
"Футболчиларимнинг хатосини муҳокама қилмоқчи эмасман, ҳозир оғир даврни ўтказяпмиз" - Рўзиқул Бердиев
Чемпион “Насаф” сўнгги турда ўз уйида “Металлург”га 1:2 ҳисобида малубиятга учради. Қаршиликлар яна мағлубиятли сериясини давом эттирди. Ўйиндан сўнг мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Биз мағлубиятга учрадик. Бунинг сабаби, агар жамоа жисмонан ва руҳан тайёр бўлмаса ўйинда сизда ҳеч нима ўхшамайди. Бизда нечанчи ўйиндирки, шундай бўляпти. Учрашувда олдинга ўтиб олиб ҳам ҳисобни сақлаб қола олмадик. Мағлубиятга учраб туриб ҳам рақиб дарвозаси томон ўйинимизда куч топа олмадик. Шу боис мағлубиятга учрадик.
- Жамоада қандай руҳий тушкунлик бор? Чемпионлик қўлга киритилган бўлса, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бўлса! Ёки футболчилар ўртасида қандайдир келишмовчилик борми?
- Келишмовчилик йўқ. Ҳаммасини назорат қиляпмиз. Фақат йигитларда олдингидек иштиёқнинг йўқлиги ўйинларга таъсир қиляпти. Ҳозир сизлар билан футболчиларимни муҳокама қилмоқчи эмасман. Уларни айбдор деб кўрсатмоқчиман. Майли, мавсум учун раҳмат. Лекин биласизлар, барчаси учун мураббий жавоб беради. Ҳозир жуда оғир даврни ўтказяпмиз. Бу мураббийлар учун қанчалик зарба бўлаётганини ўзларинг ҳам тушуниб турибсизлар. Майли, мағлубият кимгадир қизиқ бўлса, буни мураббийлардан изласа бўлаверади. Футболчиларим майдонда хато қиляпти, йўқ жойдан голлар ўтказишяпти. Уларга урғу бериб хатосини муҳокама қилиб ўтирмоқчи эмасман.
- Бир пайтлар Қашқадарёдан Суперлигада учта жамоа қатнашган. Яна шундай натижага яқин турибмиз. “Шўртан”нинг плей-оффдаги имконияти, “Машъал”нинг Суперлигага қайтгани ҳақида фикрларингиз.
- Бу албатта вилоятимиз учун ёқимли. “Шўртан”да ҳам имконият бор. Жамоаларимизга омад тилаймиз. Бу вилоятимизда футболга бўлган эътибор яхшилигидан далолат. “Машъал”ни олдиндан тажрибаси бор. Суперлигада қатнашиб юрган. Ўйлайманки, таркибини кучайтириб, ўзига ярашадиган ўринларда юради. Чунки клубда инфраструктураси, ҳомийси бор. Яхши мутахассислар ишлаяпти. Рақобатдош, яхши жамоага айланади.
- “Насаф”нинг кейинги мавсумдаги мақсадлари янги йилдан кейин белгиланадими?
- Бу нарсани билмадим. Ҳозир очиқ айта олмайман. Бу кўпроқ клубдан сўраладиган нарса. Мураббий сифатида аниқ фикрни айта олмайман. Чунки биз ҳали бу нарсаларни чуқурроқ муҳокама қилганимиз йўқ.
Комментарии