
Баҳром Ҳайдаров: "Қизил карточкалар режаларимизни бузиб қўймоқда"
Суперлиганинг 6-турида “Қўқон-1912” меҳмонда “Қизилқум”га ягона ўтказиб юборилган гол эвазига мағлубиятга учради. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан “Қўқон-1912” ишқибозлари Навоийга келиб бизни қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат айтаман. Шундай ёмғирли ҳавода иккала жамоа мухлислари стадионга келиб жамоаларини олқишлаб туришгани учун миннатдорчилик билдираман. Бевосита учрашувга келсак, ўйлашимча, иккита тенг кучли жамоалар майдонга тушишди. Ўйин ҳам шунга мос равишда бўлаётганди. Лекин сафардаги иккинчи ўйинимиздирки, қизил карточка режаларимизни бузиб қўйяпти. Бу ҳақида гаплашяпмиз, иш олиб боряпмиз. Футболчилар билан яна бу хусусида гаплашиб оламиз. Чунки 10 киши бўлиб ўйнаш қийин, Суперлигада тенг кучли жамоалар орасида. Қизил карточкалар режаларимизни бузиб қўймоқда. Иккинчи бўлимда “Қизилқум” жамоаси олдинга ўтди ва гол уришга эришди. Бу бизни камчилигимиз ҳисобига эмас, ҳимоядаги хатоимиз эвазига. Буни ўрганиб чиқишимиз керак. Табиийки, “Қизилқум” ҳисобни ушлаб қолишга, тактик ўйин кўрсатишга ўтди. Биз ҳам иложи йўқ, тўпни эгаллаб, таваккалчиликка қўл урдик. Лекин бир футболчи камчилик эвазига рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш қийинчилик туғдирди. Бунга эриша олмадик.
- Қизил карточка бўйича ҳакамга эътирозингиз йўқми?
- Ҳали вазиятни кўриб чиққаним йўқ. Мендан анча узоқда эди. Видеоёзувини кўриб чиқамиз. ВАР ҳам ўша ҳолатни кўриб чиқди. Ўйлайманки, ҳакамлар хато қилишмагандир.
- Қизил карточкадан кейин жамоангиз бир киши кам бўлиб қолишига қарамай, биринчи бўлимга нисбатан анча яхши ҳаракат қилди. Шуни биринчи бўлимда ҳам намойиш этса бўлмасмиди?
- Бу жамоаларни ўз стратегиясида. Ўйлашимча, “Қизилқум” бизни қарши ҳужумда ушламоқчи бўлди. Режа бўйича ҳимояга ўтиб олди ва биз тўпни назорат қилишга, олдинга ўтиб, ҳужум қилишга мажбур бўлдик. “Қизилқум”да қарши ҳужумларда имкониятлар бўлди. Лекин бошқа гол уролмади. Унчалик вазиятларимиз бўлмади, ёриб кириш қийин бўлди.
Комментарии