Анвар Бердиев: "Хоразм" дарвозабони ишончли ҳаракат қилди"

TIGGO 2 PRO

Суперлига-2025 1-туридан ўрин олган "Хоразм" — "Шўртан" (2:0) баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Анвар Бердиев ўйиндан кейинги ташкил қилинган матбуот анжуманида иштирок этди.

"Мавсумга тайёргарликни асосан Ғузорда ва Тошкентда олиб борган эдик. Суперлигадаги дастлабки учрашувни "Хоразм"га қарши ўтказдик. Бугун дурангга эришишимиз ҳам мумкин эди, аммо рақиб посбони ишончли ҳаракат қилиб ўз жамоасини кўп маротаба қутқарди. Рақибнинг голидан сўнг ҳужумга зўр бердик ва қарши ҳужумда иккинчи голни ўтказиб юбордик" — деди Анвар Бердиев бугунги беллашув ҳақида.

- "Шўртан" жамоаси янги мавсум олдидан ўз таркибини асосан ёш футболчилар билан кучайтирди. Янги мавсумга йиғилган таркибдан қанчалик кўнглингиз тўлмоқда? Янги футболчиларнинг бугунги учрашувдаги ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

- Тўғри, жамоамиз асосан ёш футболчиларни ўз сафига жалб этди. Биз тажрибалироқ ҳимоячи билан шартнома имзоламоқчи эдик, аммо бунинг имкони бўлмади. Мавсум ҳали энди бошланди, ушбу футболчилар ҳали ўзини кўрсатишади. Бугунги баҳсни ўрганиб, кейинги ўйинларда яхшироқ натижага эришишга интиламиз.

- "Шўртан" ёмон ўйин кўрсатмади, тўпни назорат қилди ва вазиятларга эга бўлди. Жамоангиз намойиш этган ўйини билан 0:2 ҳисобидаги мағлубиятга лойиқ эдими?

- Жамоа ютқаздими, демак рақиб яхшироқ ўйнаган бўлади. Бизда ҳам имкониятлар бўлди ва ҳисобни тенглаштиришимиз мумкин эди, лекин "Хоразм" жамоаси посбони бугун жуда яхши ўйнади. Бироз омад ҳам етишмади. Футболчиларим кейинги турларда янада яхшироқ ўйин намойиш этишига ишонаман.

- "Шўртан" жамоаси янги мавсумда ўз олдига қандай мақсадлар қўйди?

- Мақсадимиз ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш. Охиригача курашамиз. Мавсумни ғалабасиз бошлаш жуда қийин. Бугунги мағлубиятни тезроқ эсдан чиқариб, "Бунёдкор" ҳақида ўйлашимиз керак. Ғузорга қайтиб, бугунги ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз. Ўйлайманки, кейинги баҳсда жамоам яхшироқ ўйнайди ва ўзига керакли бўлган натижага эришади.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию