Андижонда футбол "жазирама"си бошланмоқда

  • 15 мая, 2019, 10:52
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Охирги пайтларда Андижонда футбол тизими борасида ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Вилоятнинг барча ҳудудларига футболни олиб кириш ва унинг оммавийлигини ошириш учун ички чемпионат тизими ишлаб чиқилган бўлиб, эндиликда Андижон вилояти иккинчи лига мусобақасида 22 та жамоа иштирок этмоқда. Шунингдек, тез кунларда Андижон шаҳри иккита халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувларига мезбонлик қилади. Ўзбекистон U-18 – «Берлин» U-18 ҳамда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Миср олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар «Соғлом авлод» стадионида ўтказилади.

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Андижонда терма жамоамиз иштирокида илк бор халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтказилган бўлиб, ўшанда Осиё ўйинлари-2018 ғолиблари – Ўзбекистон олимпия терма жамоси билан Кения олимпия терма жамоаси баҳс олиб боришган ва мазкур ўйинга «Соғлом авлод» стадиони мезбонлик қилганди. Ўшанда андижонликлар учун катта байрам бўлганди.

Яқинда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Андижонга қилган ташрифи чоғида янги қиёфага кирган «Соғлом авлод» стадионига юқори баҳо берганди. Шу боисдан бундай майдонда ва ашаддий ишқибозлар қаршисида терма жамоамиз иштирокидаги халқаро ўйинни ташкиллаштириш режаси борлигини маълум қилганди. Шунга асосан эндиликда Андижонда бирданига иккита халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтазиладиган бўлди ва буни андижонликлар катта хурсандчилик билан қарши олдилар. Ёз фасли бошланаётган маҳалда Андижонда футбол «жазирама»си бошланмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз.

Дарҳақиқат «Соғлом авлод» стадионида катта реконструкция ишлари олиб борилган бўлиб, айни пайтга келиб замонавий талаблар асосида барча шароитлар муҳайё қилинди. Бунинг натижаси ўлароқ ушбу стадион ҳам янада яхшиланган ҳолатда бемалол терма жамоаларимиз иштирокидаги ўйинларни ўзида қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Бунда эса биринчи навбатда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини алоҳида айтиб ўтмасак бўлмайди. Боиси вилоятда футболнинг оммавийлигини ошириш ҳамда ривожланишида Шуҳратбек Қўшоқбоевичнинг шахсан ўзи бош-қош бўлмоқда. Андижонда футболнинг даражаси ўсиб бораётганини футболимиз раҳбарлари ҳам кўриб туришибди ва бундай ишларни юқори баҳолаган ҳолда Андижонга терма жамоаларимиз иштирокидаги халқаро ўйинларнинг топширилаётгани бежиз эмас, албатта.

Шундай қилиб, андижонликлар иккита «катта» ўйинга тайёргарлик кўришмоқда. Дастлабкиси 21 май куни Ўзбекистон U-18 ҳамда Германиянинг «Берлин» U-18 жамоалари ўртасида ўтказилса, кейингиси 9 июнь куни Любинко Друлович бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Миср олимпия терма жамоалари «Соғлом авлод» стадионида беллашадилар. Ушбу учрашувларни юқори даражада ташкиллаштириш юзасидан раҳбарият томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу борада Андижон вилояти футбол ассоциациясининг зиммасига катта масъулият тушади. Шу боис ассоциациянинг биринчи вице-президенти Бекзод Каримов бўлажак халқаро даражадаги учрашувлар олдидан кўрилаётган тайёргарликлар хусусида тўхталиб ўтди.  

- Андижонга иккита катта халқаро ўйинни ўтказиш белгиланди. Бу эса биз андижонликлар учун байрам, - деб гап бошлади, Каримов. - Вилоятимиз раҳбарининг футболга қаратаётган эътиборини ҳамма кўриб турибди. Бу ҳам ЎФА раҳбариятининг Андижонга қаратаётган эътиборидан даракдир. «Соғлом авлод» стадиони реконструкциядан чиқарилди ва 17 миллиардга яқин пул сарфланди. Хуллас, вилоятимизда футболнинг нуфузини оширишга қаратаётган сайъ-ҳаракатларни инобатга олиб, бизга иккита халқаро ўйинни ўтказишни ишониб топширишди.

ЎФА мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда 21 май куни «Берлин» U-18 билан Ўзбекистон U-18 терма жамоалари иштирокидаги ўйинни 18:40 да бошланишини белгиладик. Рамазон ойи муносабати билан одамларнинг рўза тутаётганликларини ҳисобга олиб, биринчи бўлимдан кейин ифторлик қилишлари учун шароит яратиб бермоқчимиз.

Терма жамоамизнинг эса Андижонга 19 май куни кечки пайт етиб келиши кутилмоқда. Меҳмонлар эса 20 май куни етиб келиши айтилган ва иккала жамоани ҳам юқори даражада  кутиб олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Вилоят ҳокими эса ушбу ўйинларни ўтказишда ташкилий масалаларни юқори даражада ҳал этиш юзасидан топшириқлар берган ва шунга асосан чора-тадбирларни тайёрлаяпмиз. Ўйиндан кейин футбол академиясида мастер-класс ўтказишни режалаштирганмиз. Қолаверса, иккала жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режамизда бор.

9 июнь куни эса Миср олимпия терма жамоаси Андижонда терма жамоамиз билан ўйин ўтказади. Ҳозирги кунда Миср олимпия терма жамоаси Африкада кўзга кўринган жамоалардан бири. Ўзбекистон U-18 ҳамда «Берлин» U-18 жамоалари ўртасидаги ўйинни ўтказиб бўлганимиздан сўнг олимпия терма жамоамизнинг ўйинига тайёргарликни бошлаймиз. Ўйин олдидан концерт дастури ҳам уюштирилади, - дея сўзини якунлади, Бекзод Каримов.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию