Алишер Саъдуллаев: Ярим финал ҳиндистонлик шахматчиларсиз ўтмоқда. Бу ҳам шахмат учун катта воқелик!
Бироз аввал Жаҳон кубоги доирасидаги Жавоҳир Синдаров - Хосе Мартинес ўртасидаги баҳс якунланди. Ушбу беллашув ўзбекистонлик гроссмейстернинг ғалабаси билан тугади.
Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ушбу ғалаба ва вакилларимизнинг мусобақадаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди.
"Ассалому алайкум ҳурматли дўстлар! Жуда ҳам катта байрам, хурсандчилик, ўзбек шахмати учун жуда катта воқелик. Сабаби тарихда илк марта иккита шахматчимиз ярим финалга чиқди.
FIDE байроғи остида Эсипенко ўйнайди, иккинчи шахматчи хитойлик Вей И. Иккита шахматчи Нодирбек Яқуббоев ва Жавоҳир Синдаров эса Ўзбекистондан.
Энг қизиғи мусобақа Ҳиндистонда бўлиб ўтмоқда. Ярим финал ҳиндистонлик шахматчиларсиз ўтмоқда. Бу ҳам шахмат учун катта воқелик. Нима учун бу турнир биз учун муҳим? Сабаби биринчидан турнирда 3 та ўйин 3 та билет - яъни 3 та муҳим йўлланма ўйналмоқда. 2 ва 3-ўринлар соҳиблари тўғридан-тўғри Номзодлари турнирига йўлланма олади ва катта миқдордаги соврин жамғармасига эга бўлади.
Номзодлар турнири нима дегани? Номзодлар турниридан сўнг Шахмат Тожи учун FIDEни бир қанча йўналишлари бўйича ҳар хил шахматчилар сараланади. Йил давомида ютган шахматчи, рейтинги юқори шахматчи, Жаҳон кубогида сараланган шахматчи. Самарқандда "Grand Swiss" турнири ўтказилганди. Лекин ушбу мусобақада йўлланма ололмагандик. Энди жуда катта имкониятимиз бор. Иккита йўлланмани қўлга киритишимиз мумкин. Биттаси аллақачон нақд. Сабаба ярим финалга чиққач, икки ўзбек бир-бири билан тўқнашади. Улардан бири финалга чиқади. Финал йўлланма нақд дегани. 3-ўрин учун баҳсда ҳам ғалаба бизга яна бир йўлланмани беради.
Бу ғалаба билан ҳаммани табриклайман. Бу бутун ўзбек шахматининг ғалабасидир. Омад шахматчиларимизни тарк этмасин", дея фикрларини билдирди Алишер Саъдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, ярим финал 21 ноябрь, жума куни бошланади.



Комментарии