Жавоҳир Синдаров: "Бу ғалаба мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Энди дўстимга қарши ўйнайман”
ФИДЕ Жаҳон кубоги чорак финалида Жавоҳир Синдаров Хосе Мартинесни тай-брейкда мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. У ўйиндан кейин ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Биринчи партия мен учун жуда оғир бўлди. Дебютдан кейин ҳам позициям ёқмаган эди. Кейинроқ битта пиёда устунликка эга эдим, икки филим ва яхши рухларим бор эди, ҳаммаси жойига тушаётгандек туюлди. Лекин Нc3–Не6 ғоясини кўрмай қолдим, Рф2–Рф3 юриши ишламади ва охирида партияни ютқаздим. Ўша пайт жуда хафа бўлдим ва ўзимга: "Энди иккинчи партияни жуда яхши ўйнашинг керак", - дедим".
“Иккинчи партияни анча яхши ўйнадим. Рақиб Қc1 юришини ўтказиб юборди, мен эса катта устунликка эришдим. У г5 каби юришлар билан мени чалғитишга ҳаракат қилди, аввалига қўрқдим, лекин вақт ажратиб ҳисоблаб чиқдим ва энг яхши юришларни топдим".
Тай-брейк осон кечмади:
“10+10 вақт назоратида ўйнаш ҳам осон эмас. Биринчи рапид партия анча ишончли, хавфсиз ўтди. Иккинчи ўйинда эса дебютдан кейин позиция деярли дуранг эди. Шунга қарамай, эндшпилга ўтиб нимадир қилмоқчи эдим. Бирданига катта устунлик олдим лекин вақт камлигида ҳар қандай натижа бўлиши мумкин.”
Аввалги интервьюларда блицни ўзининг энг кучли томони эмаслигини айтганди:
“Ростини айтсам, биринчи навбатда иккинчи партияни ютишим керак эди. Биринчи мағлубиятдан кейин жуда тушкун эдим. Лекин ғалабадан сўнг ўзимни анча яхши ҳис қилдим. Аввалига у деярли хато қилмайдигандек кўринарди, лекин иккинчи партиядан кейин "у ҳам одам, у ҳам хато қилиши мумкин", - деган фикр пайдо бўлди. Иккинчи рапид матчни, ўйлашимча, жуда яхши ўйнадим.”
Энди эса Жавоҳир ярим финалда дўсти Нодирбек Якуббоевга қарши майдонга тушади:
“20 йилдан кейин (Рустам Қосимжоновнинг 2004 йилдаги ғалабасидан сўнг) яна бир ўзбек финалга чиқади. Бу – мамлакатимиз учун жуда катта воқеа. Умид қиламанки, иккаламиз ҳам Номзодлар турнирига йўлланма оламиз. Энди энг муҳими – дўстимга қарши чиройли шахмат ўйнаш.”



Комментарии