Баҳром Ҳайдаров: "Ҳакам менга ўз қарорини тушунтирди. Бўлди, эътирозим йўқ"
Суперлиганинг 27-туридан ўрин олган “Машъал” ҳамда “Қўқон-1912” беллашуви 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Қўқонликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида мағлубият сабабларини айтди.
- Турнир жадвалида бир-бирига яқин турган клублар учрашишди. Ўйлайманки, тенг ўйин бўлди. “Машъал”га ҳам, бизга ҳам ғалаба керак эди. Шу сабабли майдонда курашлар кўп юз берди. Ўйинни яхши бошладик. Учрашув биз ўйлагандек назоратимиз остида кетаётганди. Бироқ бундай осон гол ўтказиб юбормаслигимиз керак эди. Голдан сўнг жамоамизда озгина асабийлашиш пайдо бўлди. Имкониятлардан фойдалана олмасликда совуққонлик етишмади. 0:0 пайтида Дастида вазият бўлди, Ҳасановда ҳам. Ушбу имкониятлардан фойдаланганимизда бошқача бўларди. Умумий оладиган бўлсак, ўйин тенг курашлар остида кечди. “Машъал” жамоасини ғалаба билан табриклайман.
- Сиз тарафдан ҳакамларга эътирозлар кўп бўлди. Айнан қайси вазиятлар учун эътирозларни билдирдингиз?
- Ўйин чоғида хиссиётлар бўлади. Ҳакамликка келсак, уларни ишини баҳолайдиган мутахассислар бор. Пенальти берилиши мумкин бўлган вазиятда ҳар қандай мураббийда ютқазаётганда хиссиётларга берилиш бўлади. Озгина эътирозим бор эди, ҳакам келди ва унга гапирдим. Бир-биримизни тушундик. Ким хато ёки нотўғри қилганини ҳакамлар ўзлари таҳлил қилишади. Бундай эътирозлар бўлиб туради. Лекин ҳакамни жиддий ҳақоратлаш бўлгани йўқ. Ҳакам менга ўзини қарорини тушунтирди. Бўлди, эътирозим йўқ. Ўзимиз вазиятлардан фойдаланганимизда бундай бўлмасди. Ҳамма айб ўзимизда. Олдинда яна учта ўйин турибди. Ўйлайманки, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз.



Комментарии