Яна катта умидлар билан ёхуд Ўзбекистон ОТЖнинг Осиё чемпионатидаги муваффақиятини ёдга оламиз

Бугундан Таиланднинг Сонгхла, Бурирам ва Бангкок шаҳарларида 23 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпионати старт олади.

photo_2020-01-08_06-46-27

Гуруҳ босқичида Ўзбекистон олимпия термаси Эрон, Хитой ва Жанубий Корея жамоалари билан куч синашади. Қитъа биринчилигида Олимпиада йўлланмаси учун кураш кечади ва кучли учликдан жой олган жамоалар Токио-2020 чиптасини қўлга киритади. Қитъа чемпионатига муносиб тайёргарлик олиб борган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси айни пайтда мусобақа доирасидаги илк ўйинини ўтказадиган Сонгхла шаҳрига етиб келган ва биринчи учрашув - Эронга қарши баҳсга ҳозирлик кўрмоқда. Турнир олдидан мусобақа тарихи борасида сўз юритамиз.

U-23 Осиё чемпионати – энг ёш мусобақалардан бири. Мазкур биринчилик йўлга қўйилганига кўп бўлмади. 2013 йили асос солинган турнир шу пайтгача 3 марта ўтказилди. Чемпионатда 16 та терма қатнашади. Беллашувлар январь ойида бўлиб ўтади.

Дастлабки турнирга Уммон мезбонлик қилган эди. Вакилларимиз илк уринишда гуруҳ босқичида тўхташган. Чемпионлик Ироққа насиб этган. Кумуш медални Саудия Арабистони, бронзани эса иорданияликлар қўлга киритган.

2016 йили чемпионат Қатарга ишониб топширилди. Бу гал ҳам ҳамюртларимиз гуруҳдан чиқа олишмади. Япония совринни боши узра баланд кўтарди. Жанубий Корея финалда “кунчиқар юрт” вакилларига имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўрин дастлабки чемпион Ироққа насиб этди.

u23

Учинчи чемпионатга Хитой мезбонлик қилди. “Чин юрти” биз учун чиндан ҳам омадли чиқди. Аввалги уринишларда гуруҳдан нарига ўта олмаган олимпиячиларимиз Равшан Ҳайдаров қўл остида кубокни бошлари узра баланд кўтаришди. Қуръага кўра, Ўзбекистон мезбон – Хитой, шунингдек Қатар ва Уммон билан “А” гуруҳидан жой олди.

Вакилларимиз мусобақани Қатардан мағлубият билан бошлашди. Иккинчи турда хитойликларни ягона гол эвазига таслим этдик. Квартетдаги охирги баҳсда Уммонни ҳам минимал ҳисобда енгдик. Гуруҳ босқичини 6 очко жамғарган ҳолда 2-ўрин билан якунладик. Биздан юқорида барча учрашувларда ғалаба қозонган Қатар турарди.

Чорак финалдан рақиблар жиддийлашиб бораверди. Бу босқичда ҳамюртларимизга амалдаги чемпион Япония рўбарў келди. Лекин йигитларимиз “кунчиқар юрт” футболчиларини биринчи тайм охирида нокаутга учратишди. Яъни 31, 34 ва 39-дақиқаларда голлар уриб, якунда йирик 4:0 ҳисобида зафар қучишди.

uzbek-u23-vietnam

Ярим финалда Равшан Ҳайдаров шогирдлари Япония устидан эришилган ғалаба тасодиф эмаслигини исботлашди. Жанубий Корея биринчи таймда Забиҳилло Ўринбоев киритган тўпга жавоб беришни уддалади. Иккинчи бўлимда жамоалар дарвозаларга йўл топа олишмади. Экстра таймларда эса Азизжон Ғаниев, Жасурбек Яхшибоев ва Акрамжон Комилов киритган голлар финал эшикларини очди.

532582924482797757

Ҳал қилувчи беллашувда Вьетнам билан куч синашдик. Қор остида кечган дуэль курашларга бой бўлди. Тезкор гол киритдик. Рустамжон Ашурматов боши билан тўпни тўрга йўллади. Бироқ дастлабки 45 дақиқалик охирида рақиб футболчиси стандартдан гол уриб, мувозанатни тиклади. Майдондаги қорни тозалаш туфайли салкам бир соат давом этган танаффусдан сўнг футболчиларнинг ҳаракатларидан наф чиқмади. Натижада қўшимча таймларга мурожаат қилинди. Захирадан ўйинга қўшилган Андрей Сидоров “сеҳрли таёқча” вазифасини аъло даражада бажарди. Майдонга тушганига ҳали кўп бўлмаган Сидоров учрашувнинг охирги дақиқасида гол уриб, жамоамизнинг тарихий ғалабасини таъминлаганди.

7360903

Шу ўринда Равшан Ҳайдаровнинг топқирлиги ва довюраклик намойиш этгани эътиборга молик. У ўйин охири эканлигига қарамай ҳимоячи ўрнига ҳужумчини майдонга тушириб, таваккал қилишдан қўрқмади. Футболчиларимиз мусобақани мағлубият билан бошлаб, ўзларини йўқотмасдан ирода намойиш этишди. Натижада терма жамоамиз илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

ravshan

Охиригача курашган вьетнамликлар кумуш медалларига эга чиқишди. Бизни гуруҳда енгган Қатар учинчи ўринни банд этди. Шу ўринда кўпчилик ушбу мусобақада етакчи жамоалар ёшлар билан ташриф буюрганини, бу эса бизникиларга қўл келганини таъкидлади. Тўғри. Аммо чемпионатга қандай таркибда бориш ҳар кимнинг ўз муаммосидир. Энди Любинко Друлович шогирдлари унвонни ҳимоя қилишлари керак. Бу осон эмаслигини барча яхши билади, бироқ уддаласа бўладиган вазифа. Энг асосийси, ҳамма чин дилдан ҳаракат қилиб, ортида миллионлаб халқимиз турганини унутмаган ҳолда майдонга чиқиши лозим. Ана шундагина футболчиларимиз мақсадларига етишишади.

Умид қиламизки, олимпиячиларимиз Таиланддан камида Токио-2020 йўлланмаси билан қайтишади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!