Умид Аҳмаджонов:
Ads
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Андижонга сафари давом этмоқда. 
 
У ташриф давомида "Баркамол авлод" спорт мажмуасига, шунингдек, "Андижанка" аёллар футбол жамоасининг базасига, қиличбозлик мажмуасига борди. Шунингдек, "Соғлом авлод" стадионида мухлислар билан учрашди. 
 
 
"Баркамол авлод"даги шароитлар талаб даражасида эмас 
 
Навбатдаги манзил Андижондаги спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар "Баркамол авлод" спорт мажмуаси ва "Андижанка" аёллар футбол клубининг ўқув-машғулотлар базаси бўлди.
 
Бу ерда яратилган шароит ва ресурслардан фойдаланиш самарасидан МОҚ раҳбари норози бўлди. Чунки, бу ерда шароитлар талаб даражасида эмас эди. 
 
 
 
"Андижанка" Суперлигада ўйнайди
 
Биласиз, Суперлигада эркаклар ўртасидаги баҳсларда қатнашадиган клубларнинг аёллар жамоалари ҳам юқори дивизионда қатнашиши керак. "Андижон" эркаклар футбол жамоаси эса Суперлига йўлланмасини қўлга кирита олмаган. Шу сабаб, "Андижанка" ҳам Пролигада ўйнаши лозим эди. Ўзбекистоннинг етти карра чемпионлари, тўрт карра Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳисобланган "Андижанка"нинг аёллар футболида тутган мавқеи инобатга олиниб, уларга янги мавсумда Суперлигада қатнашиш учун рухсат берилди. 
 
 
Шунингдек, бу ерда майдон сифатини яхшилаш, стадионни тубдан реконструкция қилиш борасида кўрсатма берилди. 
 
 
 
 
Қиличбозлик мажмуасига ташриф
 
Сўнгра, Андижон шаҳридаги қиличбозлик спорт мажмуаси кўздан кечирилди. Бу ердаги шароитлардан эса МОҚ президенти мамнун бўлди. Чунки, айни пайтда ушбу қиличбозлик мажмуаси терма жамоа базаси ҳисобланади. Айни пайтда 200 нафарга яқин спортчилар у ердаги йиғинларда иштирок этмоқдалар. Февраль ойи якунида старт оладиган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига ҳам ушбу вилоятнинг уч нафар спортчиси иштирок этади. Шунингдек, Осиё ўйинларида ҳам Андижон вилоятининг уч нафар вакили қатнашиши режалаштирилган. 
 
 
 
"Соғлом авлод"даги учрашув
 
Умид Аҳмаджонов ташриф давомида вилоятнинг бош стадиони "Соғлом авлод" стадионига ҳам ташриф буюрди. У ерда "Андижон" жамоаси мухлислари билан учрашув ташкил қилинди. Учрашув давомида мухлислар дарди тингланди. Муаммолар, камчиликлар муҳокама қилинди. Мухлислар ҳам ўз ўрнида "Андижон"ни тезроқ суперлигада кўриш истаги бор эканлигини маълум қилдилар. 
 
ЎФА биринчи вице-президенти учрашув чоғида Андижоннинг 10 нафар энг фаол мухлисини "Насаф" жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Осиё чемпионлар лигасидаги сафар учрашувига юборишга ваъда берди. Ўз ўрнида, мухлислар клуби фаоллари ҳм Умид Аҳмаджоновга эсдалик совғаларини топширдилар.