Трансферлар ойнаси. А сериядан кимлар кетади: Кулибали, Пьянич, Мартинес (1-қисм)

Марио Балотелли


“Супер Марио”нинг кейинги манзили қаер бўлади?
Ўтган ёзда “Брешия” мамнуният ила машҳур ҳужумчи Марио Балотелли билан шартнома имзолаганини маълум қилди. 2 ёшидан шу шаҳарда вояга етган Балотеллининг ўзи учун бу ерга қайтиши ширин тушдек эди. Якунда барчаси улар кутганидек бўлмади.
Бир ҳафтадан сўнг А серия рестарт олади. Балотеллининг шартномаси эса аллақачон бекор қилинган. Клуб қуйи серияга равона бўлиш арафасида. Августда 30 ёшни қарши оладиган Балотеллини “Галатасарой”да кўришимиз мумкинлиги айтилмоқда. Аммо бу шунчаки тахмин. Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган клуб учун Марионинг потенциали етарли эмасдек кўриниши мумкин. Туркияликларда Фалькао учун ўринбосарлар ҳам етарли. Улар бугунги Балотеллидан кўпроқ нарса бера олади.

mario-balotelli-brescia_cibvsoi7r2ik17gfpzddwd4sn

Андреа Белотти


Уч мавсум аввал 26 та гол урган ҳолда Европа минтақасидаги энг яхши ҳужумчилардан бирига айланган Белотти бу мавсум яна топ-клублар эътиборига қайтди. Сўнгги бир нечта мавсум мобайнида Италия терма жамоаси аъзосида ортиқча вазн билан курашди. Пандемиягача Белотти ўзининг олдинги даражасига қайтиб қолаётгандек эди.
Туринликлар президенти Урбано Кайро уни ҳеч қачон 100 млн евродан камига сотмаслигини айтиб ўтган. Аммо энди вазият ўзгарди. 26 ёшли футболчига харидор бўлган клублар ушбу сумманинг ярмини ажратишлари кифоя.
Ўз навбатида, футболчига харидорлар ҳам етарли. “Эвертон” асосий даъвогар. “Наполи”, “Фиорентина”, “Милан” ва “Атлетико” уларга рақобатчи ролида.

parma-torino-belotti_1wih4da2pduhu1sex2jmpjyv2v

Исмаэль Беннасер


Яқинлашиб келаётган ёзда Ральф Рагник катта эҳтимол билан “Милан” бошқарувини ўз қўлига олади. Инсайдерлар тарқатаётган хабарларга кўра, германиялик мутахассис айнан Беннасернинг атрофига ўз жамоасини қурмоқчи. Аслини олганда, бу у қадар ажабланарли янгилик эмас. Зеро, жазоирлик футболчи ўтган ёзда 16 млн евро эвазига “россонерилар” сафига ўтганди ва шу қисқа вақт ичида у жамоа ярим ҳимоясида етакчиликни ўз қўлига олиб улгурди.
Аммо Миланга келганига 1 йил ҳам бўлмаган Беннасер дарҳол грандлар эътиборига тушди. Бугунда уни ПСЖ ва “Манчестер Сити” каби клублар ўз таркибларида кўришни хоҳлайди. Ваҳоланки, ярим ҳимоячи 2015-2017 йиллар мобайнида “Арсенал”да фаолият олиб бориб, лондонликлар катта жамоасининг бирорта учрашувида майдонга тушмаган. Очиғи, “Милан”нинг ўзига ҳам жазоирлик хавбек керак. Бироқ улар бир неча йилдирки қутула билмаган молиявий қийинчиликлар футболчининг келгуси мавсум бошқа рангдаги футболкада майдонда кўриниш беришига сабаб бўлиши мумкин.

ismael-bennacer-milan_1470gisht38r118smg4v3x8q65

Федерико Бернардески


Ўтган ойда Бернардески «Roc nation sports» агентлиги билан шартнома имзолади. Бу билан футболчи истиқболдаги режалари ҳақида ҳам маълум қилгандек бўлди. Аниқроғи, Федерико айни пайтда қийин танлов олдида турибди. У “Ювентус”да қолиб, ўз имкониятини кутиши ёки бошқа жамоадан ўз омадини излаши лозим. Иккинчиси ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди, зеро италиялик футболчининг агенти “Барселона” вакиллари билан учрашгани ҳақида маълумотлар бор. Каталонияликларнинг ҳужумдаги муаммолари Бернардескига ўзини кўрсатиш учун имкон яратиши мумкин.

federico-bernardeschi-juventus-2019-20_1ewxrr6pcjpef1oypz2tj9sjly

Жереми Бога


А Серия кашфиётларидан Жереми Бога ушбу трансферлар ойнасида энг харидоргир футболчилардан. 2018 йилда “Челси” Богани атиги 4 млн еврога сотган эди. Аммо “аристократлар” ўша пайтда тузилган шартномага қайта сотиб олиш бандини киритиб қўйган экан. Бу лондонликлар футболчини 13,5 млн еврога қайта сотиб олиши мумкинлигини англатади. Аммо ҳозирда “Челси” номи кўпроқ Вернер билан боғланяпти. Устига устак, Темми Абраҳам ҳам “янги Дрогба” номига мос ўйин кўрсатмоқда.
Бу жиҳатдан “Сассуоло” енгил тин олиши мумкин, бироқ ивуарлик футболчи Аппенин ярим оролининг барча гранд клублари нишонида: “Ювентус”, “Интер”, “Наполи”, “Лацио”, “Рома”...

jeremie-boga-sassuolo_1n1jeb116bbdr1dc2uslnbrj2u

Гаэтано Кастровилли


Гаэтано учун ҳам бу мавсум ажойиб ўтди.
“Кремонезе”да ижарада икки йил ўйнаб келганидан кейин Флоренцияга қайтган Гаэтано октябрда жамоа билан шартномани узайтирди. Бундан ташқари, жорий мавсум у биринчи бор терма жамоадан чақирув олди. Италиялик ярим ҳимоячига “Тоттенхэм” ва “Боруссия” Дортмунддан таклифлар бор.
Аммо “Фиорентина”нинг ўзи ҳам футболчини энг камида яна бир йил ушлаб қолишни хоҳлайди. Якуний қарор 23 ёшли футболчининг ўзида қолмоқда.

gaetano-castrovilli-fiorentina_8zvojcyavxva14njyvxjj5q4b

Федерико Кьеза


А Сериядаги трансфер ойнаси мавзуси Федерико Кьезанинг номини тилга олмай ўтмай қолди. Бир неча йиллардан буён тасканияликлар Кьеза ҳақидаги ҳар қандай таклифни рад этиб келяпти. Аммо пандемия кризиси энди уларни ҳам ўйлаб кўришга мажбур қилади. Клуб президенти Рокко Комиссо футболчининг нархини 70 млн евро этиб белгилади. Бу ҳолатда Кьеза учун даъвогарлик қилаётган “Челси” ва “Ювентус” катта эҳтимол билан ўйиндан чиқади. 22 ёшли футболчи учун энг катта даъвогар “Интер” ҳисобланади. “Неррадзурилар” Кьезани ушбу ёзда жамоадан кетиши кутилаётган Лаутаро Мартинеснинг ўринбосари сифатида олиб келиши мумкин.

federico-chiesa-napoli-fiorentina_c2kbrlehn9nr17dd7w2rdhl6c

Дуглас Коста


Бразилиялик футболчининг ўзи ҳам оғир жароҳатдан сўнг фаолиятида пасайиш бўлганини тан олди. У ҳатто фаолиятини якунлаш ҳақида ҳам ўйлаган эди. Хайриятки, у айни дамда жароҳатидан фориғ бўлиб улгурди. Рестартда Сарри уни Роналду ва Дибалага ёрдамчи сифатида майдонга тушириши мумкин. Агар 29 ёшли вингер ҳали жамоага кўп нарса бера олишини исботласа, “кекса синьора” сафида қолади. Аммо унга Манчестернинг ҳар иккала клуби қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Коста Жоржиньо трансферининг бир қисмига айланиши мумкин.

douglas-costa-juventus-2019-20_1v9uhvz5n1kej1bn9cdxjptiws

Тэо Эрнандес


“Милан”нинг ушбу мавсумдаги ёмон ўйини фонида Тэо Эрнандеснинг меҳнати ҳам кўринмай қолиши мумкин эди. Жамоа мухлислари у ва Анте Ребичдан ҳар ўйинда мўъжиза кутаётганди. Албатта, франциялик ҳимоячининг ўйинини ҳам мукаммал, деб бўлмайди. Бироқ 2019 йилда “Реал”дан олиб келинган Тэо яна топ клублар нишонида бўлиб турибди.
“Ювентус” ва ПСЖ 22 ёшли йигит хизматларига қизиқиш билдирмоқда. Миланликлар унинг нархини 50 млн евро этиб белгилади.

theo-hernandez-milan-sampdoria_gylen4wssx3o1a8pxm25ohhss

Калиду Кулибали


“Наполи” президенти Аурелио де Лаурентис ниҳоят Кулибалини сотишга рози бўлган кўринади. Карантингача футболчининг нархи 120 млн еврога баҳоланаётган эди. Энди эса Лаурентис сенегаллик марказий ҳимоячини 100 млнга ҳам сотиши мумкин.
Аммо юқоридаги нарх ҳам кризис даврида “Манчестер Юнайтед”, “Ливерпуль” ва ПСЖ каби 28 ёшли футболчининг харидорларига оғирлик қилиши айтилмоқда.

koulibaly-cropped_1pqfc5t2xa1q11p9l71xy8zgxg

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар