“Арсенал” ҳужумчиси катта гапириб қўйди
Англия Премьер-лигасида пешқадамлик қилаётган “Арсенал” ҳужумкор футболчиси Габриэль Мартинелли жорий мавсумда жамоасини катта муваффақиятлар кутаётганини таъкидлади.
- Бу мавсум жуда катта муваффақиятларга эришишимизга ишонамиз. Ҳаммамиз “Арсенал” учун бор кучимизни беришга тайёрмиз.
Биз Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Лига кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишни истаймиз ва шунга ҳаракат қиляпмиз, - деди Габриэль Мартинелли англиялик журналистлар билан суҳбатда.
24 ёшли Габриэль Мартинелли Бразилиянинг унчалик машҳур бўлмаган “Итуано” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Лондонликлар ҳар икки қанотда ўйнай оладиган ҳужумчини 2019 йили 7,1 миллион еврога трансфер қилган эди.
Жорий мавсумда Габриэль Премьер-лига, Англия Лигаси кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами 11 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 4 маротаба ишғол қилди ва битта ассист қайд этди. Унинг “канонирлар” билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ярмигача тузилган.



Комментарии