“Хотира-79” жамоасига техник мағлубият ёзилди
Ads

Про лига 28-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Ғиждувон” – “Хотира-79” учрашуви ўтказилмайди. Бунда мезбонларга техник ғалаба, меҳмонларга эса техник мағлубият ёзилади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда. 

Чунки “Хотира-79” жамоаси сафар учрашувига мураббийлар штабисиз ташриф буюрди. Ғиждувонга Уйчидан фақатгина 14 нафар футболчигина келди холос. Жамоанинг натижаси учун жавоб берадиган мураббий, жамоага масъул – маъмур, футболчилар соғлигига жавобгар саналувчи клуб шифокори эса номаълум сабабларга кўра ўйинга кела олмади. Шу сабабдан учрашув комиссари ўйин ўтказилмаслигини лозим топди.

Таъкидлаш жоиз, олдинроқ Уйчи туманининг “Хотира-79” клубига Про-Лига 22-туридан жой олган “Лабса” — “Хотира-79” сафар ўйинига ҳам бора олмагани сабаб техник мағлубият ёзилган эди.

Давралар оралиғида молиявий муаммоларга дуч келган мазкур клубнинг Про лигада иштирокини давом эттириши масаласи тез кунларда ПФЛ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.  

Ўз олдига ҳеч қандай мақсад қўя олмайдиган ва фақатгина бугунги куни билан яшайдиган клублар билан чемпионат савиясини кўтариш қийин. Келаси йилдан бошлаб бу каби жамоалар формати ўзгарадиган 2-лига мусобақаларида иштирок этиши мумкин. Про-Лигада эса Суперлиганинг минимал талабларига жавоб бера оладиган клубларгина қолдирилади.