“Ювентус” - “Интер”: Италия Кубогининг илк финалчиси маълум бўлади (превью)

Апеннин ярим оролида Италия Кубоги ярим финалининг жавоб учрашувлари бошланмоқда. Жорий ҳафтада биз ушбу турнир финалчиларини билиб оламиз. Эътиборлиси, ҳар иккала қарама-қаршиликда яққол фаворитлар мавжуд эмас. Ҳа, “Ювентус” “Жузеппе Меацца”да ғалаба қозониш орқали жавоб баҳси олдидан яхшигина имконият ҳосил қилиб олди. Амалда эса, барчасини ўзи учун ижобий томонга ўзгартириш учун Антонио Контеда яна 90 дақиқа мавжуд. 

Ушбу босқичнинг бошқа бир тўқнашувида “Аталанта” ҳамда “Наполи” клублари кураш олиб бормоқда. Дастлабки ўйин Неаполда кечди ва томонлар нурсиз дурангга имзо чекди. Бергамода бўлиб ўтадиган беллашувда жамоалар барчасини ҳал қилиб олади. 

Бугун биз ҳозирги кун Италиясининг энг катта қарама-қаршилиги ҳисобланадиган баҳснинг иккинчи қисми олдидан фикр алмашамиз. 

EtvUlJgXYAMJnHH

“Ювентус”

Тан олиш лозимки, “Ювентус” Миландаги учрашувда яққол устунлик эвазига ғалаба қозонмади. Пенальти бўйича эътирозлар ҳамон бўлмоқда. Чап қанотдан жарима майдонига узатилган тўп, аслида, анча ноаниқ кетган эди. Аммо Куадрадо кутиб тургандек рақиб футболчиси тегиниши билан ётиб олди. Ҳа, ҳимоячи колумбиялик лотералга нисбатан контакт амалга оширди. Бироқ, бу нақадар пенальтига лойиқ эди?! Майли, футбол қоидалар асосига қурилган ва ВАРнинг ўз вазифасини бажарганини эътироф этишимиз лозим. 11 метрлик зарбани Криштиану шу қадар ишонч билан амалга оширдики, Самир Ханданович ўз жойида турган тақдирда ҳам, бундай кучли зарбани қайтариши амри-маҳол эди. 

Иккинчи голда эса, ҳимоячи ва дарвозабон бир-бирини огоҳлантирмай, тўпга томон ҳаракатланди. Улар ўртасидаги тушунмовчиликдан португалиялик юлдуз моҳирона фойдаланиб кетди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бундан кейин, иккинчи таймда Куадрадо томонидан яратилган вазиятдан бошқа ташқари, “кекса сеньора” “Интер” дарвозасига реал хавф туғдира олмади. 

Андреа Пирлони энг кўп хурсанд қилаётган жиҳат - Роналдунинг голеадорлик режимини қайта ишга туширгани бўляпти. Ҳа, у жорий мавсумда шундоқ ҳам “Олтин бутса” учун курашда жуда яхши имконият ҳосил қилган. Аммо январь давомида у кетма-кет учрашувларда рақиб постига йўл топа олмай қолди. “Ювентус” таркибида Уэстон МакКеннининг ўйини алоҳида эътиборга муносиб. Артур, Кулусевски, Кьеза каби футболчиларга сарфлангани каби улкан суммага олиб келинмаган ярим ҳимоячи анчагина фойдали ўйин намойиш этмоқда. 

Туринликларда жиддий йўқотиш мавжуд. Леонардо Бонуччи “Фиорентина”га қарши  А Серия баҳсида жароҳат орттириб олган. Қувончлиси, Маттейс Де Лигт тўлиқ ҳолда таркибга қайтган. Шунингдек, Мерих Демирал ҳам биринчи беллашувда бўлгани каби мудофаа марказини тўлдириши мумкин. 

Тинимсиз голлар ўтказиб юборишда давом этаётганига қарамай, Жанлуижи Буффон кубок ўйинларида дарвоза постини эгаллаб туришда давом этмоқда. Кичик муддатли танаффусдан сўнг, Родриго Бентанкур сафга қайтди. “Жузеппе Меацца”да бўлгани каби Деян Кулусевски Альваро Мората ўрнига Роналду билан тандем ҳосил қилиши кутиляпти. Андреа Пирло тахминан қуйидаги 11 футболчини асосий таркибда майдонга ташлайди. 

Тахминий таркиб: Буффон, Куадрадо, Де Лигт, Демираль, Данило, Бернардески, Бентанкур, Артур, Кьеза, Кулусевски, Роналду. 

EtxPeeGXYAEAMIw

“Интер”

Умуман олганда, “Интер”нинг кайфияти ёмон эмас. “Ювентус”га бой берилган ўйинни ҳисобга олмаганда, “нерадзуррилар” кетма-кет учрашувларда мағлуб бўлмай келаётганди. Миланда ўтказилган баҳс юқорида айтиб ўтганимдек, тенг курашлар остида кечди. Қайсидир маънода, фаоллик нуқтайи назаридан Антонио Конте шогирдлари “кекса сеньора”дан бир бош баланддек ҳам кўринди. Айниқса, ҳисобнинг айнан улар томонидан очилиши ўйинга қўшимча интрига баҳш этди. Комбинацион футбол намойиш этишда “Интер” анчагина устун эканини кўрсата олди. Конте ўз футболчиларининг вазиятларни якунлашдаги ҳаракатларини такомиллаштирмаса бўлмайди. Сабаби, “Ювентус”га қарши илк беллашувда “илонлар” нафақат ғалаба қозониши, балки йирик ҳисобда зафар қучиши ҳам мумкин эди. 

Жамоада бир қатор йўқотишлар мавжуд. Артуро Видаль ва Алексис Санчес карточкаларнинг кўпайиб кетгани боис дисквалификацияга учраган. Бошқа тарафдан, клуб етакчилари Ромелу Лукаку ва Ашраф Ҳакими қисқа танаффусдан сўнг, яна асосий таркибга қайтишга тайёр. Конте бугун катта эҳтимол билан Роберто Гальярдини хизматидан фойдаланади. Чилилик футболчи яхши спорт формасига чиқиб олган. 

Тахминий таркиб: Ханданович, Шкриньяр, Де Врей, Бастони, Ҳакими, Барелла, Эриксен, Гальярдини, Янг, Мартинес, Лукаку. 

EtxDEjtUYAYQvM_

Мураббийлар

Андреа Пирло: “Биз доимгидек “Ювентус” учун ўйнашда давом этишимиз керак. Ушбу баҳс катта қарама-қаршиликнинг иккинчи қисми. Финал йўлланмасини қўлга киритиш осон бўлмайди, рақиб - катта жамоа. 

Ҳисоб биз тарафдалигини унутиб ҳаракат қилсакгина, ўзимиз хоҳлаган натижага эришишимиз мумкин. Яъни, биринчи ўриндаги минимал ҳисобдаги ғалаба ҳеч нарсани исботлай олмайди. Рақиб ушбу беллашувга финалдек ёндашиб, агрессив футбол намойиш этиши аниқ. Бошқа нарсаларга чалғишга ҳаққимиз йўқ. Янада хотиржамроқ ўйнашимиз учун гол уриб олишимиз зарур. 

Таркиб хусусида кўп нарса айта олмайман. Буффон дарвоза постини қўриқлайди. Кулусевски дастлабки дақиқалардан майдонда бўлади. Қолганини вақт кўрсатади”. 

andrea-pirlo-juventus-ferencvaros_aw7fx7o9ygob19ui2kzzkxknt

Антонио Конте: “Интер” либосини кийган футболчи мухлисларнинг улкан ишончини қадрлаши ва фахр билан майдонга чиқиши зарур. Ғалаба учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш бизнинг доимий миссиямиз. Футболчилар шунчаки ғалаба учун ҳаракат қилиши ва келгуси босқичга чиқишга ишонган ҳолда майдонга тушиши зарур. Биз ушбу баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдик. 

Биринчи учрашувни унутишимиз лозим. Олдимизда яна 90 дақиқалик имконият мавжуд. “Ювентус”га қарши беллашувларда энг кичик имкониятларингиздан ҳам гол урмас экансиз, ғалаба қозонишингиз мушкул”. 

1604348020_525770_noticia_normal

Хулоса ўрнида

“Ювентус”нинг биринчи учрашувдаги иккинчи тайми, дарҳақиқат, анча пассив ўтди. Ҳа, Роналду захирага олингани бунга асосий сабаб бўлиши мумкин. Аммо, 36 ёшли футболчига тўлиқлигича суяниб қолиш туринликларнинг келгусидаги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши аниқ. “Интер”эса, вазиятларни бу тариқа кўкка совуришида ушбу беллашувда ҳам керакли натижага эриша олмайди. Туринлик ҳимоячилар Лукакусини қайтариб олган “Интер”га қарши жавоб учрашувида росмана тер тўкишига тўғри келади. Бу гал ҳам Буффоннинг суперсейвларига ишониб майдонга тушишнинг оқибати яхшилик билан якунланмаслиги мумкин. 

Туннинг қоқ ярмида ўтказиладиган тўқнашув сайтимизда матнли трансляция тарзида ҳам эътиборингизга ҳавола этилади. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар