
Февзи Давлетов: "Ҳужумда тажовузкорлик етишмади"
"Насаф" - "Сурхон" (1:0) учрашувидан кейин термизликларнинг устози Февзи Давлетов матбуот анжуманида қатнашиб ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди
Ўйин ҳақида
- Биринчи бўлимда биз кўп хатоларга йўл қўйдик, "Насаф" эса хатоларни кечирмайди. "Насаф" ҳужумга ўтишда жуда моҳирона ўйнайди ва кўплаб голли вазиятлар яратди. Яхшиямки, Потапов бизга ёрдам берди ва ҳимоячилар ҳам жуда яхши ёрдам беришди. Менимча, ҳимоя чизиғимиз бугун яхши ўйнади ва керакли пайтларда дарвозабонимизни қўллаб-қувватлади. Иккинчи бўлимда биз ўзгаришларни қилдик, шунда жамоа ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди. Менимча, рақиб майдондан четлатилгандан кейин бизда сезиларли устунлик бўлмади. 2-3 имконият бўлди, лекин бизни гол уришдаги самарадорлик йўқлиги панд берди. Ҳужумда тажовузкорлик етишмади. Жуда кўп майда ва ўрта узатмалар бўлди. Аммо биз тўпни жарима майдончасига етказиб, у ерга югуриб кира олмадик. Шунингдек, қўшимча қилмоқчиманки, "Насаф" ҳимояда маҳорат билан ўйнади ва бу ерда рақибнинг кучи билинди.
- Бугунги учрашувда жамоада қандай мақсад эди?
- Биз ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳар бир спортчи ғалаба учун ўйнаш керак. Жамоада мотивация бор эди. Менимча, Қаршига келган ҳар бир жамоа ғалаба учун ўйнайди
- Мавсумнинг биринчи ўйинларда Артём Потапов майдонда йўқ эди ва "Сурхон" мағлуб бўлган эди. Ўтган турда у қайтди ва "Сурхон" ғалаба қозонди. Ҳозир ҳам Потапов яхши ҳаракат қилди. Нима учун мавсум бошидаёқ дарвозабон ўйнамади?
- Артём жароҳат туфайли мавсумолди йиғинни тўлиқ ўтказмади. Ўтган ўйинларда биз хатолар туфайли голларни ўтказиб юборгандик. Саволингизга қайтсак, қўшиламан, Потапов бугун сифатли ўйинни кўрсатди.
- Иккинчи бўлимда Ойбек Бозоровнинг майдондан четлатилиши пайтида, "Сурхон" ўйинчиси уни провокация қилгандек туюлди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Ҳеч қандай ҳолатда фикрингизга қўшилмайман. Биз ҳеч қачон рақибни атайлаб провокация қилмаймиз ва футболчиларимизни бундай ҳаракатларга ўргатмаймиз. Бу ҳолатда футболчиларнинг ҳис-туйғулари ҳаддан ошиб кетди, холос
- Бугунги ҳакамликни қандай баҳолайсиз?
- Менимча, ҳакамларнинг ишини мутахассислар ўзлари баҳолашади. Мен фақат ўз жамоам учун жавобгарман.
Комментарии