Андрей Шипилов: Бизнинг вазифамиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш
Бугун янги мавсумга старт берилади. Барча жамоалар ўз имконияти даражасида тайёргарлик кўришди. Бекободнинг “Металлург” клуби ҳам бошланаётган янги чемпионатга имкон қадар яхшироқ ҳозирлик кўришга ҳаракат қилди. Бунинг учун улар Туркияда ҳам ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб қайтишди. Умуман олганда, қишки йиғин чоғида таркибда айрим ўзгаришлар кузатилди. Айримлари кетишди ва ўрнига янги футболчилар қўшиб олинди. Икки мавсумдан бери чемпионатда 5-ўринни эгаллаб келган “Металлург” бу йил қандай каромат кўрсатаркин? Жамоа аъзолари Туркия йиғинидан қайтиб келишганидан сўнг биз бош мураббий Андрей Шипилов билан суҳбатда бўлдик. Ўзаро мулоқот жараёнида сафар таассуротлари, таркибдаги ўзгаришлар, бошланаётган янги мавсум ва бошқалар ҳақида гап борди.
- Андрей Сергеевич, аввало жамоангизнинг Туркия йиғини ҳақида сўрамоқчиман. Сафар қандай кечди? Ҳаммаси рисоладагидек бўлдими?
- Албатта, Туркияда режа бўйича ишладик. Аммо бизга у ердаги об-ҳаво ноқулайлик туғдирди. Гоҳ узлуксиз ёмғир ёғди, гоҳо кучли шамол эсди, ҳарорат ҳам кутилганидан паст, совуқ бўлди. Шундай бўлса-да, хориж йиғинидан нолимаймиз. Айниқса, у ердаги футбол майдонларининг сифатига гап-сўз йўқ.
- “Металлург” Туркияда бир қатор назорат учрашувларида майдонга тушди. Учрашувларнинг аксариятида имконият бой берилди...
- Назорат учрашувларига тўхталадиган бўлсам, сиз бизнинг рақибларимиз кимлар бўлганлигини ҳам ўргангандирсиз. Эҳтимол ўйинларимизни кўргандирсиз. Анталияда кучли, жиддий рақибларга қарши майдонга чиқдик. Албатта қайд этилган натижалар ижобий бўлмади. Бироқ бу қишки йиғин эканлигини унутмаслик керак. Баъзи учрашувларда об-ҳаво панд берди, баъзиларида омадимиз чопмади. Назорат учрашувларида мураббий учун муҳими натижа эмас, жамоа ўйинини шакллантириш, футболчиларнинг бир-бирларини сўзсиз тушунишларига эришиш, турли тактик услубларни синовдан ўтказишдир. Шу маънода амалга оширган ишларимизнинг мевасини чемпионат ўйинларида кўрамиз, деган умиддаман.
- Айтинг-чи, таркибга қўшиб олинган янги футболчиларнинг барчасидан кўнглингиз тўлдими? Умуман олганда, селекция ишларидан қанчалик қониқдингиз?
- Ўзбекларда “кўрпага қараб оёқ узатади” деган ибора бор. Биз ҳам имкониятларимиздан келиб чиқиб, ўйинчиларни жалб этдик. Чўнтакка яраша селекция бўлади. Кўз остимизга олиб қўйган 2-3 ўйинчини ололмадик. Ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас, энди барибир фойдаси йўқ. Чунки биз маблағимиздан келиб чиқиб иш тутдик. Яна бир гап: селекция бу – лотерея.
- Жамоа таркибига легионер ўйинчи Евгений Чумакни қўшиб олдингиз. Аммо у ўтган йили “Бунёдкор”да ёрқин таассурот қолдирмаганди. Қайси жиҳатлари учун уни жамоангизга таклиф этдингиз?
- Чумак меҳнатсевар, ишдан қочмайдиган футболчи. Чап оёғи анчагина кучли. Яхши савиядаги футбол мактабида таҳсил олган. Тўп билан ишлаш техникаси ҳам маромида. Бунинг устига у ҳали ёш. Шу жиҳатлари учун биз уни жамоамизда олиб қолдик.
- Шу ўринда янги мавсум учун ташланган қуръа ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик?
- Қуръами? Бу саволингиз менга тегишли эмас, деб ўйлайман. Аниқроғи уни муҳокама этиш менинг ваколатимга кирмайди. Бу жараённи ўтказган ташкилотда профессионаллар ишлайди. Улар ўз ишини билиб қилишади. Биз эса қуръа натижасига қараб ишларимизни режалаштирамиз.
- Янги мавсумда “Металлург”нинг олдидаги вазифа қандай, жамоа қайси ўрин учун курашади?
- Бизнинг вазифамиз ҳар бир учрашувда майдонга ғалаба учун тушиш ва унчалик катта бўлмаган Бекобод шаҳрининг оддий кишиларини, мухлисларимизни хурсанд этиш. Яхши ўйнасак, натижа шунга яраша келаверади.
- Янги мавсумда қайси жамоа сюрприз кўрсатиши мумкин деб ўйлайсиз?
- 2018 йилги мавсумда сюрприз жамоалар бўлдими? 2019 йилдачи, қани бир йил муқаддам яхши натижа кўрсатган жамоалар? Менимча, сюрпризлар бўлмайди! Дастлабки 5 - 7 тур ўйинлари ўтсин, кимнинг қаерда эканлиги аён бўлиб қолади.
- Бу йил ҳам “Пахтакор” яққол фаворит эканлигини айтмасак ҳам буни барча яхши билиб турибди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ҳеч бир клуб “Пахтакор”га жиддий қаршилик ҳам кўрсата олмаса керак. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?
- Мен мавсумнинг қизиқарли кечишини кутяпман. Чемпионлик учун курашда фаворитлар қаторида “Пахтакор”дан ташқари “Бунёдкор”, “Насаф”, “Локомотив” ҳамда АГМК жамоаларини кўрсатган бўлардим.
- Андрей Сергеевич, қишки йиғин давомида барча ўйлаган режаларингизни амалга ошира олдим деб ҳисоблайсизми?
- Тўғриси, январь биз учун оғир бўлди. Чунки тайёргарлик учун шароитлар кўнгилдагидек бўлмади. Бироқ биз имкон топиб ишлашдан тўхтамадик. Янги мавсум учун клуб пойдеворини қўйдик, деб ўйлайман. Қилинган ишларимиз самарасини дастлабки тур ўйинлари кўрсатиб беради, яъни, жамоа қаёққа қараб ҳаракатланаётганини. Мавсумнинг дастлабки ўйинигача камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш борасида изланишда, шуғулланишда давом этяпмиз.
- Сиз ўз вақтида “Андижон” клубида тўп суриб мухлисларнинг қалбидан жой олгандингиз. Шу боис бу жамоа сиз учун бегона эмас. Ҳозирги пайтда эса бу клуб муаммолар гирдобига тушиб қолган. Бизнингча, сиз ҳам “Андижон”нинг ҳозирги ҳолатига бефарқ эмассиз...
- Ҳа, тўғри айтдингиз, “Андижон” мен учун бегона эмас. Бу клуб ҳар доим юрагимда қолади. Мен ҳамиша “Андижон”дан миннатдорман. Саволингизга келадиган бўлсак, аввало бу ерда ўйнаган, фаолият юритган ўйинчиларга имконият бериш керак. Шунингдек, клубда ташкилий ишларни тўғри йўлга қўйиш лозим. Андижон катта вилоят. Бу ерда иқтидорли ёш йигитлар кўп. Уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ўқитиш, ўргатиш, маҳоратларини янада ошириш имкониятини яратиб бериш лозим. Уларга ишониш керак. Алдов бўлмаслиги лозим. Энг асосийси, клубга ҳар томонлама футболни тушунадиган, замонавий раҳбар ҳам керак. Бундан ташқари, болалар билан ишлайдиган мураббийларга етарли шароитларни яратиш ва яхши маош тўлаш керак.
Комментарии