Улуғбек Бақоев: Якуний натижа биз кутганимиздан ҳам яхшироқ бўлди
«Мавсум-2019»да «Сўғдиёна» ҳамда Улуғбек Бақоев бошқаларни ўзлари билан ҳисоблашишга мажбур қила олди. Очиғи, ҳеч ким жиззахликларни 4-ўринни эгаллашини кутмаганди. Ҳаттоки, Бақоев «Сўғдиёна» билан бронза учун курашиб Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасига ҳам охиригача даъвогарлик қилгани эътиборга молик. «Сўғдиёна» асосан лигада қолиш учун курашадиган жамоа сифатида гавдаланиб келган. Бироқ бу йил Бақоев келгач, у «Сўғдиёна» ҳақидаги тасаввурларимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Қолаверса, Улуғбек Истамович мураббий сифатида ҳам ўзидан илиқ таассурот қолдирди. Натижада унга бўлган қизиқишлар ҳам ортиб бораётгани ҳақида эшитиб турибмиз.
- Улуғбек Истамович, мана, Суперлигада мавсум ниҳоясига етди. Аксарият ишқибозлар «Сўғдиёна» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланганингиздан кейин унинг ўйини 180 даражага ўзгариб кетганига алоҳида урғу бердилар. Ўзингиз клубда амалга оширган ишларингиз ҳақида қандай хулоса чиқара оласиз? Ҳарқалай, «Сўғдиёна» кўпчиликни ҳайрон қолдирганча мавсумни 4-ўринда якунлади…
- Биласизми, мавсумга бошқа мураббий қўл остида ҳозирлик кўрган, таркиб деярли аниқ бўлиб улгурган клубда мавсум бошланганидан кейин ишга киришиш жуда қийин бўлади. Қолаверса, «Сўғдиёна» чемпионат стартида қониқарсиз натижалар қайд этгани туфайли футболчилар руҳий тушкунликка тушиб қолишганди. Уларни бундай вазиятдан олиб чиқиб кетиш катта куч талаб қиладиган ишдир. Ҳайриятки, раҳбарият ва ўйинчилар билан ўзаро тил топишимиз қийин бўлмади. Аста-секинлик билан ўйинимизни йўлга қўя бошладик. Ўз навбатида натижалар ҳам яхшиланишга тушди. Бундай бўлишида ҳамманинг бир-бирини тушунишни бошлагани қўл келганини алоҳида айтишим керак. Ички муҳит ижобий бўлар экан, натижалар ўзини узоқ куттириб қўймайди. Биз бу йўлда бир қатор ишларни амалга оширдик: машғулот ҳамда ўйин борасида айрим ўзгаришларга қўл урдик. Шунингдек, ўйинчиларнинг еб-ичиш масаласига ҳам ўзгаришлар киритдик. Асосийси, бир-биримизни тушунишимиз узоқ вақтни талаб қилмади. Акс ҳолда умумий жараён дарҳол яхши томонга ўзгармаган бўларди. Мен бунда фақат ўзимнинг хизматим бор, демоқчи эмасман. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлаганимиз учун якуний натижа ҳам кутганимиздан кўра яхшироқ бўлди, деб ҳисоблайман. Барчамиз ҳамжиҳатликда шундай натижага эришдик. Бунинг учун раҳбарият, ходимлар ва футболчилардан миннатдор бўлсам арзийди.
- Сўнгги турда «Бунёдкор»га қарши ўйинни ютган тақдирингизда «Сўғдиёна»да учинчи ўринни эгаллаш ва Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имкони бор эди. Ўз навбатида «Бунёдкор»ни дуранг ҳам учинчи ўринда қолишига кифоя этарди. Якунда учрашув дуранг билан интиҳо топди. Ўша беллашувдан қандайдир фожиа ясамадингизми?
- Албатта, ўйинни юта олмаганимиздан хафа бўлдик. Чунки ғалаба бизни учинчи ўринга олиб чиқар ва Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида ўйнаш имкониятини ҳавола қиларди. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳаммасини тўғри қабул қилиш керак. «Бунёдкор»га Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишини тилаб қоламан. Насиб қилса, биз ҳам кейинчалик юқори ўринлардан бирини қўлга киритиб, ишқибозларимизни хурсанд қилмоқчимиз.
- Биламизки, «Бухоро»да мураббийлик қилгансиз ва тажриба орттиргансиз. Аммо, тўғрисини айтганда, айнан «Сўғдиёна»да мутахассис сифатидаги кўзга кўринмаган қирраларингизни намоён эта олдингиз. Ўзингиз ҳам Жиззах клубидаги ишингизни мураббийлик фаолиятингизда катта бурилиш ясаган давр дея ҳисоблашингиз мумкинми?
- Албатта, бу гапингизга қўшиламан. Ўзимга ҳам «Сўғдиёна»да олиб борган ишларим ёқди. Юқорида айтганимдек, ҳамжихатлик туфайли шунга эришдик. Энди мавсум тугади, футболчилар таътилга чиқиб кетганлар. Мен эса ҳозирданоқ келгуси мавсумда қандай ишларни амалга ошириш юзасидан режалар тузишга киришганман. Янги мавсумга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришимиз керак. Селекция масаласига жиддий эътибор қаратиш пировардида муваффақият калити вазифасини ўтаб беришини унутмаслигимиз даркор. Янги мавсумга ҳар томонлама, таъбир жоиз бўлса, жанговор ҳолатда кириб бормоқчимиз.
- Чемпионат ниҳоясига етганидан кейин одамлар орасида хизматингизга бошқа клублардан қизиқишлар борлиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Айтинг-чи, аслида ҳам сизга бошқа жамоалардан таклифлар бўлдими?
- Келинг, бу саволингизга жавоб бермай қўя қолай. Чунки ҳозир саволингизга фалон-фалон клублардан таклифлар бўлди, дея жавоб қайтарадиган бўлсам, «Сўғдиёна» мутасаддилари ва ишқибозларини ранжитиб қўйишим тайин. Шунинг учун мени тўғри тушунасиз, деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам «Сўғдиёна»да ишимни давом эттиришни ва клуб билан янада яхшироқ натижалар қайд этишни истайман. Миш-мишлар шундайлигича қолавергани маъқул.
- Четдан ҳам таклифлар бормиди?
- Мени бундай саволлар билан ноқулай аҳволга солмасангиз яхши бўларди…
- Ҳозирда кўпчиликни бундан кейин ҳам Жиззахда қолиб фаолиятингизни давом эттиришингиз билан боғлиқ масала қизиқтиряпти. Шундай экан, клубдаги ишингизни давом эттираверасизми?
- Ҳа, бўлмасам-чи! Энди мавсум тугаганидан сўнг ҳамма таътилда дам оляпти. Ишни янги йилнинг 4 ёки 5 январидан бошласак керак.
- Демак, раҳбарият билан янги мавсумда ҳам клубни бошқариш масаласида шартномангизни узайтирибсиз-да?
- Насиб қилса, узайтираман. Аслида режа ҳам шундан иборат.
- Агар сир бўлмаса, келгуси мавсум учун режалар нималардан иборат бўлади?
- Нима десам экан…Биз ҳар бир ўйинни иложи борича ғалаба билан тамомлашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарур бўлади. Чизиқлар бўйича ишлаш асносида керакли футболчиларни сотиб олишни мақсад қилганмиз. Менинг фалсафамга мос келадиган ижрочиларни таркибга жалб этишга ҳаракат қиламиз.
- «Сўғдиёна» таркибидаги легионерларнинг деряли ҳаммаси ўзларидан ижобий таассурот қолдиришди. Шунинг учун бўлса керак, улар рамзий терма жамоага ҳам киритилди. Айтмоқчиманки, янги мавсумда ҳам таркибдаги легионерлар «Сўғдиёна» учун тўп суришда давом этадими?
- Албатта, жамоанинг яхши натижаларига қўшган улушлари учун улардан миннатдорман. Бу масалага раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда қайтамиз. Улар билан бамаслаҳат иш кўрмоқчиман. Ҳозир легионерлар билан боғлиқ саволларга жавоб бермасликни маъқул топган бўлардим. Яъни, улар билан боғлиқ масала ҳозирча очиқ турибди.
- Чемпионат ҳақидаги таассуротларингиз қандай? Масалан, кўпчилик «Пахтакор»нинг яқин таъқибчиларидан катта фарқ билан ўтиб кетгани учун ғолиблик йўлидаги интрига сўнгани боис мавсум зерикарли ўтди, деган хулосага келди…
- Чемпионатнинг охирги туригача ғолиблик учун кураш кечиши мухлисларга кўпроқ қизиқ туюлиши табиий, албатта. Эътибор берган бўлсангиз, мавсумнинг иккинчи ярмида асосан кураш учинчи ўрин учун кечди. Ўз навбатида футболчиларнинг кўпчилигига ҳам охирги паллага қадар кечадиган кураш ёқади. «Пахтакор» чемпионликни муддатидан олдин ҳал қилиб қўйгани боис ундан кейинги иккинчи ва учинчи ўрин кимларга насиб этишини билиш кўпчиликни қизиқтирди. Умуман, савия ҳақида гапирсам, чемпионат даражаси бироз ошди деб ҳисоблайман. Мисол тариқасида сўнгги турда биз ва «Бунёдкор» ўртасидаги учрашувни келтиришим мумкин. Ўйиннинг илк дақиқаларидан охирги сониясига қадар майдонда жиддий ва қизғин кураш кечди. Ҳар бир учрашув шундай ўтишининг тарафдориман. Футболнинг жозибаси ҳам мана шунда бўлади, деб ҳисоблайман. Чунки бундай муросасиз ўйинни кузатишдан ишқибозлар ҳам катта завқ оладилар. Истардимки, кейинги мавсум биринчилигимиздаги ҳар бир беллашув мана шундай руҳда ўтсин. Ўз ўрнида бу футболимизнинг янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмасдан қўймайди. Қолаверса, бу миллий ҳамда олимпия терма жамоаларимизга ижобий таъсир ўтказади.
- Эшитишимча, мавсум тугаганидан сўнг Қозоғистонга бориб, «Остона» клубида тажрибангизни ошириш мақсадида амалиёт ўтагансиз. Шу гаплар ростми?
- «Про» лицензиясига эга бўлиш учун мутахассиснинг хорижда амалиёт ўташи жуда зарур. Шунинг учун ҳам Қозоғистонга боришимга тўғри келди. Қолаверса, футболчилик фаолиятимнинг анча қисмини қозоқ чемпионатида ўтказганим боис у ерда танишларим кўп. Шундан келиб чиққан ҳолда у ердаги дўстларимга мурожаат қилдим. Ўз навбатида Қозоғистондаги дўстларим бир қанча вариантларни таклиф қилишди ва бемалол у ерга боришим мумкинлигини айтишди. «Остона»нинг Европа Лигаси доирасида «АЗ Алкмар»га қарши ўйинини стадионда кузатдим. «Остона»да беш кун қолиб, у ерда ишлар қандай йўлга қўйилганини, инфратузилмани кузатдим. Асосийси, ўша жойдаги қисқа муддатли амалиётдан ҳар томонлама кўнглим тўлди.
- Мураббий сифатида у ердаги амалиётдан ўзингизга нималарни олдингиз?
- Биринчи навбатда у ерда маданият, менталитет ва умумий инфратузилма бутунлай бошқача. Ҳаммаси европаликларга хос тарзда йўлга қўйилган. Қозоқ футболи жисмоний кучга мослашган ва «Остона»нинг «АЗ Алкмар»га қарши ўтказган ўйинида буни яққол кўрдим. Умуман айтганда, Қозоғистонда кўриб қайтганларимдан ўзимга керакли хулосаларни чиқардим. Албатта, ўша жойда менга ҳамма нарса бирдек ёқди, демаган бўлардим. Қозоғистондан ўзимга керакли бўлган жиҳатларни ўрганиб қайтиш пайида бўлдим холос.
- Суҳбатимиз асносида янги мавсум учун селекция масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчи эканлигингизни айтиб ўтдингиз. Қолаверса, энди «Сўғдиёна»ни келгуси мавсумга ўзингиз бошидан тайёрлайсиз. Демоқчиманки, таркибга кимларни жалб этиш масаласида аллақачон режа тузиб қўйган бўлсангиз керак? Яъни, ўзингизнинг тактикангизга ва фалсафангизга мос тушадиган футболчиларни таклиф қилмоқчимисиз ёки аввалига футболчиларни жалб этиб кейин янги тактика тузмоқчимисиз?
- Жуда нозик савол берасиз-да, жавоб қайтариш ўта қийин ишга айланиб қолади. Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша сирлари бўлади. Жумладан, қўл остидаги жамоага ўйинчи танлаш масаласида ҳам. Агар бу саволингизга ҳозир жавоб қайтармасам, мендан хафа бўлмайсизми? Чунки ҳали «Сўғдиёна»га бирор-бир футболчини таклиф қилганим йўқ. Аввал селекция масаласида ишлайлик, шундан кейин менга юқоридаги саволни бемалол беришингиз мумкин бўлади.
- «Сўғдиёна» таркибида кимнидир энг яхши футболчи ёки кашфиёт бўлди деб айта оласизми?
- Кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатишни истамаган бўлардим. Чунки таркибдаги ҳар бир футболчи «Сўғдиёна» учун бор кучини ва маҳоратини ишга солган ҳолда ўйнади. Бу саволингизга жамоадаги барча ўйинчилар менда яхши таассурот қолдирди, дея қўрқмасдан жавоб қайтарсам бўлаверади.
- Нима деб ўйлайсиз, мураббий учун аввало нима муҳим: молиявий томондан барқарорликми ёки таркибида яхши ижрочилар бўлган жамоада ишлашми?
- Шахсан мен учун натижани таъминлай оладиган футболчилар билан ишлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки футболда ҳаммасини натижа белгилаб беради.
- «Сўғдиёна»да молиявий ҳолат қандай?
- Молиявий масала билан натижа бир-бирига муштарак бўлиб кетган, десам муболаға қилмайман. «Сўғдиёна»нинг молиявий ҳолати қониқарли даражада. Чунки бу икки жиҳат бир-бирисиз кемтик бўлиб қолади. Ўз навбатида униси ёки бунисининг етишмаслиги натижага акс таъсир ўтказмасдан қўймайди.
- Демак, мавсум давомида «Сўғдиёна»нинг молиявий ҳолати барқарор бўлди, деган хулосага келиш мумкин экан-да?
- Ҳа, албатта, бунинг учун биринчи навбатда ишларни йўлга қўйишимизда бош-қош бўлган клуб мутасаддиларидан миннатдор бўлишимиз керак. Уларнинг далдаси ва молиявий кўмагисиз «Сўғдиёна» мавсумни юқори ўринлардан бирида якунлай олмаган бўларди.
- Жамоа етакчиси Жасур Ҳасановнинг клубда қолиш ёки қолмаслиги масаласи қандай ҳал қилинади?
- Шахсан мен мураббий сифатида уни жамоада қолишини истаган бўлардим. Таътил ниҳоясига етганидан сўнг у билан албатта шу масалани кўриб чиқамиз. Яна қайтараман: Ҳасановнинг «Сўғдиёна»да қолишини истайман. Агар у қолиш ҳақидаги таклифимизга рози бўлса, бундан фақат хурсанд бўламиз.
Фикрлар