
Ҳусанов жамоаси “Рома”га ўйинчи бермади
“Манчестер Сити” ёзги трансферлар даврида таркибини тартибга солишга ҳаракат қилмоқда. “Шаҳарликлар” асосий жамоага киришга қийналаётган айрим ёш ўйинчиларни ижарага жўнатмоқда.
“Рома” клуби манчестерликларнинг иқтидорли ёш ўйинчиси Клаудио Эчеверрига оғиз солди.
Журналист Сесар Луис Мерлонинг маълум қилишича, “Манчестер Сити” 19 ёшли ҳужумкор футболчисини Римга жўнатишдан бош тортди.
Италия клуби инглизлардан Эчеверрини кейинчалик 33 миллион еврога сотиб олиш мажбурияти билан бир мавсум ижарага беришни сўради. “Рома” мутасаддилари “Манчестер Сити”га футболчини қайта сотиб олиш ҳуқуқини қолдиришини кафолатлаган бўлса-да, бу савдо “шаҳарликлар”га маъқул келмади.
“Манчестер Сити” аргентиналик истеъдодни 2024 йилнинг қишида “Ривер Плейт”дан трансфер қилган эди. Эчеверри бир йил давомида қадрдон жамоасида тўп тепиб, 2025 йилнинг январида Англияга келди.
Клаудио Эчеверри Хосеп Гвардиола қўл остида ҳозирча учта учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйишга улгурди.
Комментарии