Унинг жамоаси ҳали барқарор эмас, мағлубиятсиз одимлаётган "Нефтчи"ни эса Қаршида "Насаф" кутяпти ёхуд Суперлигада супер тўқнашувлар
Бугун Суперлигамизда 21-тур ўйинларига старт берилади. Фақат “Сурхон” -“Олимпик” тўқнашуви ноябрь ойига қолдирилган. Шу сабабли 6 та жуфтликдаги беллашувлар гувоҳи бўламиз ва айтиш лозимки, бу турда марказий ўйинлар кутмоқда.
5 октябрь
“Турон” – “Металлург”
Турнир жадвалига назар ташласангиз ғалаба аслида кимга кўпроқ зарурлиги кўринади. Чунки “Турон” 12 очко билан сўнгги ўринда, “Металлург” эса 25 очко билан 9-поғонада. Бу жуфтликда Суперлигада қолиш учун курашаётган жамоа албатта “Турон”, “Металлург” эмас. Лекин кучли жамоа ютсин. Марҳамат, агар мезбонларни кучи етса, ғолиб чиқсин. Лекин “Металлург” охирги пайтларда анча ўзига келди. Буни ўйини ва натижалари кўрсатиб турибди. Кетма-кет учта учрашувдан бери рақибларини мағлубиятга учратиб келяпти. “Турон” ютмаса бўлмайди, бекободликлар эса янада юқорига кўтарилиш ҳаракатидалар. Хуллас, 21-тур ушбу мана шундай учрашув билан бошланади.
6 октябрь
“Бунёдкор” – “Қизилқум”
Тошкентда ҳам жанговор ўйин бўлади. “Бунёдкор” ўтган турда ўз уйида “Сурхон”га ютқазди ва мухлисларини ранжитди. “Қизилқум” эса “Сўғдиёна”ни 4:2 натижаси билан таслим қилди. Тан олиш керак, лигада қолиш учун курашаётган “Қизилқум” шунга яраша ўйинини кучайтириб боряпти. “Бунёдкор”га қарши ҳам Жамшид Саидов шогирдлари муносиб ўйин кўрсатса ажаб эмас. “Қалдирғочлар” ҳозирча бош мураббий Александр Крестинин қўли остида барқарор ўйин тизгинини йўлга қўя олмаяптилар.
7 октябрь
ОКМК – “Сўғдиёна”
Миржалол Қосимов жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги дастлабки иккита турни мағлубият билан бошлади. Чемпионатда ҳам натижалари мухлисларини хурсанд қиладиган ҳолатда эмас. Медаллар учун курашишни мақсад қилган ОКМК айни дамда 30 очко билан 5-ўринда ва 4-поғонадаги “Насаф”дан 6 очкога ортда қоляпти. Бу турда “Сўғдиёна”ни қабул қилади. ОКМК охирги марта 11 август куни “Олимпик”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган ва шундан буён олмалиқликлар ғалаба қозона олгани йўқ. “Сўғдиёна”да эса ғалабасиз ўйинлари 3 тага етди. Иккаласи ҳам ғалаба иштиёқида. Бундай ҳолатда футболчиларнинг тайёргарлиги, улардаги мотивация асосий ўринга чиқади. Лекин ўйин анча қизиқарли руҳда ўтиши аниқ.
“Насаф” – “Нефтчи”
ОЧЛ гуруҳ босқичида иккита ғалаба билан пешқадамга айланиб олган “Насаф” энди чемпионат доирасида ҳали мағлубиятга учрамаган “Нефтчи”ни қабул қилади. Биласизлар, ундан олдин қаршиликлар ўз майдонида “Бунёдкор”га 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрагандилар. “Нефтчи” ҳам шу ишни такрорлайдими ёки “Ал Садд”га қарши намойиш этган ўйини туфайли олқишларга сазовор бўлган “Насаф” фарғоналикларга ҳеч қандай имкон қолдирмайдими? Иккала клуб ҳам медаллар учун талашишмоқда. Асосий рақобатчилар тўқнашуви албатта ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Агар “Насаф” ОЧЛдаги ўйинини намойиш этса, “Нефтчи”га жуда қийин бўлади. Ўз навбатида меҳмонлар мағлубиятсиз сериясини давом эттириш пайида бўлади. Балки битта гол ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.
8 октябрь
“Андижон” – “Пахтакор”
Турнинг яна бир муҳим ва марказий учрашуви Андижонда бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионига қарши учрашув “Бургутлар” ва унинг мухлислари учун катта аҳамият касб этади. ОЧЛдаги кетма-кет иккита мағлубият “Пахтакор”га ярашмаяпти. Халқаро майдондаги омадсизликлар жамоага қанчалик таъсир кўрсатганини Андижондаги учрашувда кўришимиз мумкин. Бу жамоалар биринчи даврада Тошкентдаги баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этгандилар. Андижондаги ўйинга ҳам қизиқиш жуда катта. Бу баҳсда мураббийларнинг қўллайдиган тактикаларига ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.
“Бухоро” – “Навбаҳор”
ОЧЛдаги йирик ҳисобда қўлга киритилган ғалабадан кейин “Навбаҳор” Бухорога яхши кайфиятда йўл олиши турган гап. Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Бухоро”га осон эмас. Чунки ўтган турда Фарғонада “Нефтчи”га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди, бу сафар ҳам яна водий клубига қарши майдонга тушади. Лигада қолиш учун курашаётган бухороликлар қаршисида яна бир жиддий рақиб. Биласиз, Бақоев жамоаси стандартларга, узун паслар ва ҳимоявий ўйинга мослашган. “Навбаҳор” билан бўладиган учрашувда ҳам мезбонлар аввало дарвозаси дахлсизлигини сақлаш ҳаракатида бўлиб, қарши ҳужумлардан омадини излаши катта эҳтимол. Қолганини вақт кўрсатади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар