Жаъфар Ирисметов: "Ўйинимиз Мисрга сюрприз бўлди, Каннаварони имзоси кўриняпти"
Миллий терма жамоамиз БААда “Ал Айн Кубоги” мусобақасидаги иштирокини Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги Мисрга қарши ўйин билан бошлади ва ажойиб ўйин намойиш қилган ҳолда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб финалга йўл олди.
Энди вакилларимиз финалда Эрон билан тўқнашади. Миллий терма жамоамизнинг Мисрга қарши ўйинида Остон Ўрунов қойилмақом ўйин намойиш қилди ва иккита уддалаб бўлмасдек туюлган голларни киритиб, беллашув қаҳрамонига айланди.
Ўйиндан кейин таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов Sports.uz журналистининг саволларига жавоб берди.
- Жаъфар ака, ўйин сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ўйин жуда яхши, айниқса, биринчи тайм. Илиқ таассурот қолдирди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси хоҳлаган рақиб билан яхши ўйнай олади, деган фикр туғилди. Лекин иккинчи бўлимда нимани ҳисобига билмадиму, ҳужумлар камроқ қилдик. Иккинчи бўлимда яна эски ўйинимизга ўтиб қолдик, буни тўғри тушунса бўлади. Менимча, йигитлар натижага ўйнашди. Шу боис ҳимоявий ўйин кўрсатишди.
- Умуман олганда, терма жамоамиз ўйини ёқдими? Кутганмидингиз?
- Ўйин ёқди. Ақлли тактика танланди, деб ўйлайман. Биринчи таймда уриб олинган голларни эвазига иккинчи бўлимда натижани ушлаб қолишни уддаладик. Муҳими, мундиалда натижа бўлади. Натижага қараб ўйналяпти.
- Остон Ўрунов ўйин тақдирини ҳал қилди. Унга қандай баҳо берасиз?
- Албатта, голлари билан жуда илиқ таассурот қолдирди. Яхши ўйнади. Аммо ҳали оптимал формасини тикламаган. Жароҳатдан энди чиқди. Ўруновни потенциали кучли. Ўйлашимча, ажойиб ўйин намойиш қилди. Формасини янада тиклаб борса, биз жаҳон чемпионатида бундан ҳам кучли Остон Ўруновни кўрамиз.
- Сиз учун терма жамоамизда Каннаварони имзоси кўриняптими?
- Ҳозирча нимадир дейиш қийин. Лекин Миср билан учрашувда озгина бўлса ҳам имзоси кўринди. Биринчи таймда ҳам ҳимоявийроқ ўйин ва қарши ҳужумда ўйнашга ҳаракат қилдик. Бундан унумли фойдаландик, деб ўйлайман. Тўғрисини айтсам, Миср терма жамоаси биздан бундай ўйинни кутмаганди ва уларга сюрприз бўлиб қолди. Каннаварони имзоси кўриняпти.
- Финалда Эрон билан ўйнаймиз. Яна ушбу жуфтликдан зерикмадингизми?
- Йўқ, нимага? Финалда Эрон терма жамоасига қарши жуда қизиқ ўйин бўлади. Нега зерикамиз? Эрон Осиёдаги энг кучли термалардан бири. Уларга қарши яна бир бор кучимизни синаймиз ва охирги йилларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам анча ўсди. Кучли футболчилар тўпланган. Жалолиддин Машарипов ҳам жароҳатидан қутулиб таркибга қайтса, янада ажойиб жамоага айланамиз. Эрон ҳам айтганимдек, қитъамизни кучли термаларидан бири. Қайтанга, жуда қизиқарли учрашув бўлади.
- Шунингдек, сизни келаси йили Навбаҳорда иш бошлашингиз ҳақида маълумотлар бор. Шу тўғрими?
- Ҳар йили мени қаергадир юборишади (кулади). Олдиндан бирор нарса дейишим қийин. “Навбаҳор”га, “Нефтчи”га, олдинги йили “Бунёдкор”га...Хуллас, журналистларимизга раҳмат, мени ҳар қаерга юбориб кўришади. Лекин ишдан тўхтамаймиз. Яхши жамоа шакллантиришга ақлимиз ва кучимиз етади. Ҳозирча аниқ таклифлар йўқ. Бу ёғига янги чемпионатимиз февраль ойи ўрталарида ёки 20-дан кейин бошланади, деган гап бор. Қанча тез жамоага қўшилсак шунча фойда бўлади, деган умиддамиз.



Комментарии