
Биринчи давранинг сўнгги тури шунчаки "ёнади" ёхуд ёзнинг қайноқ ҳароратидаги қайноқ ўйинлар
Биринчи давранинг сўнгги тури 3-7 июль кунларида ўтказилади. “Пахткор” – “Навбаҳор” ўртасидаги беллашувга қизиқиш шубҳасиз катта. Бундан ташқари, яна бошқа жуфтликлар ҳам аниқ эътиборингизни тортади.
3 июль
20:00. “Шўртан” – “Қизилқум”
Суперлиганинг 15-тури Ғузорда “Шўртан” ва “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги ўйин билан бошланади. “Шўртан” биринчи давранинг сўнгги учрашувида ғалаба қозониб мухлисларини хурсанд қилмоқчи. Акс ҳолда биринчи даврани яққол аутсайдер сифатида якунлайди. Ҳозирда “Бухоро”дан уч очкога ортда қоляпти. Албатта, “Қизилқум” ҳам Ғузордан ғалаба билан қайтиш умидида. Бир-бирига муносиб рақиблар. Иккала клубда ҳам бош мураббийлар ўзгарган ва маҳаллий мутахассислар вақтинча ушбу лавозимда ишлашмоқда.
4 июль
20:00. “Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”
Иккала жамоа биринчи даврани кутилганидек ўтказа олмаяптилар. Улар турнир жадвалида мос равишда 13 ва 14-ўринда боришмоқда. Қўқонликлар кетма-кет мағлубиятлар сериясига тушиб қолган. Куни кеча клуб раҳбарияти жамоа аъзолари билан танқидий руҳда йиғилиш ўтказган ва Жиззахдан фақат ғалаба билан қайтиш вазифасини қўйган. “Сўғдиёна” иккинчи даврада бошқача жамоага айланиши кутилмоқда ва улар биринчи давранинг охирги турини қандай натижа билан тугатаркин?
20:00. “Сурхон” – “Бухоро”
Февзи Давлетов жамоаси ўтган турда Олмалиқда ОКМКга деярли имкон қолдирмади ва 0:1 ҳисобида ғалаба қозониб муҳим уч очкони қўлга киритди. Қизиғи, “Бухоро” ҳам яқинда Ўзбекистон Кубоги доирасида ОКМКни Олмалиқда мағлубиятга учратганди. Ўтган турда бухороликлар “Шўртан”ни ҳам енгишди. Иккала жамоада ҳам кайфият яхши. Агар “Сурхон” ОКМКга қарши кўрсатган ўйинини намойиш қилса Улуғбек Бақоев жамоасига анча мураккаб бўлади.
5 июль
20:00. “Андижон” – “Бунёдкор”
Турнинг марказий учрашувларидан бири “Бобур арена”да бўлиб ўтади. Максим Шацких жамоаси ўтган турда сафарда “Хоразм”ни енгиб қайтди. “Бунёдкор” ҳам ғалабалар орқали мухлисларини хурсанд қилмоқда. Эндиликда жамоалар “Бобур арена”да жанговар ҳолатда ва ўйин ҳарорати ҳам ёзнинг қайноқ ҳарорати каби бўлиши катта эҳтимол.
20:00. “Машъал” – ОКМК
Асрор Алиқулов жамоаси ўтган турда Наманганда “Навбаҳор”дан жавобсиз 6 та гол ўтказиб юборди. Сўнгги тур олдидан йирик мағлубият “Машъал” футболчиларига қандай таъсир кўрсатганини албатта ОКМКга қарши беллашувда кўрамиз. Аксига олиб Миржалол Қосимов жамоаси охирги пайтларда омадсизлик гирдобига тушиб қолган. Ўйин иккала жамоа учун муҳим.
6 июль
20:00. “Динамо” – “Насаф”
Турнинг яна бир марказий ўйинларидан бири Самарқандда ўтади. Жадвалда дастлабки икки ўринни эгаллаб турган клублар баҳсига қизиқиш шубҳасиз катта. Аммо 2 июль куни “Динамо” 7-турнинг қолдирилган учрашувида ўз уйида “Нефтчи”га ютқазди. Чемпионатда биргина мағлуб бўлмаган “Насаф” қолди. Вадим Абрамов жамоасининг “Аждарлар”ни енгишга кучи етармикин? Бу баҳс саргузаштларга бой ўтиши кутилмоқда.
20:00. “Пахтакор” – “Навбаҳор”
Навбатдаги эътибор марказида бўлган ўйинлардан бири Тошкентда “Пахтакор” ва “Навбаҳор” ўртасида кечади. Сергей Лушчан бошчилигидаги “Навбаҳор” бу йил “йиритқич”га айланди. Чемпионатда энг кўп гол урган жамоа “Навбаҳор” бўлиб турибди – 30. Ундан кейин эса “Пахтакор” 29 та гол. Демак, ҳужумкор ва голлар уришни ёқтирадиган клублар ўртасида биз яна голлар шоусини кўрсак ажаб эмас. “Пахтакор” Камолиддин Тожиев бошчилигида ҳали ютқазгани йўқ. Ҳар томонлама марказий учрашув мақомига мос. Бу оддий ўйин эмас ва ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг муҳокамаси албатта бўлади.
7 июль
20:00. “Нефтчи” – “Хоразм”
Икки клуб ҳам Ўзбекистон Кубогини тарк этди. Лекин “Нефтчи” 2 июль куни 7-турнинг қолдирилган ўйинида Самарқандда “Динамо”ни мағлуб этди ва Виталий Левченко ўзига нисбатан билдирилаётган танқидлардан бироз узоқда бўлди. “Хоразм” ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти. Бироқ ижрочилар борасида шубҳасиз фарғоналиклар фаворит.
Комментарии