
"Локомотив" хатоларимизни кечирмади" ёхуд "Олимпик" қийин вазиятда!
Про лиганинг 16-турида турнир пешқадами "Локомотив" мезбон сифатида ўтказган ўйинда ҳамшаҳари - "Олимпик"ни 2:0 ҳисобида таслим этди.
"Олимпик" ҳозирда турнир жадвалида 16 ўйиндан сўнг бор йўғи 6 очко жамғариб охирги - 6-поғонада бормоқда. Энг яқин таъқибчисидан 9 очкога ортад қоляпти. Кўриниб турибдики, бу жамоа қийин вазиятга тушиб қолган.
"Олимпик" клуби бош мураббийи Артём Петросян пешқадамга бой берилган ўйиндан кейин саволларга жавоб қайтарди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати ҳам маълум қилди.
"Йигитлар пешқадам жамоага қарши ёмон ўйин кўрсатишмади. Афсуски бўлимлар бошида оддий вазиятларда голлар ўтказдик. "Локомотив" ўзининг яримта имкониятидан ҳам фойдаланди. Биз эса афсуски фойдаданмадик.
Ўйин тақдирини кичик деталлар ҳал қилади. Ўйинда тажриба ўз сўзини айтди. Йигитларга эътироз йўқ, улар борини бериб ўйнади.
- Нима деб ўйлайсиз, бутун мавсум учун 20 та ўйин кам эмасми?
- Жуда кам. Бутун бошли мавсум учун 20 та ўйин кам. Бугун ўйнадик. Кейинги ўйинимиз 16 октябрь куни бўлади. Йигитларни тайёрлаш жараёни қийин бўлади.
Жамоамиз ёш, улар қанча кўп ўйнашса, шунча яхши. Бу орқали ёш футболчилар кўп тажриба олишади. Ўйинлар камлиги ўз навбатида мураббийларга ҳам қийинчилик туғдиради.
- Тажриба устунлик қилдими?
- Ҳа. Яна бир бор айтаман - майда деталлар катта роль ўйнади. Оддий вазиятларда, узатмалар вақтида хато қилдик. "Локомотив" хатоларимизни кечирмади. Жамоа оддий узатма орқали гол уриб кетди. Бу даражани билдириб турибди. Жамоа бекорга лига пешқадами эмас. Футболчилар Суперлига даражасида. Бизнинг йигитлар эса ҳали ёш.
- Ёшларни ўйнатиш керак деймиз. Лекин улар кўп ютқазишса, синиб қолмайдими?
- Бу ерда мураббийга ҳам кўп нарса боғлиқ. Ўйиндан сўнг уларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Албатта уларни кўп танқид қилиб, хатолар учун босим ўтказаверилса синиб қолади. Секин-секин тажриба келади. Бунинг учун вақт керак.
Биз йигитларни келаси йил Суперлига жамоаларида ўйин ўтказишса, хурсанд бўламиз. Ҳозир турли ёш тоифаларида 4 нафар футболчимиз бор. Шу томонлама биз хурсандмиз.
Комментарии