«Ювентус»га ўтишга тайёрми? Элдор Шомуродов жавоб берди (Тўлиқ интервью)

Италиянинг «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов россиялик таниқли журналист Нобель Арустамян билан суҳбатлашди. Қизғин ўтган интервью жараёнида ватандошимиз кўплаб мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

- Сенинг жамоангда Стротман, Пандев, Сапата  сингари таниқли футболчилар тўп суради. Улар билан машғулот ўтказиш «Ростов»дагидан фарқ қиладими?

-  Бу ерда футбол анча кескинроқ. Машғулотлар чоғида ҳам бу кўзга ташланади. Ҳеч ким рақиби таниқли футболчи эканлигига эътибор қаратмайди. Ҳамма ўзига юклатилган вазифани бажаришга уринади. Италияда шунчаки ўтиб кетадиган машғулотлар йўқ. Тўғри, бу ердаги машғулотларнинг «Ростов»никидан фарқи бор. Жамоада гранд клубларда тўп сурган футболчилар жамланган. Машғулотлар анча мураккаброқ.

-  Сени ухлаб ётган ўрнингдан шартнома имзолаш учун олиб келишгани ростми?!

-  Тўғриси, менга аввал ҳам қизиқишлар бўлган. Шу боис, «Женоа»дан келган таклифни оддий қабул қилдим. Менежер ва агентларим музокаралар ўтказаётганидан хабарим бор эди. Ярим кечаси менга Қаҳҳор Мўминов қўнғироқ қилди. У барчаси ҳал этилганини, музокаралар сўнгги босқичдалигини айтди.

-  Ўрнингдан сакраб туриб, буни нишонладингми?

-  Йўқ, сабр билан кутдим. Якуний қарор чиқарилмагунига қадар ишонмадим. Мен бу кунни жуда узоқ кутган эдим. Европага йўл олиш учун босиб ўтган йўлимни хотирладим. Менда Саудия ва Қатар клубларидан таклифлар мавжуд эди. Улар каттароқ маош беришга қодир бўлса ҳам, Европани афзал кўрдим. Футболчи сифатида ўсмоқчиман. Ҳар доим кучли бешлик вакилларидан бирида тўп суришни орзу қилганман. Бу ердаги профессионалл футболни ҳис этмоқчи эдим.

-  Сенинг маошинг «Ростов»дагидан кўпроқми?

-  Кўпроқ, лекин мен бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Бу ердаги футболнинг тезлиги ва мухлисларнинг эътибори мени хурсанд қилмоқда.

-  Ҳозир сенинг ҳужумдаги шеригинг Маттиа Дестро. У билан тезда тил топишиб кетиш қийин бўлмадими?

-  Мен ҳеч қачон жамоадошларим билан тил топишиб кетишда муаммога дуч келмаганман. Агар инсон шеригига чин юракдан ёрдам беришга уринса, бунга албатта ижобий жавоб олиши аниқ.

-  Сен футбол учрашувлари йўқ пайтларда кечалари нима билан банд бўласан? Сени телевизор қутқаряптими?

-  Асосан дўстларим билан суҳбат қуришни хуш кўраман. Улар билан «PUBG» видео ўйинини бирга ўйнаймиз. Бунда бир вақтнинг ўзида суҳбатлашиш ҳам мумкин.

-  Асосан кимлар билан алоқага чиқасан?

-  Ўзбекистонлик футболчи дўстларим билан. Достон Ҳамдамов, Акром Комилов билан бирга вақт ўтказишни хуш кўраман. «Ростов»даги жамоадошларимнинг барчаси билан алоқаларим яхши. Улар орасида Бахтиёр  Зайнутдинов билан тез-тез гаплашиб турамиз.

-  Сен Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош кичик шаҳрида дунёга келгансан. Жарқўрғондан Генуягача қандай етиб келдинг?

-  Биринчи навбатда, инсон ўз олдига катта мақсадларни қўйиши керак. Кейин шу мақсадлар йўлида тинимсиз меҳнат қилиш лозим.  Шунингдек, омад ҳам жуда муҳим. Айнан омаднинг кулиб боқиши мени шу ерга олиб келди десам, адашмаган бўламан. Мен «Машъал» академиясида шаклландим. Кейин, Тошкентнинг икки клубидан таклиф келиб тушди. «Пахтакор»нинг имкониятлари юқори бўлишига қарамай, «Бунёдкор»ни танладим. Сабаби, у пайтлари клубда Сергей Лушчан мураббий сифатида фаолият олиб бораётган эди. Мен Ўзбекистон ёшлар жамоасидан чақирув олган пайтим, Лушчан билан бирга ишлаганман. Шу боис, унинг имкониятларини яхши биламан. Бу сўнгги қарорни қабул қилишимда муҳим омил вазифасини ўтаб берди.

-  Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ йўлланмасига эга чиқишини барча кутяпти. Бу қачон амалга ошади, деб ўйлайсан?

-  Умид қиламанки, бу мундиал Қатардагиси бўлади. Биз жамоа билан биргаликда қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Бу менинг ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири.

-  Италияда сен туғилиб ўсган Ўзбекистон ҳақида саволлар беришадими?

-  Жамоадошларим кўп сўрайди. Асосан, юртимдаги футбол ҳақида савол беришади. Ўзбекистон ҳақида уларнинг деярли барчаси яхши маълумотга эга. Ўзбекистондан келганимни эшитгач, уларнинг барчаси Самарқанд ва Бухоро ҳақида ўзи билган маълумотларни мен билан ўртоқлашди.

-  Италияда атиги 5 ой бўлдинг, аммо дарров гранд клублар эътиборига тушдинг. Сен бир қадам олдинга қадам ташлашга тайёрмисан? Ёки «Женоа»да кўпроқ қолмоқчимисан?

-  Тўғриси, келажакда нима бўлиши ҳақида бир нима айта олмайман. Мен ҳеч қачон янгиликлардан қочмаганман. Катта клубга йўл олишдан ва рақобатдан қўрқмайман. Аксинча, кучлироқ клубда тўп суриш ёқимлироқ. Мен барчасига тайёрман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)