
Асрор Алиқулов: "Йирик мағлубиятдан кейин Андижонда ўйнаш осон эмас эди"
“Андижон” – “Машъал” (1:0) ўртасидаги ўйин якунлангач, одатдагидек матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлаб меҳмон жамоа бош мураббийи Асрор Алиқулов иштирок этди.
- Биринчи навбатда Андижонда бундай мухлислик қаршисида тўп суриш футболчиларга завқ келтиради, деб ўйлайман. “Андижон”нинг катта кучи – бу унинг мухлислари. Дастлабки дақиқаларда катта шижоат ва босим бор эди. Йигитлар тезроқ босимни енгиб ўтиб, “Андижон”нинг қанотлардан узун пасларига қарши туришлари кутилганди. Аммо босимни ушлаб тура олмадик ва бошида гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда қўшдик, яхши қаршилик кўрсатдик. Вазиятлар яратдик. Охирги дақиқагача очко олишга ҳаракат қилдик. Лекин уддалай олмадик. Барибир футболчиларга эътирозимиз йўқ, улар борини беришди. Ҳужум учун кимдан фойдаланишимиз керак бўлса, барчасидан фойдаландик. Меҳнат қилган барча ўйинчиларга миннатдорчилик билдираман.
- Олдинги турдаги йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин футболчиларни руҳан тайёрлаш қийин бўлмадими?
- Жуда қийин бўлди. Уларни тезроқ босимдан чиқаришга ҳаракат қилдик. Аммо тўғрисини айтиш керак, мураббий сифатида ҳали ўша босимдан ўзимиз чиқа олганимиз йўқ. Футболчиларга йирик мағлубиятдан кейин Андижонда ўйнаш осон эмасди. Босимни кўтара олиш ва мағлубиятни унутиш борасида мураббийлар штаби футболчиларга уқтирдик. Тошкентдаги ўйин ортда қолганди ва уни унутиб, Андижондаги учрашувга асосий эътиборни қаратдик. Бошида бироз сезилди. Лекин умумий олганда жамоанинг ҳаракати, 90 дақиқа давомида жисмоний ҳолатни кўтара олганлиги ҳам бу ҳолатдан енгиб чиқишди.
- Нима учун асосий ўйинчилар дастлабки дақиқалардан майдонга тушмади?
- Тажрибали футболчиларни жамоамизга кечроқ таклиф қилдик. Дилшод Раҳматуллаевни асосий таркибда туширдик. Шерзод Файзиевга ҳам имконият бермоқчи эдик, иккиландик. Ўйин амалиёти камроқлиги ҳисобидан бошқа ўйинчига имконият беришга қарор қилдик. Шерзодни иккинчи бўлимда туширдик ва биз мураббийлар штаби унинг ўйинидан қониқдик. Машғулотларда ҳаммаси жойида бўлса, у кейинги ўйиндан асосий таркибда ўйнайди. Бугунги ўйини билан асосий таркибда ўйнай олишини исботлади.
- Легионерлар қайдномага киритилмади. Бунга нима сабаб?
- Салифуда кичик жароҳат бор. Унга дам беришга қарор қилдик. Кейинги учрашувга тиклана олса, ёрдам бериши мумкин.
- 4 та турда бир ғалаба ва уч мағлубият. Бош мураббий сифатида фаолиятингиздан қониқяпсизми?
- Бу томонлама ҳеч қачон қониқмайсиз. Чунки жамоани ўйинга тайёрлаймиз, яхши ўйин кўрсатишига умид қиламиз. Қайсидир ҳолатда футболчилар ҳам, биз ҳам хатога йўл қўямиз. 4 та ўйиндан 3 тасида мағлубият – бу ҳар бир мураббий учун оғир. Суперлига стартида бизга тажрибалироқ жамоалар тўғри келиб қолди. “Андижон” ҳам таркибида яхши футболчиларни йиғди. Чунки ОЧЛда юртимиз шаънини ҳимоя қилади. Бирин-кетин кучли жамоаларга қарши ўйнаяпмиз. Тўғри, “Пахтакор” билан учрашувда хатоликка йўл қўйдик. Футболчиларимизга тушунтира олмадик. 2:0 дан кейин бошқача йўл тутишимиз керак эди. Айбни ўз зиммамга оламан. Катта мағлубиятдан кейин Андижонга ютқазгани келганимиз йўқ. Бу дегани бизда ҳам ўйин учун режа бор эди. Агар гол урганимизда вазифани бажаришди, деб айтишимиз мумкин эди. Ўз имкониятидан баланд ўйнашди, десам тўғри бўлади. Ҳеч кимга эътирозим йўқ.
- Жамоа сардори Хумоюн Муртазоевнинг ўйинларида қандайдир пасайиш юзага келди...
- Ўтган йили про лигада сафимизда иштирок этди. Ундан олдин “Турон”да ўйин амалиётисиз қолганди. Про лигадан Суперлигага киришиб кетиш осон эмас. Лекин Хумоюн жамоани етаклашга ҳаракат қиляпти, интиляпти. Барибир тезлик борасида техник томонлама бироз муаммолар сезиляпти. Балки уни ёшини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Ҳозир Суперлигада ўйнаш осон эмас. Бу дегани лигада савия анча ошган.
Комментарии