"Ёшим ҳали катта эмас, жамоамизда баланс бор, чемпионлик "Насаф"га кетгани ҳақида гапиришга эрта" ёхуд Олег Зотеев қаердан куч оляпти?

Иван Бошкович бошчилигидаги “Сўғдиёна” чемпионатда анча сермазмун ўйин кўрсатиб, айни пайтда “Насаф” ва ОКМКдан кейин 3-ўринда турибди. Жамоа таркибида келажаги порлоқ, иқтидорли ёшлар кўп.

Шунингдек, ёши катта тажрибали футболчи сифатида Олег Зотеев уларга ўрнак кўрсатмоқда. Жамоа сардори майдонда ёшлардан қолишмаган ҳолда ўз тажрибаси билан “Сўғдиёна”га фойда келтиряпти.

Sports.uz журналисти Олег Зотеевдан интервью олди.

- Олег, "Сўғдиёна" мавсумни ажойиб тарзда ўтказяпти ва ҳозирда 3-ўринда. Бундан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

-  Мавсум бошидан ҳеч ким “Сўғдиёна” юқори ўринларда юради, деб ўйламаганди. Ўзим ҳар доим максимал даражада натижа хоҳлайман. Ҳозир қониқяпмизми-йўқми, барчаси чемпионат тугаганидан кейин билинади. Негаки, ҳали 9 та тур бор. Шунинг учун ҳамма нарса бўлиши мумкин. Максимал даражада натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Қандай ўтганини мавсум якунида гаплашамиз.

- Таркибда ёшлар кўп ва сиз ёши катта футболчи сифатида иккинчи ёшлигингизни ўтказяпсиз, шундайм? Ёшлар билан тўп суриш сизга қандай туюлмаяптими?

- Тўғри (кулади). Жамоамизда баланс бор. Ёши катта фуболчиларимиз ҳозирча 60х40. Захирада ҳам ёшлар бор. Лекин катта ўйинчилар ҳам бор. Кимдир иккинчи ёки учинчи ёшлигимни ўтказаётганим ҳақида айтишади. Нечани ёшлигимни ўтказаётганимни билмайман (кулади). Лекин ҳар куни спорт формамни яхши даражада ушлаб туришга ҳаракат қиляпман. Ёшлар билан ишлашда бироз қийинчиликлар бор, аммо яхши жиҳатлари ҳам бор. Бунга мослашиб қолганман. Биз ҳам ўз пайтида ёш бўлганмиз ва ўсганмиз. Улардан қолишмаяпман ва керак бўлса юқори даражада машғулотларни ўтказяпман. Шунингдек, доим ёшларга ёрдам бериб, уларни қўллаб-қувватлаяпмиз.  

- Сиз кўплаб мураббийлар билан ишлагансиз. Иван Бошковичнинг сиз учун бошқалардан фарқли томони нимада?

- Ўзингиз биласиз, ҳар доим бундай саволга мавсум тугаганидан кейин жавоб бераман. Битта нарсани айтаман: ҳар бир мураббийни кучли тарафлари бор. Бошковични ўзига яраша жуда кўп кучли жиҳатлари бор. Қолганини мавсум тугаганидан сўнг гаплашамиз.

- Кўпчилик сизни ёши катта, ёрдами унчалик тегмайди деб ҳам ўйлашганди. Аммо "Сўғдиёна"да ҳақиқий етакчига айландингиз. Бу нима билан боғлиқ ва қаердан куч оляпсиз?

- Ўйлайманки, мени ҳали ёшим у қадар катта эмас. Бошқа чемпионатларга қарасангиз 38-39 ёшли футболчилар бор. Италияда 37, 38, 39, 40 ёшгача бемалол футбол ўйнайдилар. Менимча, тўғри режим қилсангиз ва жароҳат олмасангиз ўйнайверасиз. Албатта, жисмоний ҳолатингиз ҳам яхши бўлиши керак. Иньеста, Малдини, Коларов сингари футболчилар бемалол тўп суришган. Жанубий Корея чемпионатида тўп суриб келдим. У ерда ҳам 38-39 ёшли ўйинчилар яхши клубларда ўйнашади. Мисол учун, “Чонбук Моторос”да 36-37 ёшли ҳимоячилари бор. Менимча, аллақачон ёшга аҳамият бермаслик керак. Жисмоний ҳолатига эътибор қаратиш лозим. Ким нима дейди, билмайман. “Сўғдиёна”га қанчалик ёрдамим тегаётганини мавсум охири кўрсатади. Ҳозир эса шу нарса ҳақида гапиришга эрта. Кучни қаердан оламан? Режим, овқат орқали куч оламан. Мотивация деган нарса ҳам бор. Мотивация орқали ҳам маза қилиб ўйнагим келади. Фарзандларим ўйинларимни кўриб маза қилишларини истардим. Худо хоҳдаса, шундай бўляпти. Болаларим ўйинларимни кўриб эсда қоладиган бўлиши керак. Шу нарса ҳам менга куч ва мотивация беради. Оиламни қўллаб-қувватлаши ҳам менга катта куч беради.

- Ўзбекистон Кубоги финалига “Навбаҳор” билан “Андижон” чиқди. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон Кубоги финали ҳақида фикр билдиришим қийин. Нимага десангиз, деярли икки ҳафталик танаффус. Кейин чемпионатда 3 та тур бор. Шундан сўнг Фарғонада финал бўлади. Менимча, имкониятлар 50х50. Икки ҳафта футбол ўйнамасдан спорт формани ушлаб туриш клубларга қийин. Октябрь бошида кимда жароҳатлар камроқ бўлса, ким руҳий тарафдан яхши тайёргарликка эга бўлса, ўша жамоа Кубокни ютади. Битта ўйин учун ҳар қандай жамоа пухта тайёрланиб, мақсадига эришса бўлади. Бунга кўп мисоллар бор. Финалларда кичкина жамоалар катта жамоаларни ютган. Битта ўйин барибир битта ўйин. Шунинг учун имкониятлар тенг. Бу мавсумда “Навбаҳор”га ҳам, “Андижон”га ҳам қарши ўйнаганман. Ҳар бир жамоани ўзига яраша кучли тарафлари бор.  

- “Сўғдиёна”нинг асосий вазифаси нима? Чемпионлик “Насаф”га кетди, деб ўйлайсизми?

- “Насаф”га чемпионлик кетгани ҳақида гапириш эрта. Ҳар йили “Насаф” юқорида борган ва иккинчи даврани охирларида ўйинларини яхши ўтказа олмаган, очколарни йўқотган. Натижада 1-ўринни шундай тарзда бир неча бор бой бериб қўйган. Энди “Насаф” ОЧЛдаги иштирокини ҳам бошлайди. Шу нарса ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо ҳали “Насаф” чемпион эмас. Бу аниқ. “Сўғдиёна”ни вазифаси ҳар учрашувда ғалаба қозониш. Қолганини мавсум охирида кўрамиз. Жамоамиздаги футболчилар қайси ўринни оламиз, деб ўйлашмаяпти. Мақсад ҳар бир учрашувда ғалабани қўлга киритиш.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mahmud Ttww
03/09/2024 18:20
Сўғдиёна кучли учликда якунласа керак.