
Ана холос! Coca Cola Суперлига ўйинлари марказлашган ҳолда ўтказилиши мумкин
Бугундан эътиборан, мамлакатимизда карантин чоралари кучайтирилганидан хабарингиз бор. Табиийки, бу футбол учрашувларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев шу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
"ЎзПФЛ Coca Cola Суперлиганинг 10-, 11- ва 12-тур учрашувларини марказлашган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказиш режасини ишлаб чиқишни бошлади.
Боиси авиа ва темирйўл қатновлари бўйича чекловлар клублар учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу борада клубларга расмий хат чиқарилди.
Марказлашган ҳолатда биз биринчи навбатда Суперлига учрашувлари давомийлигини сақлаб қоламиз, учрашувларни ва клубларни назорат қилишдаги қийинчиликлардан қисман холос бўламиз. Бунда албатта ИИВ, СЭС ҳамда МТРК, шунингдек, "Локомотив", "Бунёдкор", "Пахтакор", АГМК ва "Металлург" клубларининг қўллаб-қувватловига, қолган жамоаларнинг эса чемпионат учрашувлари тўхтаб қолмаслиги йўлида бир ёқадан бош чиқаришларига эришишимиз керак бўлади", - деб ёзади Имомхўжаев ўз телеграм каналида.
Комментарии