
Анчелотти кўплаб футболчиларнинг ҳолати ва “Бетис” ҳақида гапирди
Хабарингиз бор, Испания Ла Лигасининг 26-тури доирасида Карло Анчелотти бошчилигидаги “Реал Мадрид” “Бетис” билан баҳс олиб боради. Мазкур тўқнашувдан аввал италиялик мутахассис матбуот анжуманида иштирок этиб, шогирдларининг ҳолати ва рақиб ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Вальверде жароҳат олмаган ва режалаштирилган танаффусда ҳам эмас. Унинг кичик муаммоси бор, уни ҳал қилиш учун бироз вақт керак бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Федерико "Атлетико"га қарши ўйнай олади.
Асенсио ҳозирги кунда яхши формада. Аноетада содир бўлган воқеалар унга жуда катта таъсир қилди, аммо ҳозир у яхши ва ўйнашга тайёр.
Эртага мен энг яхши схемадан фойдаланаман. Бўлажак учрашувда уч очко жуда муҳим. Биз Ла Лига учун курашишимиз зарур.
Себальоснинг жароҳати биз учун катта йўқотиш бўлди. Унинг ўрнини Федерико, Чуамени, Модрич ёки Камавинга эгаллаши мумкин.
Айтганча, Рауль Асенсио ўнг қанот ҳимоячиси сифатида жуда яхши ўйнай олади. Агарда Родригодек ўйинчи қанотда бўлса, сизга ҳужумкор қанот ҳимоячиси керак эмас.
Мбаппе сафимизга қайтиб, яхши машғулот ўтказди. Килиан эртанги беллашувда бемалол ўйнайди.
Одамлар Лука Модрич 39 ёшда бўлгани учун ҳар уч кунда ўйнай олмайди, дейишади. Мен бемалол айта оламан, Модрич кетма-кет 2 та ўйинни муаммосиз ўтказа олади. У жорий мавсумда жароҳат олмаган кам сонли футболчилардан бири. Лука ажойиб, яхши машқ қилади ва жисмоний ҳолати аъло даражада.
Биз Винисиусни жамоа сардори деб тайинладик. Унга катта маъсулиятни юкладим, Жуниор эса буни уддалади. Шу билан бирга, жамоадошларнинг барчаси Винини қўллаб-қувватлади.
Антонининг дисквалификацияси ҳақида ҳеч нарса демайман. Фақатгина Беллингемга нисбатадан ноҳақлик қилинганини айта оламан.
Агарда “Бетис” ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоа яхши формада келмоқда. Бундан ташқари, икки клуб ҳам динамика билан бу учрашувга етиб келди. Шак-шубҳасиз албатта, қизиқ тўқнашув бўлиши аниқ.
Сўнгги ўйинларда катта ротацияга қўл урдик, бу эса жамоага катта ёрдам берди” – деди “қаймоқранглилар” бош мураббийи.
Маълумот ўрнида, икки клуб ўртасидаги бўлажак беллашув 1 март куни Тошкент вақти билан 22:30 да старт олиши режалаштирилган.
Комментарии