийки, бизнинг футболимизга оид фикрлари билан ҳам қизиқдик.
- Биз билан суҳбатлашишга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Албатта, сизни ва Тожикистон терма жамоасини кузатиб борамиз. Айтинг-чи, у ерда бахтлимисиз?
- Аввало, Шуҳратбек сизларга катта раҳмат айтмоқчиман. Чунки Ўзбекистонда, Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Наврўз” Кубогида бизни муваффақиятли йўлимиз бошланди. У ерда мен жуда кўп ажойиб инсонларни учратишга муваффақ бўлдим. Албатта, биз ҳозирги вазиятда жуда яхши кайфиятдамиз. Тожикистон терма жамоасида қувноқ кайфият ҳукмрон. Ҳамма хурсанд. Таиланддаги “Қирол Кубоги”да Тринидад ва Тобагони мағлуб этдик ва Малайзияни таслим қилиб, совринни қўлга киритдик. Бизда 6-7 та ишониб бўлмас даражадаги катта йўқотишлар бор эди. Асосий ўйинчиларимизни йўқотгандик. Мисол учун Парвиз Умарбоев оилавий сабаблар туфайли мусобақада қатнаша олмади. Манучехр Жалиловда жароҳат бор эди. Тожикистон чемпионатининг энг кучли футболчиларидан бири Алижон ҳам ёрдам бера олмади. Хуршидда ҳам жароҳат бор эди. Алишер Жалилов эса шахсий муаммолари сабабли келмади. Каримов ва Камолов ҳам қатнаша олмади. Эхсони Паншанбе эса уйлангани туфайли ўйин куни машғулотларга қўшилди. Шу жиҳатдан ушбу муваффақиятимизни сенсацион тарзда рўй берди, дейишимиз мумкин.
- Ҳа, жамоангиз билан Таиландда ўтган “Қирол Кубоги-2022” мусобақасида ғолиб чиқдингиз ва бунинг учун сизни ҳамда терма жамоангизни табриклайман...
- Мен тожикистонлик футболчилар ва бутун Тожикистон халқи каби жуда хурсандман. Улар билан фахрланаман. Умид қиламанки, Тожикистон футбол энди янада ривожланади. Шу ўринда мен Тожикистон ва Ўзбекистон халқига раҳмат айтаман.
- Ўйиндан олдин, ўйин давомида ва ўйиндан кейинги мотивациянгиз ва бу орқали футболчиларни руҳлантира олаётганингиз кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Олдин ҳам шундай қилармидингиз ёки тожикистонликларга кўпроқ мотивация керак, деб ҳисоблаяпсизми?
- Мен баъзи пайтларда бу ишни қилиб турардим. Айниқса, Мальдивдаги фаолиятим давомида. Биз малдивлик ёшлар билан бирга 2018 йили сенсацион тарзда “Сузуки” Кубогини ютгандик. Биласизми, Осиёда футболчиларга айниқса майдонда мураббийлар тарафидан ёрдам керак. Тожикистонда ҳам жамоа билан бирга ҳозир ўрганиш жараёнидамиз. Аммо шуни айтишим керакки, тожикистонлик футболчилар ажойиб ва фантастик даражада яхши ўзлаштиришяпти. Нима кераклигини тез тушунишяпти.
- Тожикистон таклифини қабул қилишингизда асосий сабаб нима эди?
- Мен бундан олдин ҳам Тожикистон футболчиларида потенциал юқори эканлигини билардим.
- Сизни Эйнштейнга қиёслашади. Футболнинг “Эйнштейн”и бўлиш сиз учун қийин эмасми?
- Эйнштейн – бу даҳо бўлган. Мен шунчаки оддий мураббийман. Фақат Тожикистон халқини футбол билан, ғалабалар билан хурсанд қилишни хоҳлайман.
- Дарвоқе, сиздан аввал Тожикистон терма жамоасини ўзбекистонлик Усмон Тошев бошқарган. Уни танийсизми? Сизгача терма жамоа қандай аҳволда эди?
- Олдин уни билмасдим. Лекин Усмон Тошевни жуда яхши инсон ва яхши мураббий деб айта оламан.
- Шунингдек, Афғонистонда ҳам ишлагансиз. У ерда фаолият олиб боришингизга нима туртки бўлган?
- Мен жуда ёш бола эдим. Рости, ночор ҳолатда яшардик. Ота-онам мени икки йилга Собиқ Югославияда қолдиришга мажбур бўлган. Чунки улар ҳаётимиз даражасини яхшилаш мақсадида Германияга кўчиб кетишлари керак эди. Мен эса уч йил давомида катта акам – Ивица билан бирга қолганман. У фақатгина менинг ягона таянчим ва ягона ёрдам сўрашим мумкин бўлган инсоним эди. 4 йилдан сўнг ота-онам бизни Германияга олиб кетишди. Аммо биз ҳали ҳануз ночор аҳволда яшардик. Вазият биз учун жуда оғир эди. Германиялик одамлар томонидан қабул қилинишимиз ҳам осон бўлмаган. Бироқ мен тез орада немис тилини ўрганиб олдим. Бундан ташқари, бошқа давлат болалари билан футбол ўйнашни ҳам бошладим. Туркия, Греция, Италия, Португалия, Эрон ва Испания футбол болалари билан биргаликда ўйнардим. Кўчаларда мана шундай ўйинларимиз давомида турли халқлар, турли маданиятлар ҳақида кўп нарсаларни ўрганиб олдим. Кейинроқ эса Германия билан янада яхшироқ алоқаларга эга бўла бошладим. Чунки мен яхши футбол ўйнаётгандим. Шунинг учун улар мени илиқ қабул қилишди, деб ўйлайман. Ўша даврларни унута олмайман. Бу мен учун ажойиб даврлар бўлган. Кейин Афғонистонга мени мураббийликка чорлашган. Бу мен учун янги чақирув бўлганди. Шундан бери мен Афғонистон жамоасини ҳали ҳанузгача яхши кўраман. Чунки Афғонистонда қандайдир бошқача нарса бор. Уларга нисбатан менда катта ҳурмат ҳисси шаклланган. Ҳамон афғонистонликлар билан алоқада бўлиб тураман. Афғонистон миллий жамоаси, футболчилари ва у ердаги баъзи-бир таниш инсонлар билан гаплашиб тураман. У ерда бир йил давомида мураббийлик қилганимдан фахрланаман.
- Осиёдаги кучли терма жамоа қайси?
- Айни пайтда Эрон, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, бундан ташқари Ўзбекистонга ўхшаган жамоаларни айтишим мумкин. Айниқса, сизларнинг мураббийингиз Сречко Катанец ажойиб мутахассис. Ундан ташқари, Ливан, БАА, Вьетнам, Таиланд, Малайзия термалари ҳам яхши даражага кўтарилиб олмоқда. Тўғри, Австралия ҳам ушбу рўйхатда бор. Лекин улар Осиё Конфедерациясига бироз кечроқ қўшилган.
- Ўзбек футболи ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Олдин айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон футболидаги ривожланиш жуда ҳам тез. Буни алоҳида таъкидлашимиз даркор. Сизларда хорижлик яхши мутахассислар иш олиб боришмоқда. Бир-биридан ажойиб футболчиларингиз бор. Энг муҳим нарса – бу Ўзбекистонда футболни жуда севадиган мухлислар бор. Мана шу сизларнинг жаҳон чемпионатига яхши натижалар сари имкониятингиз деб ўйлайман. ЎФА ҳам яхши ташкиллаштирилган. Қадам-бақадам Осиёда етакчиликни эгаллаш поғоналарини забт этиб боряпти. Албатта, клубларингиз кучини ҳам эътироф этиш жоиз.
- Қолаверса, Ўзбекистон Суперлигасини ҳам кузатиб турсангиз керак-а? Чунки бу ерда тожикистонлик футболчилар бор.
- Албатта, Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб бораман. Аммо мени катта эътиборим ҳозирда Тожикистон чемпионати ва терма жамоасига қаратилган.
- Нима учун “Бунёдкор”даги Даврон Эргашевни бу йиғинга чақирмадингиз?
- Даврон Эргашев тожикистонлик ажойиб футболчи. У доим менинг рўйхатимда. Эргашевни яхши кўраман. Негаки, 34 ёшда бўлишига қарамасдан ҳали ҳамон профессионаллигини йўқотмаган, ажойиб спорт формасида. Яхши инсон. Аммо ҳозир ёшроқ футболчиларни синаб кўришга қарор қиляпмиз.
- Эхсони Паншанбенинг “Навбаҳор”ни тарк этиб, Эрон чемпионатига кетганини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, у тўғри қилдими?
- Рости, буни медиа орқали айтишни жуда ҳам ёқтирмайман. Лекин Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида айтиб ўтишим мумкинки, Эхсони тожик футболидаги энг кучли ўйинчилардан бири. Мен унга 100 фоиз ишонаман. Бундан ташқари, у шахсий жиҳатдан ҳам ажойиб инсон ва Паншанбе билан фахрланаман. Тринидад ва Тобагога қарши ўйиндан 6-7 соат олдин етиб келди. Ҳолбуки, у Тожикистонда уйланганди. Оиласи билан бирга ташриф буюрганди. Ўзи футбол ўйнашни хоҳлади ва иккинчи бўлимда 45 дақиқалик учун майдонга туширдик. Балки унинг иштирокисиз ғалаба қозонмаган бўлардик. Нафақат голи, балки жамоадаги ўрни, шахсияти, лидерлик хусусиятлари сабабли ҳам биз учун муҳим. Жамоамиз жуда ёш. Бундан ташқари, 6 нафар ўйинчимиз жароҳат сабабли сафдан чиққанлигини унутмаслигимиз керак.
- Тожикистон термасидаги асосий вазифангиз нимадан иборат?
- Ҳозир охирги 8 ой давомида ёрдамчим – Гелай Шекиладзе, Тазо Бакерия, Владимир Крунич, тожикистонлик мураббийлар – Алифбек, Алишер мен билан бирга ишлаяпти. Биз Тожикистон футболида кўп нарсаларни ўзгартира олдик, деб ўйлайман. Миллий терма жамоа Осиё Кубоги саралашидан муваффақиятли ўтиб финал босқичига йўлланма олди. Бу ёш давлат ва қисқа тарихга эга бўлган жамоа учун катта ютуқ деб ҳисоблайман. Биз яна биргаликда ишлашда давом этамиз. Осиё Кубогида Тожикистон учун яхши натижалар қайд этишга қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Бизни қанчалик узоққа бора олишимиз ҳам муҳим. Чунки Тожикистон футбол федерацияси тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти. Ҳозирги замонавий футболда фақатгина футболчилар, мураббийлар ёки жамоа ходимларидан иборат эмас. Бу ўринда 50 фоиз иш федерация, менежерларга тўғри келишини айтиб ўтишимиз мумкин. Шу жиҳатдан Тожикистон футбол федерацияси барча ишларни амалга оширяпти. Тожикистон термасининг яхши натижаларга эришиши учун қўлдан келганича ҳаракат қилишмоқда. Чунки биз фақатгина биргаликда муваффақиятларга эришишимиз мумкин. Футболда биргина мураббий ёки футболчининг ишига боғланиб қолинмайди. Бу ерда барчаси жамоавий футбол ҳақида гап боради.
- Ўзбекистонда ишлаш имконияти ҳам бўлганми, сизда?
- Йўқ. Лекин футболда сен нима бўлишини олдиндан била олмайсан.
- Дарвоқе, сизда иккита фуқаролик бор-а? Хорватия ва Германия...
- Мен Хорватияда туғилганман ва юрагим доимо Хорватияда. УЕФА про лицензиясини Германияда олганман. Шундай экан, менинг миямда германиялик режими ёниқ, юрагим эса Хорватияга тегишли!
- Жаноб, агар сизни видео интервью учун Sports.uz офисига таклиф қилсак келасизми?
- Мен тарафдан бу жуда ҳам нормал ҳолат. Лекин Тожикистон футбол федерацияси бунинг учун менга рухсат бериши керак. Чунки айни пайтда Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийиман.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар