Гвардиола Ҳусанов келажагига ойдинлик киритди: Бу узоқ давом этмайди!

  • 18 сентября, 06:17
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Манчестер Сити” ўтган йилги инқироздан кейин таркибда сезиларли ўзгаришларни амалга оширди. Иккита трансфер ойнаси даврида ўндан зиёд футболчи кетиб, ундан кўп янги ижрочилар олинди.

Tecno

Шунга қарамай, Хосеп Гвардиола таркиб билан боғлиқ муаммоларни тўлиқ ҳал қила олгани йўқ. “Сити”да дарвозабондан бошлаб, барча чизиқларда янгиликлар бўлди. Келганларнинг аксарияти асосий таркибда ўйнаяпти.

Янги мавсум жамоанинг энг нозик нуқтаси ҳимоянинг ўнг қаноти эканини кўрсатиб қўйди. Премьер-лиганинг дастлабки тўртта ўйинида бу позицияда уч нафар футболчи – Рико Льюис, Матеуш Нуньеш ва Абдуқодир Ҳусановни синаб кўрди.

Бу ўйинчилар орасида ишончни оқлагани ўзбек легионери бўлди. Ҳусанов асли марказий ҳимоячи эса-да, “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда ўнг қанотни мустаҳкам қўриқлади ва учрашувнинг энг зўр ўйинчиларидан бири сифатида эътироф этилди. 

Нуфузли манба – cityxtra.co.uk экспертлари “Манчестер Сити”нинг таркибидаги асосий муаммолар ва уни ечиш усуллари ҳақида мулоҳаза юритди. Sports.uz портали Абдуқодир Ҳусанов қаламга олинган ушбу таҳлилий мақолани ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола этади.

- “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов жамоанинг оғриқли нуқтаси – ўнг қанот ҳимоясига доимий ечим бўла олмаслигини тушунтириб берди.

“Шаҳарликлар” сафини Жоау Канселу ва Кайл Уокер тарк этганидан кейин охирги икки мавсумда ҳимоянинг ўнг қаноти жамоанинг энг муаммоли нуқтасига айланиб қолди. Мураббийлар штаби вазиятдан чиқиш учун турли вариантларни қўлламоқда. Хусусан, Матеуш Нуньеш шу позицияга мослаштирилди. Рико Льюис клуб билан ҳамкорлигини 2030 йилнинг ярмигача узайтирганига қарамай, ўнг қанотни ёпа олмаяпти.

Бу мавсум ҳам Гвардиола турли эксперимент қилишни давом эттирмоқда. Шулардан охиргиси Абдуқодир Ҳусановнинг дербида ўнг қанотга ҳимоясига қўйилгани бўлди.  Ўзбек легионерининг атлетизми ва ҳимоядаги ишончли ўйини жуда кўп ижобий баҳога лойиқ топилди. Мухлису мутахассисларнинг аксарияти Ҳусанов мавсум охирига қадар ўнг қанот ҳимоясида қолишини муҳокама қилмоқда.

Шу билан бирга клуб ўнг қанотни кучайтириш учун тажрибали ўйинчилар, жумладан, “Интер”дан Дензел Дюмфрис ва “Ньюкасл”дан Тино Ливраментони трансфер қилиш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Хосеп Гвардиола эса, футболчиларнинг универсаллиги ҳам замонавий футболда муҳим талаблардан эканини таъкидлаб келади.

Хосеп Гвардиола Ҳусановнинг “Манчестер Юнайтед”га қарши ўтказган ажойиб ўйинидан кейин ёш ҳимоячининг доимий ўнг қанотни эгаллаши масаласига ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

- Биз ҳар уч кунда ўйнашимизга тўғри келади ва бунақа жадвални ҳеч ким кўтара олмайди. Ҳусанов жисмоний куч-қуввати ва тезкорлиги туфайли бу қанотни тўлиқ ёпди. Ўйинда у деярли тўп йўқотмади ва жуда яхши ўйнади, - деди Хосеп Гвардиола.

“Манчестер Сити”нинг бир неча фронтларда юқори натижалар учун курашиши бош мураббий олдига таркиб ротацияси бўйича турли талабларни қўймоқда. Хусусан, Ҳусановнинг зўр ўйнаётганига қарамай, футболчидан жуда катта жисмоний куч талаб қиладиган қанот ҳимояси каби мураккаб позицияда мунтазам бир ўйинчига суяниб бўлмайди.

Шу боис, “Сити” 2026 йилги трансфер бозорларида “шаҳарликлар”  ўнг қанот ҳимоясига янги номзодлар олиш масаласини ҳал қилишга уриниб кўради.

Абдуқодир Ҳусанов эса, таркиб ротациясида ҳимоя маркази ва зарур пайтда ҳар икки қанотни ёпадиган ўта қадрли кадр бўлиб қолаверади, - деб ёзди cityxtra.co.uk эксперти Фредди Пай.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию