
Легионеримиз голли сериясини давом этирди!
Беларусь олий лигасининг 12-турининг сўнгги учрашувида “Энергетик-БГУ” ўз майдонда “Днепр-Могилев” жамоасини қабул қилди.
Учрашувнинг 22-дақиқасида Бобур Абдухолиқов меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Бироқ, минсклик талабаларга ғалабани ушлаб қолиш насиб этмади.
Рақб жамоа иккинчи бўлимда вазиятни ўнглади. Ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.
Очколари сонини 26 тага етказган “Энергетик-БГУ” мусобақа жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Бобур Абдухолиқов эса голлари сонини 13 тага етказиб, тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда. Легионеримизнинг голли серияси бешта учрашувга етди.
Умуман олганда, Бобур биринчи даврада “Энергетик-БГУ”га тўқнаш келган 12 та жамоадан тўққизтасининг дарвозасига йўл топа олган. Шунингдек, ҳамюртимиз ҳисобида тўртта голли узатма бор ва у чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Комментарии