Виктор Жалиловнинг “Андижон”даги ҳаёти бошланди

18 декабрь куни Ўзбекистонда номдор ва таниқли бўлган мутахассис Виктор Жалилов Андижонга келди. Клубда спорт директори лавозимига тайинланган Виктор Романовичнинг "Андижон” жамоасидаги фаолияти бошланди. Мураббийлик фаолияти давомида кўплаб муваффақиятларга эришган мутахассисни Андижонда мухлислар чиройли тарзда кутиб олдилар. Шўрбулоқ даҳасидаги футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида футбол жамоатчилигига Виктор Жалилов расман таништирилди. Дастлаб Андижон вилояти ҳокимлигининг вакили Шавкатбек Нишонов йиғилганларга “Андижон” клубининг янги спорт директори – Виктор Жалилов ҳақида етарлича маълумотларни бериб ўтди. Шундан кейин “Андижон” клуби вице-президенти Маъруф Абдисаломов шундай деди:

Ҳозирги қилаётган ишларимиз футболимизни юксалтириш билан боғлиқ. Академиямизда ёшлар билан ишлаш тизимини асосий ўринга олиб чиқмоқчимиз. Виктор Жалилов “Андижон” клубида спорт директори лавозимида иш бошлади. Шу билан бирга футбол академиямизга ҳам ўзи бош-қош бўлади. Бизга бундай инсонлар керак деб ҳисоблаймиз. Бош мураббийимизнинг икки томонида тажрибали мутахассислар бўлса, бу иш унумдорлигини ҳам оширади. “Андижон”ни яна жон сақлаб қолиш учун курашадиган жамоа бўлиб қолишини хоҳламаймиз. Шу боис кўриб турганингиздек, тажрибали мураббийларни таклиф қилдик. Қолаверса, айни пайтда “Соғлом авлод” стадионимизда ҳам кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Стадионимиз бутунлай янгича қиёфага киради. Вилоятимиз ҳокими бундай ишларга жиддий қарамоқда. 2019 йилда стадион таниб бўлмас даражада ўзгаради, - дея фикр билдирди, Абдисаломов.

Шундан сўнг “Андижон” клубининг янги спорт директори Виктор Жалиловга сўз берилди.

Сўзим бошида мени ишга чақиришгани ва ишонч билдирганлари учун вилоят раҳбарияти, клуб мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дея гап бошлади Виктор Романович. - Умид қиламанки, футболда тўплаган тажрибаларим эвазига “Андижон”да зиммамга юклатилган вазифани тўлиқ адо этаман. Мураббий сифатида “Навбаҳор”, “Пахтакор” ва миллий терма жамоада ишлашга улгурдим. Ўйлайманки, ўтган йиллар давомидаги тўплаган тажрибам ва билимим янги иш жойимда қўл келади. Ахир Суперлигага кўтарилган “Андижон” олдига катта вазифалар қўйилган.

Биринчи навбатда вазифаларни бажаришда ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари қўл келишини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Асосийси, вилоят раҳбариятининг бевосита аралашувисиз олдинга силжишнинг иложи йўқ. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевичнинг саъйи-ҳаракатлари эвазига “Андижон” тобора юксалмоқда. Бундай қўллаб-қувватлаш ҳисобига фақат олдинга интилиш керак. Ўзаро келишувга эришмасдан олдин шу масала юзасидан суҳбатлашган чоғимизда нафақат “Андижон”ни, балки бутун вилоят футболини янги даражага олиб чиқиш ҳақида атрофлича келишиб олдик. Аввало, ёшларни қанотимиз остига олган ҳолда улар билан жиддий шуғулланишимиз керак бўлади. Албатта, катта мақсадлар сари босиб ўтиладиган йўл осон бўлмайди. Устига-устак про-лига билан Суперлига ўртасидаги савияда сезиларли фарқ бор.

Футбол ичида анча йиллардан бери юрганимиз учун ишни нимадан бошлашни биламиз. 10 декабрдан бошлаб Элдор Сакаев ва Маъруф Абдисаломов билан боғланган ҳолда режаларни тузишга киришганмиз. Ҳар қандай жамоада кузатилгани каби “Андижон” ҳам Суперлигада ўз иштирокини мухлисларга ёқадиган даражада давом эттиришга ҳаракат қилади. Ҳозир энг муҳими, жамоани қандай шакллантиришдан иборат. Шаклланган жамоа билан эса кўп ишларни бажариш, мусобақа жадвалида юқори поғоналардан жой эгаллаш имкони бўлади. Андижон футболига бефарқ бўлмаганларнинг кўмагисиз белгиланган вазифаларни бажариш мушкул. Эртанги жамоа шундай даражага чиқиши учун ҳозирдан пойдевор қуриш ҳақида ўйлаш, ёшларни тарбиялаш хусусида қайғуриш, уларни руҳлантириш керак, - деди Виктор Жалилов.

Шу тариқа Жалилов Андижонда қизғин ишга шўнғиб кетди. Бундан ташқари, украиналик мутахассис Амет Мемет ҳам “Андижон”да ишлашга розилик билдирганидан хабарингиз бор. У жамоага янги йилдан қўшилади. Айтиш мумкинки, Амет Абдуллаевич Элдор Сакаевга яқиндан ёрдам беради. Хуллас, мураббийлар штабидан кўнгил тўқ. Бу ёғи эса энди таркибдаги ўзгаришларга боғлиқ. Айни пайтда селекция ишлари қизғин тарзда давом этяпти. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!