Жавоҳир Синдаров: "Дўстим Якуббоевга қарши ўйнаётганимдан ҳам хурсандман!"
Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубоги ярим финал баҳслари олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
FIDE Жаҳон кубогида ярим финалга икки нафар ўзбек шахматчиси чиққани сиз учун нимани англатади?
"Бизда бўлгани каби, агар мамлакатингиз шахматни қўллаб-қувватласа, сиз жуда яхши шахмат ўйнашингиз керак деб ўйлайман. Чунки бизнинг давлатимиз биз учун зарур бўлган ҳамма шароитни яратиб беряпти. Рапид ва блитс жаҳон чемпионати, бу йил Гранд Сwисс, кучли давра тизимидаги турнирлар ташкил этилди, келаси йили Олимпиада бўлади.
Ҳар доим давлат ҳам, халқ ҳам бизни қўллаб-қувватлайди. Ўзбек бўлганимдан ва шу терма жамоа учун ўйнаётганимдан жуда фахрланаман. Бизнинг йигитлар ўртасида жуда зўр муҳит бор, муносабатимиз жуда яхши. Менинг фикримча, ҳозир бутун Ўзбекистон жуда хурсанд ва умид қиламанки, иккаламиз ҳам Номзодлар турнирига чиқамиз. Бу жуда катта воқеа. Чунки эсласангиз, 2004-йилда Рустам Қосимжонов Жаҳон кубоги финалида ўйнаган эди, орадан 21 йил ўтиб яна бир ўзбек финалда бўлади.
Бу бизнинг мамлакатимиз ҳақиқатан ҳам кучли шахмат давлатига айланганини кўрсатади. Ҳозир уч нафар 2700+ рейтингли ўйинчимиз бор – ўзи ҳам жуда зўр натижа, деб ўйлайман.
Албатта, ўзбек шахматчиларидан бири Номзодлар турнирига чиқиши жуда қувончли ҳолат. Умид қиламанки, иккаламиз ҳам йўлланма оламиз.
Дўстим Якуббоевга қарши ўйнаётганимдан ҳам хурсандман – у бу ерда жуда зўр ўйин кўрсатяпти. Биз икковимиз ҳам битта мураббий – Роман Видоняк билан ишлаймиз. Унинг ўзи учун ҳам бу энг бахтли лаҳзалардан бири, деб ўйлайман. У ҳам биздан фахрланади, албатта. Мураббийимга ҳам, доим ёнимда бўлган, мени ва бошқа шахматчиларимизни қўллаб-қувватлайдиган мамлакатимга катта раҳмат айтаман. Жуда бахтиёрман", - деди Синдаров.
Эслатиб ўтамиз, ярим финал бугун, 21 ноябрь, куни бошланади.



Комментарии