
“Интер” - “Шахтёр”: превью
Кеча “Севилья” “Шахтёр” учун ажойиб мастер-класс ўтаб берди. 90 дақиқа мобайнида устунлик намойиш этиш ҳали ғалаба дегани эмаслигини кўриб олдик. Муҳими, украинлар ҳам буни ўзларига дастуриламал қилиб олган бўлсалар кифоя. Аммо ўйин бошланмасданоқ уларни иккинчи рақамли жамоага чиқариб қўйишдан йироқмиз. Аммо “Интер”нинг халқаро майдондаги улкан тажрибаси ва таркибидаги жаҳон даражасидаги футболчиларни инобатга олган ҳолда улар эҳтиёткор футбол намойиш этиши табиий.
Аммо жорий мавсум еврокубоклар шу қадар катта сенсацияларга бой бўляптики, ҳар куни қандайдир кутилмаган воқеа бизни ҳайратда қолдирмоқда. 90 дақиқалик футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин ва биз мана шундай даврга қараб кетмоқдамиз. Икки “ўзга сайёралик”нинг даври тугаши билан футболда тенг кучлар даври бошланмоқда. Ван Бастеннинг кетма-кет олтин тўпларидан сўнг шу каби давр 15 йил давомида футбол оламида ҳукмронлик қилди. Бу даврда “Валенсия” ЕЧЛ финалларида кетма-кет ўйнади, “Порту” уни ютди, Греция Европа чемпиони бўлди. Юқоридаги каби натижалар Роналду ва Месси эрасигача давом этди. Уларнинг даври мобайнида ёки иккисидан бири, ёки бўлмаса мавсум аввалидаёқ уларни тўхтатиши тахмин қилинганлар ғалабага эришди. Икки буюк футболчининг даври деганда 2008-2018 йилларни инобатга олиш мақсадга мувофиқроқ. Ундан сўнг яна сенсациялар бошланиб кетмоқда: Хорватия жаҳон чемпионати финалчиси, “Аякс” Европа грандлари кушандаси, “Лион” даҳшатли рақибларни ҳам енгишга қодир.
Буларнинг бугунги учрашувга алоқаси шундан иборатки, иккала жамоа мана шундай тенг футбол замонидан нафас олмоқда. Лукакунинг даҳшатли гавдасидан унумли фойдалана оладиган “Интер” ҳам, бразилияликлар билан тўлиб тошган “Шахтёр” ҳам бир хил имкониятларга эга.
“Интер”
Миланликлар Европа Лигасида ўтказган сўнгги икки ўйинида ҳам рақибини ютиб юборгудек шиддат ва куч намойиш этмади. Барчаси тажриба орқасидан келмоқда. Жамоада минимал имкониятлардан максимал фойда чиқара оладиган ижрочилар етарли. Бугун ҳам Антонио Конте шогирдлари рақибларига устунликни бериб, ўз вазиятини кутишга қаршилик қилмаса керак. Айниқса, рақиб тўпни жуда яхши кўрувчи, турли ишланмалар билан ҳимояни ёриб ўтишни уддасидан чиқа оладиган жамоа. Жисмоний имкониятлар жиҳатидан “кончилар”да “неррадзурилар” ҳимоясидагилардан яққол устун ҳисобланадиган ҳужумчилар йўқ. Бироқ Украина чемпионлари итальян клубига совға тайёрлаб қўйгани аниқ.
Тахминий таркиб: Ханданович, Годин, Де Врей, Бастони, Дамброзио, Барелла, Брозович, Гальярдини, Янг, Лаутаро, Лукаку.
Иштирок эта олмайди: Весино, Санчес.
“Шахтёр”
Юқорида таъкидланган бразилияликлар “Шахтёр”нинг энг устун тарафи. Аниқ паслар, техника, кучли зарбалар уларнинг ўйин услуби ҳисобланади. Ва айнан шу жиҳатлар туфайли “кончилар” бу босқичгача дуч келган рақиблари посбонларини аяб ўтирмади. Шунингдек, дарвозада тажрибали кипер Андрей Пятовнинг борлиги жамоанинг қолган аъзолари учун ҳам мотивация, ҳам масъулият. У ўйинни бошқаради, шерикларига олдинга ўтишни, орқа чизиқда сергаклик сақлашни буюради. Устига-устак, улар бу босқичга етиб келган жамоалар ичида ўз миллий чемпионати ғолиби сифатида руҳий устунликка эга. Бу факторлар бизга бугунги ўйин интригасини ошириб беришига ишонамиз.
Тахминий таркиб: Пятов, Додо, Кривцов, Хочолава, Матвиенко, патрик, Степаненко, Марлос, Антонио, Тайсон, Мораес.
Мураббийлар
Антонио Конте: “Шахтёр”ни қаттиқ ҳурмат қиламиз. Улар бир неча йиллардан бери ажойиб ўйин намойиш этмоқда ва бугунги баҳсга ҳам кучли тайёрланишлари аниқ. Улар шу босқичгача ўйнайдиган энг кучли рақибимиз ҳисобланади, аммо биз финалга чиқишни истаймиз. Бу бизнинг мақсадимиз.
Луиш Каштру: "Биз бу финал олдидан жуда катта иштиёқ билан машғулот ўтказдик. Бизга нотаниш бўлмаган кучли клубга қарши ўйнаймиз. Конте ўз жамоасида ажойиб мувозанат ҳосил қила олган. Футболчилар ҳужум ва ҳимояда мураккаблик туғдира олишади. Аммо биз барчасига тайёрмиз".
Мураббийларнинг фикрларидан ҳам кўриниб турибдики, улар ўз рақибларини пухта ўрганган. Демак, бугун икки мутахассис ўртасида ҳам жуда қизиқарли кураш кўрамиз. Финалда бу икки клубни “Севилья” қарши олади. Бироқ бу ҳақида ўйлашга уларнинг ҳозирча ҳаққи йўқ.
Комментарии