Тошкентда ФИФА ва ОФКнинг тиббиёт мавзусидаги семинари бўлиб ўтади
Ads

ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА ва ОФК раҳбарияти билан учрашув чоғида юртимиздаги футбол клублари шифокорларининг малакасини ошириш мақсадида, Тошкентда тиббиёт мавзусида турли семинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришган эди. Ана шу келишувга кўра жорий йилнинг 9-12 октябрь кунлари пойтахтимизда ФИФА ва ОФКнинг тиббиёт мавзусидаги семинари бўлиб ўтади.

Семинарни ўтказишдан асосий мақсад юртимиздаги футбол клубларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг малакасини ошириш, уларнинг профессионал даражаларини юксалтиришдан иборат. Маълумки, Суперлига формати ўзгарганидан кейин футбол клублари тиғиз тақвим остида тўп сурмоқда. Футболчилар қисқа вақт ичида кўп ўйин ўтказишга мажбур бўлишяпти. Бу ҳолатга футболчилар организмини тайёрлаш, катта юкламалардан кейин уларнинг тикланиш жараёнини тезлаштириш учун зарур бўладиган чоралар ҳақида ФИФА ҳамда ОФКдан ташриф буюрган мутахассислар томонидан қатнашчиларга маълумотлар берилади.

Бундан ташқари, семинарда футболда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда антидопинг мавзусида назарий билимлар берилиб, амалий машғулотлар ҳам ўтказилади.

Мазкур тадбирда Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA)га аъзо давлатлар яъни, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Эрон ҳамда Ўзбекистоннинг футбол клубларидан вакиллар иштирок этадилар. Семинар “Миллий” стадионнинг анжуманлар залида ташкиллаштирилади.