Ёрқин Назаров: "Ҳужумчи бир ўйинда 20 та, ярим ҳимоячи 50 та хато қилади, шуни биласизми? Дарвозабоннинг 1 та хатоси ҳамманинг кўзига кўринади"
“Андижон” – “Қўқон-1912” (1:2) ўртасидаги учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:
- Фикримча, бугун яхши ўйин бўлди. Мухлислар зерикиб қолишгани йўқ. Футболчилар қўлидан келганича ҳаракат қилишди. Дебютимизни ҳеч бўлмаганда дуранг билан бошламоқчи эдик. Омад келмади. Пенальти – бу 50х50 лотерея. Ўйинга тўрт кун вақтимиз бор эди. Футболчилар нимани истаётганимизни тушунганини кўриб турибман. Ғалабали ўйинларимиз ҳали олдинда.
- Кечирасиз, ҳимоячи ва дарвозабоннинг болаларча йўл қўйган қўпол хатоларини қандай қилиб яхши ўйин, дейиш мумкин?
- Иккала гол ҳам дарвозабонимизнинг хатолари билан содир бўлди. Мен бу хатоларни айтмаяпман. Ўйиннинг умумий картинаси ҳақида гапиряпман. Булар тирик одамлар, хато ҳаммада бўлади. Бунинг учун уларни захирага олиб қўя олмайман. Ҳужумчи битта учрашувда 20 марта хато қилади, шуни биласизми? Ярим ҳимоячи эса 50 та хато қилади. Дарвозабон 1 та хато қилади ва мана шу хатоси ҳаммамизнинг кўзимизга кўриняпти. Ҳа, посбонимиз хато қилди, айб унда. Бу ёмон ўйнадик, дегани эмас.
- Сизга ҳам маълум вақт берилишини талаб қиласизми ёки Отабек Ғуломхўжаевнинг услуби бўйича давом этасизларми?
- Йўқ, унинг услуби бўйича кетмаймиз. Таҳлил қилаётган бўлсанглар, олдингиларга қараганда ўйинимиз бошқа тарафга ўзгарган. Менга вақт бериш кераги йўқ. Бугунги учрашувда ҳам шогирдларимдан фақат ғалабани талаб қилдим. Журналист савол берганидек, иккита “детский” хато туфайли ютқаздик.
- Бугун Мартин Боаке жуда яхши ўйнади. У катта ҳажмдаги ишни бажарди. Гол урди, пенальти ишлади. Илгари унинг ўйини “очилмаётганди”. Қандай қилиб легионернинг ўйинини ўзгартира олдингиз?
- Тўрт кун вақтимиз давомида олдинги бешта ўйинни таҳлил қилиб чиқдик, мураббийлар штаби билан. Боакенинг нимага ўйнай олмаётганини ҳам ўргандик. Унинг кучли томонларини ўрганиб чиқдик. Машғулотларда бу борада қаттиқ ишлагандик. Мартин бугун кучли томонларини кўрсатди. Бунинг устидан яна ишлаймиз, яна голлар уради.
- Жамоа 70-дақиқадан кейин шиддатли ўйин кўрсатди. Мана шундай ўйинни бошидан кўрсатиш учун нима керак?
- Сўнгги 20 дақиқа ичида биз ютқазаётгандик. Ўйинни ютмоқчи эдик. Шу боис охирларида йигитлар ўйинга янада қўшишди. Ўзи мағлубиятга учраётганда шунақа бўлади.
- Жамоа фақат ютқазаётганда шундай ўйин намойиш қиладими?
- Йўқ, ютаётганда ҳам. Дастлабки дақиқаларда рақибга мана шундай ўйин таклиф қилганимизда ҳимояда нима бўлишини билмасдик. Тўғриси, ҳимояни ҳам ўйладик.
- Жавоҳир Қиличевга кейини ўйинларда ҳам имконият бериладими?
- Албатта. Исталган дарвозабон хато қилиши мумкин. Мағлубиятимизни унга ағдармаяпман. У ўз устида ишлайди. Янги дарвозабонлар мураббийи келган. Ишласин. Қиличевни ёшлигидан биламан. Уни статистикасини кузатсангиз, икки йил дарвозада турмаган. Жароҳат олган. Бу йил ҳисобидан унинг “Андижон”даги иккинчи ўйини. Қиличев ҳозир автобусда сиқилиб ўтирибди. Унга яна нимадир дейиш нотўғри. Унга яна имконият берамиз. Кейинги учрашувда қайси посбонни майдонга туширишни ўйлаб кўрамиз. Жавоҳирни ўтказган голлари учун захирага ўтказиб қўймаймиз.
Фикрлар