"Арсенал"нинг собиқ футболчиси "Лутон Таун"нинг янги бош мураббийи деб тайинланди!
"Арсенал" клубининг собиқ ярим ҳимоячиси Жек Уилшир расман "Лутон Таун" бош мураббийи этиб тайинланди.
Клуб матбуот хизматининг хабарига кўра, 33 ёшли Уилширнинг ёрдамчиси сифатида Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси ва мураббийи Крис Пауэлл ишлайди.
"Бу мен учун катта шараф ва бахт. Мен 8 ёшимда илк бор Лутонга келганман. Энди эса мураббийлик фаолиятимни айнан шу ерда бошлашим тақдирнинг ўзи", — деди Уилшир.
"Лутон Таун" Англиянинг учинчи дивизиони — Биринчи лигада иштирок этади. Уилшир 2022 йилда жароҳатлар сабабли футболчилик фаолиятини якунлаб, "Арсенал"нинг ёшлар жамоасида мураббийликни бошлаганди. Ўтган мавсум у "Норвич Сити"ни бошқарган.
Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо ҳам Уилширнинг "Лутон Таун"ни бошқариши ҳақида хабар берганди.



Комментарии