Ватан учун қандай ўйнашни биладиган футболчилар!
Эътибор қилган бўлсангиз, фаолияти давомида клублар миқёсида унча юқори даражада ўйнай олмайдиган, аммо миллий терма жамоага келганда умуман бошқа даражали футболчига айланиб оладиган юлдузлар бор. Бугун сизлар билан ана шу хусусида сўз юритамиз.
Гильермо Очоа
Бу дарвозабон хусусида аслида ортиқча тўхталиб ўтишга хожат йўқ. Мексикада уни Рафаель Маркес сингари қадрлашади. Ҳаттоки, афсона даражасида хурмат қилишади. Бунга албатта етарлича сабаблар бор. Гарчи у клублар миқёсидаги фаолияти билан мақтана олмаса ҳам, терма жамоага келганда ватан жамоаси шарафини химоя қилиш - умуман бошқа нарса эканлигини ҳис қилиб майдонга чиқади. Тўғри, у ҳам хатолардан юз фоиз ҳоли эмас. Кези келганда қўпол ва ёш болаларча хатолар қилиб туради. Бироқ мамлакат бош жамоаси сафида ўтказган 135 учрашуви ҳам уни халқаро миқёсда қандай дарвозабон эканлигини яққол ифода этиб турибди.
Мартин Касерес
Уругвай терма жамоасининг Форлан, Суарес, Кавани каби юлдузлари фонида унча хам кўп эсланавермайдиган химоячи ҳозир ҳам катта футболда ва проффесионал фаолиятини океан ортида - АҚШнинг “Лос-Анжелес Гэлакси” сафида олиб боряпти. Ҳозирда 37 ёшни қарши олган фахрий ҳамон миллионлар ўйинидан завқ олишда давом этмоқда. 116 та ўтказилган учрашув билан Касерес терма жамоа тарихида энг кўп ўйинда майдонга тушган ўйинчилар орасида 6-ўринни банд этиб турибди. У ҳали халқаро фаолиятини якунлаганича йўқ. Аммо Оскар Табаресдан кейин тайинланган бирор мураббий уни Уругвай миллий жамоасига жалб этмади. Шундай бўлса-да, фаол мухлислар вақти-вақти билан уни ёдга олиб туришади.
Жердан Шакири
Шакири мазкур рўйхатимиздаги шубҳасиз энг таниқли ва иқтидори деярли хеч қайси клубида у қадар қадрланмаган футболчилардан бири. Швейцария терма жамоасида у хаттоки, афсонавий Штефан Лихтштайнер билан бир қаторда эътироф этилади. Шахсан мен уни Лихтштайнерданда яхшироқ эканлигига ишончим комил. У ҳаттоки, Роналду ва Месси ҳам орзу қиладиган рекорд сохиби. Яъни Шакири 6 та катта турнирларда гол урган ягона футболчи ҳисобланади. Бу рекордни ортда қолган "Евро 2024"да фақат Роналду янгилаши мумкин эди. Лекин португалиялик суперюлдуз турнирни голсиз якунланди. Демак, рекорднинг амалдаги эгаси ўзгаришсиз қолди. Бир неча кун аввал Жердан Шакири терма жамоадаги фаолиятини якунланганини расман эълон қилди. Миллат либоси остидаги ажойиб карьера. Шундай эмасми?
Мирослав Клозе
Жахон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар бўлишига қарамай? афсонавий Клозе хам мана шу рўйхатда бор. Германия миллий терма жамоасининг ҳужум чизиғи деганда айнан шу инсонни тасаввур қиладиганларни классик футбол томошабинлари десак муболаға бўлмайди. У мундиалларда 16 та гол киритиб, энг яхши тўпурар мақомида бўлса ҳам, клублар миқёсида айтарли мақтанадиган натижалари йўқ. Сабаби, кимсан “Бавария”дек жамоадаги тўрт йиллик фаолияти давомида атиги 24 та гол ҳужумчи учун жуда кам. Кейинчалик у “Лацио”да беш мавсум ўйнади. Аммо бу ерда хам бор салоҳиятини намоён эта олмади. Якунда Мирослав 5 йил ичида рақиблари дарвозасини 54 бор ишғол этди. Бу хар бир мавсумга ўртача 11 та ҳам гол киритилмади дегани. Охири барига нуқта қўймоқчи бўлган Клозе шу ерда бутсаларини “михга илишга” қарор қилди. Аммо клублар сафидаги нўноқ кўрсаткичлари ҳам уни юқори даражадаги футболчи эканлигига умуман соя сола олмайди.
Ҳамес Родригес
Худди Жердан Шакири каби бу рўйхатдаги энг машхур ва ўзидаги бор иқтидорни етарлича намоён эта олмаган яна бир ном. Ҳамесга энг катта машҳурлик ва шон-шуҳратни келтирган 2014 йилги Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Колумбиялик хавбек ундан аввал хам бир қанча турнирларда қатнашган, аммо Бразилиядаги мундиалда у ўзининг ҳақиқий потенциалини намойиш эта билганди. 6 та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлган. Йил якунларига кўра эса ФИФА анънавий 11 кишилик рамзий жамоасига ҳам киришга муваффақ бўлганди. Жаҳон чемпионатидаги ўша машҳур фантастик голи унга "Пушкаш" совринини ҳам тақдим қилганди.
“Реал Мадрид”га ўтиш эса унинг фаолияти давомида қабул қилган хато қарори бўлиб чиқди. 3 йил ичида у асосий таркибга кира олмай кейинчалик турли жамоаларда ижарама-ижара сарсон бўлиб юради. Охири барчасидан чарчаган Ҳамес 2023 йилда Бразилияга бориб, аввалги спорт формасига чиқиб олишга умид қилади. Унинг футболда қолиб кетган армонлари ҳам кўп эди. Буни қарангки, тақдир ҳам унга қайта имконият тақдим этди. “Сан-Паулу”да у хақиқий лидер даражасигача чиқди. Гарчи, аввалгидек гол ва ассистларни қалаштириб ташламаса хам, жамоасининг фойдали ўйинчисига айлана олди. Бунинг ортидан эса куни кеча якунига етган "Копа Америка"да иккинчи ёшлигини ўтказди. 6 та ассист билан турнирнинг тўпурарига айланди, хам энг яхши футболчи совринини қўлга киритди. Балки, трансферлар ойнаси якунига қадар, у яна “кўхна қитъа” чемпионатларидан бирига йўл олиб қолар.
Хулоса сифатида шуни айтамизки, клублар миқёсида ишлари юришмаган ҳамма ҳам омадсиз бўлавермайди. Балки, ватан миллий терма жамоаси баъзи футболчилар учун фаолиятида ўсишга эришиш ёки уни қайта тўғри тартибга солиш учун имкониятлар эшигини очар. Бугун иложи борича ана шундайлар тоифасига кирувчи айрим футболчилар хусусида тўхталиб ўтдик. Сиз шундайлар сирасига кирадиган яна кимларни биласиз. Фикрланингизни албатта ёзиб қолдиринг.
Фикрлар