
Фабио Каннаваронинг масъулиятсизлиги: “Гуанжоу Эвергранд”да нима содир бўлган эди?
Италиялик “Олтин тўп” соҳиби Фабио Каннаваро тез орада Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланиши мумкин. Бу ҳақда унинг ватандоши, таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди. Шунингдек, ЎФА ҳам расмий музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.
Собиқ футболчи учун Осиё футболи бегона эмас — у Хитой ва Саудия Арабистони клубларида ҳам фаолият юритган. Айтилишича, Фабио Каннаваро “Гуанчжоу Эвергранд” жамоасида ишлаган пайтида бир қизиқ воқеа содир бўлган.
Унга кўра, 52 ёшли мутахассис дастлаб лавозимидан четлатилган. Мазкур қарор жамоанинг Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалида мағлубиятга учрагани, ундан кейин “Хэнань” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагани ва “Шанхай СИПЖ” билан фарқ бир очкогача қисқаргани сабаб бўлган.
Клубни вақтинча ўша пайтда жамоа сардори бўлган Жэнг Жи бошқарган. Бироқ раҳбариятнинг фикри ўзгариб, Каннаварони қайта лавозимига тайинлашга қарор қилган. Расмий баёнотда айтилишича, собиқ “Реал Мадрид” ва “Ювентус” ҳимоячиси “ўз фаолияти юзасидан чуқур таҳлил ўтказиш ва ўз устида ишлаш мажбуриятини олган”.
Клуб раҳбарияти Каннаварони хатоларни тузатишдаги сустлиги ҳамда футболчиларни интизомга қатъий риоя этишга мажбурлашда етарлича талабчан эмаслиги учун танқид қилган. Раҳбарият, шунингдек, мураббийдан кўпроқ меҳнат қилишни, мураббийлар штабининг даражасини оширишни ва футболчиларни курашувчанлик руҳида тарбиялашни талаб қилган.
“Агар бир ишни қилаётган бўлсанг, уни энг зўр даражада бажар”,
— деган “Evergrande Group” раиси Ху Жиайин Каннаварога мурожаат қилиб.
Умид қиламизки, мутахассис Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийига айланса, катта масъулият ва тинимсиз меҳнат билан иш олиб боради. Агар 52 ёшли италиялик мураббий жамоа билан расмий шартнома имзоласа, у йилига тахминан 4 миллион евро маош олади.
Натижада, Каннаваро терма жамоалар орасида энг кўп маош олувчи тўрт мураббий қаторига киради. Ундан юқори ўринларда Карло Анчелотти (9,5 миллион евро), Томас Тухел (5,9 миллион евро) ва Юлиан Нагельсманн (4,9 миллион евро) жойлашган. 2018 йилда Россияда ўтказилган мундиалда Францияни чемпионига айлантирган Дидье Дешам эса 3,8 миллион евро маош олади.
Шу сабабли, агар катта миқдорда маблағ тўлаётган бўлсак, табиийки, юқори натижаларни талаб қилишга ҳам ҳаққимиз бор.
Комментарии
чунки, Узбекистонда барча лавозимда гапига жавоб бера олмайдиган, ма'сулиятсиз шахслар ма'сул лавозимга тайинланади!
хоким ё вазирлар орасида ма'сулиятли биронтасини курсата оласиз-ми?
уларни барчаси мухтарам президентимизни юзини ерга каратмокда