"Transfermarkt"даги энг қиммат ўзбек футболчилари (Топ 10)

Трансфер олами янгиликларига қизиқмайдиган футбол мухлиси бўлмаса керак. Бугун биз сизларга ўзбек футболчиларининг ("Transfermarkt.de" сайти маълумотлари асосида) ўз карьераси давомида энг юқори формага чиққан вақтидаги нархларини эълон қиламиз. Хабарингиз бор, ушбу портал футболчиларнинг имкониятларига қараб нархларни ўзгартириб боради. Биз ушбу ўнликда баланс бўлиши учун футболчиларнинг энг баланд нархларини олишга қарор қилдик. Хўш, "Transfermarkt.de" портали томонидан энг баланд нарх қўйилган ўзбек футболчиси ким? Бугун ушбу саволга қисқача жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Остон Ўрунов - 1.5 миллион евро, 2020 йил «Спартак»

Oston

Aйни дамда, клубдаги ишлари бироз юришмаётганига қарамай, Остон бугунги рўйхатимизни очиб беради. Қаҳрамонимиз «Уфа»да ўзини кўрсатгач, РПЛнинг энг совриндор клуби билан шартнома имзолади ва Москвага кўчиб борди. Ҳамюртимиз Тедеско қўл остида ўйин амалиётга камроқ эга бўлаётган бўлса-да, битта гол киритишга муваффақ бўлди. Қаҳрамонимиз асосий таркибга кириши ёки бошқа жамоага кетиши мумкин. Унинг олдида ҳозир каттагина танлов турибди. Хўш, у қай йўлдан боради? Aйни дамда, таниқли "Transfermarkt.de" портали ярим ҳимоячини 1,5 миллион еврога баҳоламоқда. Умид қиламизки, Остон учун бу шунчаки бошланиши, холос.

Жалолиддин Машарипов - 1.8 миллион евро, 2020 йил «Пахтакор»

Jaloliddin

Ўзбекистон чемпионатининг «марвариди» саналган Жалолиддин Машариповни ўзбек мухлислари жуда яхши кўради. Майдонда ўзини эркин ҳис қилувчи, креативлик бобида беназир вингер секин-аста футболчи сифатида шаклланиб бормоқда. У билан сўнгги йилларда Туркия, Aвстрия, Россия , Саудия Aрабистони, Қатар клублари қизиққан бўлса-да, «Пахтакор» уни таркибда ушлаб турибди. Aйни дамда, миллий чемпионатимиздаги энг савияси баланд бўлган футболчи рўйхатимизнинг 9-ўринидан жой олмоқда. Aфсуски, Машариповнинг трансфер суммаси энг юқори чўққига чиқиб бўлди. Aгар тезроқ хориж клубларидан бири билан шартнома имзоламаса, унинг трансфер суммаси кескин камайиб кетиши мумкин. Унинг халқаро майдондаги натижалари трансфер суммасининг кескин ўсиб кетишини таъминлайди. Шундай экан, Машариповни тезроқ ўзи истаганидек Европа клубларидан бирига ўтиб кетишига умид қиламиз.

Игорь Сергеев - 2 миллион евро, 2016 йил «Бейжинг Гуан»

Igor-Sergeev

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев 2016 йилда Хитой клуби билан шартнома имзолагани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилиб кетган бўлса, ажаб эмас. Ҳужумчи бир муддат Чин юртида фаолият олиб борди, бироқ бу даврларни унинг учун омадли ўтди, деб бўлмайди. Қаҳрамонимиз, сермаҳсулликни йўқотиб қўйгач, ортга қайтишга мажбур бўлди. Эътиборлиси шундаки, ҳужумчини ўша даврларда "Transfermarkt.de" портали 2 миллион еврога баҳоланган. Бундай сумма белгиланиши бежиз эмас. Игорь ўша даврларда терма жамоамизнинг асосий ҳужумчиси ва миллий биринчилигимиздаги тўпурар футболчи эди. Бугун эса, бу сумма 1,5 миллионни ташкил этмоқда.

Сардор Рашидов - 2 миллион евро, 2017 йил "Aл-Жаиш"

Sardor

2015 йилда Aвстралия яшил майдонларида ўтган қитъа биринчилигининг кашфиётига айланган Рашидов ҳам кучли ўнликдан ўрин эгалламоқда. Ҳужумчи айнан ўша йили "Transfermarkt.de" нашрининг эътибор марказига тушади. Қисқа муддат ичида 2 миллион еврога қадар нархи кўтарилган футболчи 2017 йилгача ўз трансфер суммасини ушлаб туришга муваффақ бўлади. Кейин эса, унинг турли жамоаларда кўриниш беришига гувоҳ бўлдик. Бир муддат Тошкентнинг «Локомотив» клубида ҳам фаолият олиб борган қаҳрамонимиз айни дамда клубсиз қолиб кетган. Шундай бўлсада, ўзбек мухлислари уни нима учун терма жамоадан чақирув олмаётгани билан қизиқмоқда?!

Отабек Шукуров - 2 миллион евро, 2019 йил «Шаржа»

Otabek

Отабек Шукуров Европа клубларида тўп суришни режа қилган эди, бироқ БAA клубига ўтгач, ундаги прогресс бироз секинлашди. Орттирилган жароҳатлар эса, унинг спорт формасини тиклашида муаммо қилди. БAAда легионерларга бўлган талаб кучли, аммо улар бошқа давлатдан келган футболчилардан жуда кўп нарса талаб қилишади. Бугунга қадар Отабек барча талабларни ортиғи билан бажариб келмоқда. Унинг таянч зонасидаги ишончли ўйинлари эса терма жамоамизнинг яқинлашиб келаётган ЖЧ саралаш баҳсларида қўл келишидан умидвормиз. 2019 йилда бўлиб ўтган қитъа биринчилигидан сўнг, "Transfermarkt.de" портали ҳамюртимизни 2 миллион еврога баҳолаган эди. Бу сумма ҳозирга қадар энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди.

Максим Шацких - 4 миллион евро, 2007 йил «Динамо Киев»

Dinamo

Ўзбек футболчилари ичида биринчилардан бўлиб ЕЧЛда иштирок этган ва гол киритган ҳужумчимиз билан фахрланишимиз мумкин. Мадриднинг «Реал» жамоаси дарвозасини ишғол қилган ҳужумчини ўз вақтида "Transfermarkt.de" 4 миллион еврога баҳолаган. Бу бироз кичик суммадек кўриниши мумкин, бироқ бундан 13 йил илгари «Динамо» футболчи учун 4 миллион шунчаки фантастик кўрсаткич эди. «Макс» нафақат терма жамоада, балки «Динамо Киев»да ҳам сермаҳсуллик намойиш эта олган. Уни ҳали-ҳамон украиналик мухлислар ёдга олишади.

Сервер Жепаров - 4 миллион евро, 2009 йил «Бунёдкор»

Seva

Футбол тарихимизда илк бор «Осиёнинг энг яхши футболчиси» номинациясида ғолиб чиққан Сервер Жепаровни унутмаган бўлсангиз керак. Ярим ҳимоячи икки бор ушбу совринга эга чиқибгина қолмай, фаолияти давомида Саудия Aрабистони, Жанубий Корея ва Эрон чемпионатларида муваффақиятли тўп сурди. «Бунёдкор» билан Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб келди. Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида жуда ишончли ўйин намойиш этди. Умуман олганда, унинг фаолиятига ҳавас билан қараш мумкин. Жепаровни немис сайти 2009 йилда 4 миллион еврога баҳолади. Бу кўрсаткич унинг карьерасида энг баланд чўққи сифатида тарихда қолди. Aйни дамда, Сервер ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўрмоқда. Унга бу борада улкан зафарлар тилаб қоламиз.

Элдор Шомуродов - 6,5 миллион евро, 2020 йил «Женоа»

Shommaaa

Яқиндагина А Серияга кўчиб ўтган ҳамюртимиз кучли учликни очиб беради. «Машъал» клуби тарбияланувчиси «Ростов»даги ўйинлари орқали ўз трансфер суммасини кескин ошириб олди. Aйниқса, ўтган мавсумдаги голлар сабабли у билан бир нечта клублар қизиқиб қолди. Янги мавсумда эса, узоқ кутилган трансфер амалга ошди. "Transfermarkt.de" портали ҳамюртимизни 6,5 миллионга баҳолаган бўлсада, Италия клуби уни қўлга киритиш учун 7,5 миллиондан воз кечди. Биз ўз критерияларимизга содиқ қолган ҳолда, портал маълумотлари асосида уни учинчи ўринга жойлаштирдик. Элдор секин-аста ўз клубининг бир бўлагига айланиб бормоқда. У аввалига кубок учрашувида битта ассистни амалга оширган бўлса, кейин А Серияда битта голга муаллифлик қилди. Умуман олганда, ўсиш мавжуд. Бу қувонарли ҳолат. Умид қиламизки, тез орада унинг трансфер суммаси янада кўтарилади.

Виталий Денисов - 7 миллион евро, 2016 йил «Локомотив»

Denisov

Денисов «Днепр» шарафини ҳимоя қилаётган пайтларда уни Европанинг кучли чемпионатларида кўришни орзу қилар эдик. У билан «Наполи» алоқага чиққанида, кўпчилик унинг «кучли бешлик» аъзоси бўлишини жуда истаган эди. Кутилмаганда, қаҳрамонимиз Россиянинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолади ва РПЛга кўчиб ўтди. Эътиборлиси шундаки, унинг бу қарори ўзини тўлиқ оқлади. Виталий «темирйўлчилар» сафида Россия чемпионлиги ва мамлакат кубогида зафар қучди. Aйниқса, 2014-2016 йиллар оралиғида унинг спорт формаси пик нуқтага кўтарилди. Унинг қанотдаги шиддатли ўйинлари сабабли мухлислар «Тор» лақабини беришди. Денисов Москва клубининг асосий таркиб футболчисига айланди ва ҳар бир учрашувда тўлиқ тўп сурди. "Transfermarkt.de" портали эса, 2016 йилда унинг нархини 7 миллион еврога қадар кўтариб қўйди. Қанот ҳимоячиси учун бу шунчаки супер натижа!

Одил Aҳмедов - 9 миллион евро, 2016 йил «Краснодар»

Odil

Фаолиятини «Пахтакор» жамоасида бошлаган термамиз сардори биринчи ўринни қўлга киритмоқда. 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан сўнг, ҳамюртимизга бўлган талаб кескин ошиб кетди. Уни қўлга киритиш учун бўлган курашда Сулейман Керимовнинг "Aнжи«си ғолиб чиқди ва Одил РПЛга ўтди. "Aнжи“ проекти кутилмаганда таназзулга учрагач, қаҳрамонимиз »Краснодар« билан шартнома имзолади ва ўзининг энг яхши мавсумларини шу ерда ўтказди. 2016 йилда унинг трансфер қиймати 9 миллион еврога қадар кўтарилди. Кейинроқ, рус клуби Хитойнинг »Шанхай СИПГ” жамоасига уни 7 миллион еврога сотиб юборди. Aйни дамда қаҳрамонимиз ижара асосида «Тяньцзинь Тэда» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Одил профессионал тарзда босиб ўтган йўлга қойил қолмаслик мумкин эмас. Доимо кучли футболчилар қуршовида тўп сурган бўлса-да, у ҳеч қачон асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўймади. Ҳар қандай кучли мураббийлар билан ишламасин, унинг ишончини оқлади ва жамоанинг асосий фигурасига айлана олди. Эндиликда, Наманганлик мухлислар уни «Навбаҳор»да кутишмоқда. Балки, у ортга қайтар. Балки бу қайтиш «лочинлар» учун янги парвоз эшикларини очар! Яна ким билади дейсиз?! Шуниси аниқки, Одил Aҳмедов ўзбек футболи тарихидаги энг қиммат футболчи саналади. Умид қиламизки, яқин келажакда футболчиларимиз Одил Aҳмедовдан бу унвони «тортиб» олади.

Яхёхўжа Улуғхўжаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!