Улуғбек Бақоев ёрдамчисиз қолди ёхуд Бахтиёр Ашурматов энди АГМКни бошқаради

Бугун куннинг иккинчи ярмида "Ўзбекистон" меҳмонхонасида АГМК аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

АГМК футбол клуби бош директори Иброҳим Юлдашев жамоада юзага келган ўзгаришлар борасида сўз юритиб, жорий мавсумда жамоани қолган вақт мобайнида ким бошқариб боришига ойдинлик киритди. Жамоа раҳбарияти АГМКни мавсум якунига қадар таниқли мураббий Бахтиёр Ашурматов бошқаришини лозим топганлиги эълон қилинди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Бахтиёр Аъзамович шу кунга қадар "Бухоро" футбол клуби мураббийлар штабида фаолият олиб бораётганди. Жамоа раҳбарияти жамоа олдига қўйилган вазифа ўзгармаганлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бир қаторда янги мураббийга Олмалиқдаги фаолияти омадли бўлишига тилак билдирилди.

Ўз навбатида Бахтиёр Аъзамович ҳам сўз олиб, билдирилган ишонч учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Масъулиятли йўлда, жамоа олдига қўйилган вазифани адо этиш борасида жиддий иш олиб боришини айтиб ўтди.

Ашурматовдан ташқари бунга қадар ёшлар жамоасида фаолият олиб борган Аъзам Шерғозиев ҳам асосий таркибга ўтказилди.

Яқин кунларда жамоада юзага келган бошқа бўш ўринларга ҳам муносиб номзодлар саралаб олинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!