Виктор Кумиков АГМКдан нега кетганини айтди

Россиялик мутахассис Виктор Кумиковнинг АГМКдаги фаолиятига якун ясалганидан хабарингиз бўлса керак. Афсуски, жамоа унинг бошчилигида мухлислар кутган натижаларни кўрсата олмаётганди. Шу сабабли раҳбарият Виктор Балютовични истеъфога чиқаришга қарор қилди. Биз эса АГМК билан хайрлашган мураббийнинг бу борадаги фикрларини билишга уриниб кўрдик. 

- Айтишларича, ўз хоҳишингиз билан истеъфо берган экансиз. Нима бўлди, бунинг сабабини гапириб бера оласизми?

- Амалдаги шартномам 1 июндан сўнг ўз кучини йўқотарди. Шунинг учун кетишга қарор қилдим. Бу хусусида мутасаддилар билан келишиб ҳамкорликни тўхтатиш яхши бўлишини тушуниб етдик. Бунинг бошқа ҳеч қандай сири йўқ.

- Демак, ҳаммаси шартнома билан боғлиқ экан-да?

- Ҳа, тўғри айтдингиз. Раҳбарият билан ўртадаги шартномани ўзаро муҳокама қилган ҳолда тўхтатиш ҳар томонга ҳам қулай бўлади. Кубок доирасида “Насаф”га қарши ўйин олдидан шу хусусида раҳбарият билан гаплашгандим. Улар бу борадаги қароримни ижобий қабул қилишди.

- АГМКни салкам икки йил давомида бошқардингиз. Жамоада олиб борган ишингизга қандай баҳо берган бўлардингиз?

- Бундоқ олиб қараганда, қандайдир ғайриоддий натижаларга эриша олмадик. Доимгидек клуб миқёсидаги иш жараёни давом этди. Чемпионат ва Кубок доирасидаги иштирокимиз ҳақида батафсил тўхталишим шарт эмас. Шундоқ ҳам ҳамма АГМКнинг ушбу мусобақаларда қандай иштирок этганидан яхши хабардор. Биз асосан жамоани кучайтириш йўлида иш олиб бордик. Уни ҳар қандай рақибга қарши муносиб тўп суришига ҳаракат қилдик. Умуман айтганда, биз ўйиннинг барча жабҳалари устида иш олиб бордик. Ўзингиз билсангиз керак, бундай жараён дарҳол ниҳоясига етмайди. Энди бу йўлдаги ишларни бошқа мураббий давом эттиради. Ўз навбатида биз ўзгача йўналиш бўйлаб кетамиз.

- Виктор Балютович, яқинда жамоани молдавиялик ҳужумчи Вадим Чемиртан тарк этди. Энди эса клубни сиз тарк этмоқдасиз. Ўзи жамоада нима бўляпти?

- Чемиртанда ҳам шартномасида шундай банд бор эди. У ўша банддан фойдаланган ҳолда кетишни маъқул топди. Афтидан, Чемиртанга нимадир ёқмаган кўринади. Аммо бунинг сабабини ўзидан сўраганингиз маъқул. У кетиш олдидан барча билан илиқ хайрлашди, ўйин жиҳатидан йўл қўйган хатолари учун кечирим сўрашни ҳам унутмади. Бир сўз билан айтганда, Чемиртан шартномасидаги қўшимча банддан фойдаланишни афзал кўрди. Бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ.

- Лутфулла Тўраев-чи?

- Тўраев ҳақида нима дейишни ҳам билмайман. У Олмалиққа қандай келган бўлса, кетган пайтида ҳам буни кўпчилик сезмай қолди.

- Очиғи жамоани қабул қилиб олган пайтингизда кўпчилик сиздан яхшироқ натижани кутганди. Аммо натижа у қадар ижобий чиқмади. Нима деб ўйлайсиз, бунинг сабаби чемпионатда рақобат кучли эканлигидами?

- Юқорида ўйиннинг қайси жиҳатлари борасида иш олиб борганимизни айтиб ўтдим. Юқори натижага эришиш учун аввало пойдевор қуриш керак бўлади. Мен ўша гапларим билан шунга урғу бердим.

- Янги форматдаги Суперлиганинг савияси ҳақида нима дея оласиз?

- Янги форматга кўра Суперлига савияси номига хамоҳанг тарзда ошди, буни тан олиш керак. Иштирокчи клублар сони қисқартирилгач, қолганлар ўртасидаги кураш кескин давом этади бошлади. Ўз навбатида футболчилар аввалгидан бошқача иштиёқ билан тўп суришга киришиб кетдилар. Умуман олганда, Суперлиганинг савиясини ижобий баҳолай оламан.

- Бундан кейинги режаларингиз қандай? Энди нима қилмоқчисиз: дам оласизми ёки янги иш бошлайсизми?

- Ҳозирча уйимга қайтаман, бир ҳафтача дам олмоқчиман. Кейин эса мавжуд вариантлардан бирини танлаш ҳақида ўйлайман.

- Демак, қаршингизда бир қанча вариантлар бор экан-да?

- Ҳа, таклифлар борасида нолисам айб бўларди. Бундай вариантлар менда доим бўлган. Ушбу гапим учун нокамтарликка йўйманг.

- Агар сир бўлмаса, хизматингизга қайси клублар кўз тикаётгани ҳақида гапириб бера оласизми? Ўша клублар Қозоғистонданми ёки ўзимиздаги жамоалар ҳам иш таклиф қилишяптими?

- Мени бундай саволлар билан қийнаманг. Қолаверса, бу хусусида бирор нарса деган чоғингизда бошқалар гапингизни турлича талқин қилишга тушадилар. Шу боис мендаги вариантлар сир бўлиб қолаверсин. Аслида шуниси маъқулроқ.

- Тез орада Россияда жаҳон чемпионати бошланади. Учрашувларни телевизорда томоша қиласизми ёки бевосита стадионлардами?

- Асосан телевизор орқали томоша қилмоқчиман. Чунки ишлашим керак, ўйинларни томоша қилиш учун стадионларга боришга вақт ажратишим қийин бўлади.

- Сизнингча, жаҳон биринчилигининг асосий фаворити ким?

- Доимгидек Германия, Бразилия ва Аргентина ғолиблик учун асосий даъвогарлар бўлиб қолишаверади.

- Сиз ёқтирган терма жамоа қайси?

- Россия. Ахир мен ватанпарвар бўлиб қолишим керак.

- Охирги савол: айни чоғдаги кайфиятингиз қандай? Назаримда, истеъфога чиқиб кетганингиз туфайли унчалик яхши эмасга ўхшайди ёки мен янглишяпманми?

- Кайфиятим ёмон эмас, кеча жамоадагилар билан хайрлашдим. Хайрлашувимиз ёмон чиқмади. Ҳеч ким бир-бирини хафа қилмади. Ахир жамоадан кетишни ўзимиз истадик. Кетиш олдидан бир-биримизга омад тиладик.

- Узр, яна бир савол туғилиб қолди. Олмалиқ клубига Бахтиёр Ашурматов бош мураббий этиб тайинланди. У ҳақида нима дея оласиз?

- Мен уни асосан футболчи сифатида яхши билганман. Аммо мураббий ролида қай даражада ишлаб келаётганига кўп қизиқмаганим боис унинг бу борадаги савиясига баҳо беришим нотўғри бўларди. Ҳаммасига олий ҳакам – вақт жавоб беради.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!