11:22: Яаааааааааааааааааааааааааааааааааааанннннннннннннннннннннннн Блаховииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииииччччччччччччччччччччччччччччччччччччччччч!

Польшалик спортчи егилмас дея таърифланаётган Адесаньяни мағлуб этиб, бу вазн тоифасида ким зўрлигини исботлаб қўйди!

ufc10_2

11:18: Адесаньянинг эътиборсизлигидан унумли фойдаланган Блахович муваффақиятли тэйкдаун амалга оширди. Партерда фаоллик кўрсатган Ян сўнгги раундни кичик устунлик билан ўз фойдасига ҳал этди дейиш мумкин.

11:12: Деярли бутун раундни томонлар партерда ўтказди. Ян Блахович рақибининг устига чиқиб олиб, устунликни қўл остида ушлаб турди. Бу раунд унинг ҳисобига ёзилганлиги катта эҳтимол. Барчаси сўнгги раундда ҳал бўлади!

11:06: Ушбу раунд давомида Блахович бироз фаоллик қўшгани сезилди. Энди у ҳам бир неча кучли зарбалар йўллай бошлади. Шунга қарамай, Исраэль октагон марказини қўлдан бой бермасликка ҳаракат қиляпти.

11:00: Октагон бўйлаб Исраэль рақибини таъқиб қилмоқда. Масофа яқинлашган тақдирда, Ян кучли зарбалари билан рақибини "тузоққа туширяпти". Умумий ҳисобда ўта кичик устунлик Адесанья томонда дейиш мумкин.

10:53: Дастлабки сонияларни Адесанья бироз фаол ўтказди. Умуман олганда, томонлар эҳтиёткорлик ва бир-бирини ўрганишга вақт сарфлади. Олдимизда яна 4 раунд кутиб турибди. Бугун барчаси ҳал бўлади!

10:48: Жанг бошланди!

10:45: "Main event" иштирокчилари октагонга чиқиб келди! Исраэль Адесанья ва Ян Блахович жангга тайёр!!!

ufc9

10:28: Тахмин қилинганидек, Нуньес жангни ўта фаол бошлади ва дастлабки сонилардан рақибасини "еб ташлади". Курашга кирган Аманда бўғиш услуби билан Андерсонни мағлубиятга учратди.

10:23: Аёллар ўртасида чемпионлик жанги бошланмоқда! "Co-main event"да UFCнинг энг ёрқин жангчиларидан бири Аманда Нуньес Меган Андерсонни синовдан ўтказади. 

ufc8

9:59: Жангчилар бироз ҳолдан тойди. Айниқса, Стерлингда бу ҳолат яққол сезила бошлади. Раунд давомида Ян бир неча зарбалар йўллади. Раунд якунига оз вақт қолганида Пётр Ян ўтирган рақибининг бошига тиззаси билан кучли зарба йўллади. Ҳакамлар жангни тўхтатди ва ўзига келиб олиш учун Стерлингга вақт берди. Бироқ Алжамейн жангни давом эттира олмади ва қоидага зид ҳаракат қилган Пётр Ян дисквалификация қилинди. Шу тариқа, Стерлинг ғалаба қозонди ва чемпионлик камарини қўлга киритди. Аммо у чемпионлик камарини қабул қилишни истамади ва уни ташлаб юборди.

9:53: Ян узоқ масофадан яхши зарбалар йўлламоқда. Рақиби орадаги масофадани қисқартиришга уриняпти. Раунд тенг курашлар остида давом этди. Кичик устунликни Пётр Ян томонида дейиш мумкин. 

9:47: Стерлинг иккинчи раундда ҳам фаол старт олди. Рақибини яқин масофада ушлаб турди. Жанг унинг назорати остида давом этмоқда. Аммо Стерлинг бир неча вазиятда ҳакамдан оғзаки огоҳлантириш олди. Унга вақтни сунъий равишда чўзиш айби қўйилди.

9:41: Стерлинг жангни фаолроқ бошлади. Кетма-кет зарбалар ва лоу-киклар билан рақибни "сийлаб" турди. Пётр Ян ҳам қарши ҳужумларда рақибга яхши жавоб қайтаришга эришди. Раунд тугашига 2 дақиқа қолганида Яннинг тўғридан берган зарбаси рақиби йиқилишига сабаб бўлди. Бир "ҳамла" билан россиялик спортчи устунликни қўлга киритди. 

9:35: Октагонга АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Алжамейн Стерлинг ҳамда россиялик Пётр Ян чиқиб келди. Жанг 5 раундга мўлжалланган.

9:28: Чемпионлик жангларига ҳам навбат етиб келди! Ҳар бир ғолиб камар қўлга киритади. 

ufc6_1

9:18: Жанг якунланишига оз фурсат қолганида Махачев рақибига бўғиш услубини қўллади ва Добер бунга бардош бера олмади. Жанг Ислам фойдасига муддатидан аввал якунланди.

9:13: Иккинчи раунд ҳам асосан Махачевнинг устунлиги билан ўтди. Кураш усуллари билан ўз позициясини яхшилаб олган доғистонлик жангчи бир неча зарбалар билан очко ишлашга муваффақ бўлди.

9:06: Кутилганидек, Махачев тэйкдаун амалга оширди. Рақибининг устига чиқиб олган Ислам бир неча зарбалар билан очко ишлашга уринди. Хабиб ўз юртдошига батафсил кўрсатмалар бериб борди. Сўнгги сонияларда Ислом барчасига нуқта қўйиши мумкин эди. Бироқ Махачев рақибининг қўлини ўзи кутганичалик қайира олмади. Раунд тўлиқ доғистонлик жангчи фойдасига ҳал бўлди дейиш мумкин. 

9:01: Ёрқин курашлар остида кечиши кутилаётган навбатдаги жанг бошланмоқда. Октагонга енгил вазн тоифасида Россия байроғи остида Ислам Махачев ва АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Дрю Добер кўтарилди. Курашчи Махачев нокаутчи Доберга қарши. Дарвоқе, Ислам Махачевга UFC афсонаси Хабиб Нурмагомедов секундантлик қилмоқда.

ufc5_1

8:42: Сўнгги раунд ҳам пастроқ темпда давом этди. Кичик устунликка эга бўлган Александр Ракич ҳакамлар қарорига кўра ғолиб деб топилди. 

8:34: Ракич рақибига масофани қисқартиришга имкон бермаяпти. Жуда кичик устунлик австриялик спортчида бўлди. Шунга қарамай, ҳамон эҳтиёткорлик асосий планда. Барчаси учинчи раундда ҳал бўлади.

8:28: Илк раундда томонлар октагон бўйлаб айланиб юрди. Ҳозирча, тенглик. Бироқ Сантоснинг зарбалари бироз оғирроқ тош босган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу устунлик бера олмаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

8:23: Асосий карддан ўрин олган дастлабки жанг ярим оғир вазн тоифасида бразилиялик Тиагу Сантос ҳамда австриялик Александр Ракич ўртасида бўлиб ўтади. Жангчилар аллақачон октагонда!

8:00: Барча прелим жанглар ортда қолди. Навбат узоқ кутилган асосий кардга!

ufc4

7:57: Сўнгги дақиқаларда ҳар икки спортчи очиқ жангга кирди. Эҳтиёткорлик бир четга суриб қўйилди ва томонлар бир-бирини кучли зарбалар билан "сийлади". Нисбатан тенг курашлар остида кечган тўқнашув Доминик Круз фойдасига ҳал бўлди. Таъкидлаш лозим, ҳакамлар ҳам ўта кичик устунлик билан Круз ғалабасини айтиб ўтди.

7:52: Ушбу раундда Доминик Круз бироз фаолроқдек туюлди. Стойкада берилган зарбалар орқали тажрибали спортчи устунликни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилди. Сўнгги сонияларда Кейси Кенни рақибини бўғиш услубига олишига бир баҳя қолди. Аммо вақт камлик қилди.

7:45: Илк раундда Круз жангни ҳақиқий шоуга айлантиришга ҳаракат қилди. Кенни рақибини кучли зарбалари билан тиҳутиб олишга уринди. Раунд тенг курашлар остида кечди.

7:40: Сўнгги прелим жанги бошланмоқда. Октагонга Доминик Круз ҳамда Кейси Кенни чиқиб келяпти. Ҳар икки спортчи АҚШ шарафини ҳимоя қилади.

ufc3

7:28: Аввалгиларини бой берган Сонг Ядун учинчи раундни катта устунлик билан ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Тенг курашлар остида кечган жанг ҳакамлар қарорига кўра Кайлер Филипс фойдасига ҳал бўлди. Ҳакамларнинг барчаси 29:28 кўринишида америкалий спортчига юқорироқ балл қўйди.

7:21: Иккинчи раунд ҳам аввалгиси каби сценарий остида кечди. Бу сафар ҳам кичик устунлик Филипс томонда. Айниқса, раунд якунига 1 дақиқача вақт қолганида амалга оширилган тэкдаун унга очколар ҳисобида устунликни тақдим этди.

7:15: Илк раундда Филипс бироз фаолдек кўринди. Ҳар икки томон ҳам юз қисмига аниқ етиб борган бир неча зарбалар йўллади. Зарбалари нисбатан аниқ борган Кейлер ўз ҳисобига битта партер ҳам ёзиб қўйди.

7:10: Навбатдаги тўқнашувда Хитойлик Сонг Ядун ва АҚШ вакили Кейлер Филипс ўзаро кураш олиб боради. Томонлар аллақачон октаголга кўтарилиб улгурди.

ufc2

7:00: Учинчи раундда ҳам фаолроқ кўринган россиялик спортчи ҳакамларнинг якдил қарорига кўра жангни ўз фойдасига ҳал этди. Яққол устунлик ва ажойиб ғалаба!

6:54: Аскаров иккинчи раундни тўлиқ устунлик остида ўтказди. Бир неча кучли зарбалари орқали рақиби юзида жароҳатлар пайдо қилди. Бенавидеснинг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. 3-раундда Жозеф фақатгина нокаут орқали жангни ўз фойдасига ҳал этиши мумкин.

6:47: Биринчи раундда ҳар икки томон эҳтиёткорликка урғу қаратди. Масофани сақлаган ҳолда, тўғридан бир неча зарбалар берилди. Фақатгина сўнгги сонияларда Аскаров рақибини бўғиш услуби билан мағлуб этмоқчи бўлди. Аммо вақт етмай қолди.

6:40: Навбатдаги жанг Жозеф Бенавидес ҳамда Аскар Аскаров ўртасида бўлиб ўтади. Жангчилар октагонга кўтарилди.

ufc 1

6:18: Биринчи раундни Бонторин катта устунлик билан бошлади. Партерда ишончли ҳаракат қилган спортчи рақибини бўғиш услуби билан мағлуб этишга уринди. Аммо Кара-Франц раунд якунига 25 сония қолганида зарбалар серияси билан рақибини нокаутга учратди. Ажойиб камбэк гувоҳига айландик!

6:11: Асосий кард олдидан прелим жанглар бўлиб ўтмоқда. Биз эса айни дақиқаларда сиз азиз мухлислар билан Рожерио Борторин ҳамда Кай Кара-Франц жангини томоша қиламиз.

Ассалому алайкум, азиз UFC ихлосмандлари! Бугун барчамиз сабрсизлик билан кутган "UFC 259" турнири бўлиб ўтади. Кечани сиз билан Жавоҳир Азимов матнли трансляция тарзида кузатиб боради. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)