Ёш бадминтончилар Бухорода куч синашди
Бухорода бадминтон бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат биринчилиги бўлиб ўтди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 200 га яқин ёш спортчи 2 ёш гуруҳида ғолиблик учун баҳслашди.

2003-2004 ва 2005-2007 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида тегишли равишда Бухоро вилоятидан Ҳ.Барноев, Навоийдан М.Ғаниева, Тошкент шаҳридан И.Баринов, Б.Қосимжонова ғолибликни қўлга киритди.

Жуфтлик баҳсларида Навоий вилояти вакиллари ғолиб бўлди. Аралаш мусобақаларда ҳам навоийлик бадминтончилар М.Ғаниева – Р.Сатторов биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг жамоавий баҳсларида мезбон спортчилар ғолиб бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Андижон ва Хоразм вилоятлари бадминтончилари сазовор бўлди.

Мусобақа ғолиблари медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.