Юрий Сёмин Жалолиддиновнинг омадсиз трансферига нима сабаб бўлганини айтди ва унга қандай маслаҳат берди?

Москванинг “Локомотив” клубида бир неча йил фаолият олиб борган таниқли мутахассис Юрий Сёмин sports.uz мухбирига берган интервьюсида кўплаб қизиқарли мавзулар ҳақида гапирди.

Ўтган йили ҳамюртимиз Жасур Жалолиддинов айнан “Локомотив” билан беш йиллик шартнома имзолаганди, аммо яқинда барчаси барбод бўлди. Сёмин эса суҳбат давомида ушбу ўйинчи билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам ўз муносабатини билдирди.

- Ҳа, бундан хабарим бор. Ўйинчингиз хусусида фикрим шундай: у атрофидагиларнинг гап-сўзларига қулоқ солмасдан, аввало, ўзи “Локомотив”дек клубда ўйнаб кета олиши мумкинлиги ҳақида обдон ўйлаб олиши мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ вакилингиз ёшлик қилиб ҳали бунга тайёрлигини билмаса ҳам, жамоа билан битим имзолашга қарор қилди.

Албатта, бу Жалолиддиновнинг атрофидаги кишиларнинг ташаббуси туфайли юз берганига шубҳам йўқ. Улар Жасурга тўғри қарор қабул қилиш имконини қолдирмаган кўринади. Менимча, Жалолиддинов якуний тўхтамга келиш олдидан бу масалани мураббий билан юзма-юз учрашган ҳолда муҳокама қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, ўйинчингиз ўзи тўп суриши мумкин бўлган янги жамоадаги вазиятни ўз кўзлари билан кўриши керак эди. Асосийси, футболчи бўлажак мураббийнинг режасига тўғри келиши, яъни – унга асқотиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини билиб олса, шу аҳволга тушмаган бўларди.

Афтидан, унга “Локомотив”ни тавсия қилганлар шошилинч қарор қабул қилишига мажбур этган кўринишади. Менимча, бу ишни агентлар ёки футболчингиз атрофида бўлган бошқа кишилар фавқулодда жуда тез амалга оширишни маъқул кўрган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу боисдан ҳам Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив”га кўчиб ўтиши ўта омадсиз трансферга айланди. Ёш, боз устига келажаги порлоқ, дея қаралаётган ўйинчи учун бир йилни шунчаки оворагарчиликлар билан ўтказиб юбориш жуда катта йўқотишдир.

Мен футбол соҳасини яхши билганим учун нима деяётганимни тушунаман. Албатта, ҳар қандай ёш ўйинчининг бундай таклифдан боши айланиб қолиши турган гап. Вазият унинг зарарига ишлар экан, футболчи ўзидаги энг яхши хусусиятларни йўқотишга тушади. Ўйин амалиёти бўлмас экан, ижрочи бор маҳоратини ҳам йўқота бошлайди. Ўз навбатида, унда руҳий тушкунлик юзага келмасдан қолмайди. Шунинг учун ҳам ёшларга маслаҳатим, аввало бир тўхтамга келишдан олдин атрофингиздагиларнинг эмас, балки ўзингизнинг юрагингизга қулоқ солинг.

Футболчи атрофидаги кишилар унга у ёки бу клубга кўчиб ўтсанг яхши бўлади, дея турли тавсияларни беришлари мумкин. Негаки, уларнинг ҳам ўз манфаатлари бор. Яъни, шундай инсонлар футболчи орқали аввало ўзларини ўйлашлари турган гап. Бир сўз билан айтганда, Жалолиддиновнинг шошма-шошарлик билан “Локомотив”га кўчиб ўтиши пировардида умуман ўзини оқламади. Балки унинг кўчиб ўтиши атрофидагилар учун омадли чиққан бўлиши мумкиндир. Лекин айнан Жасур учун бу катта йўқотиш бўлди, дея баралла фикр билдирса бўлаверади. Ҳаётда шунақа ишлар ҳам юз бериб туради. Жалолиддиновга маслаҳатим шуки, у ўзи тушиб қолган мураккаб ҳолатдан чиқиб кетишга интилиши керак. Бунинг учун ўйинчингизга ирода кучи ва қатъий характер зарур. Бахтга қарши у бир йилни шунчаки ўтказиб юборди, - дейди "Локомотив"нинг собиқ устози.

Тез орада Юрий Сёмин билан уюштирилган қизиқарли суҳбатни тўлиқ кўринишда сайтимизда ўқишингиз мумкин. Sports.uzни кузатишда давом этинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!