 
                Максим Шацких Каннаваро ҳақида: "Жаҳон чемпионатидаги натижаларга қараб хулоса чиқарилади"
Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланиши ортидан жуда кўплаб фикрлар, изоҳлар билдирилмоқда.
Миллий терма жамоамизнинг собиқ юлдузи, таниқли ҳужумчи бўлган ва ҳозирда “Андижон” бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган Максим Шацких миллий терма жамоамиз янги устози ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Миллий терма жамоамизга жаҳон футболининг собиқ юлдузи Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу ўзгаришга муносабатингиз қандай? Сизнингча, бу тўғрими ёки...
- Ўзгаришлар нима сабабдан бўлганини билмадим. Мен уни ўйинчи сифатида кузатганман, кўрганман. Лекин мураббий сифатидаги фаолиятини кузатмаганман. Уни қандай мутахассис эканини вақт кўрсатади. Миллий терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида яхши натижалар кўрсатса шунга қараб хулоса чиқариш мумкин. Агар натижалар яхши чиқмаса, у ҳолда бу қарор ўзини оқламаган бўлиши мумкин. Ҳозирдан бирор фикр билдириш мушкул. Ҳали мундиал бошланмаган. Тайёргарлик, ўртоқлик учрашувларига қараб ҳам қандайдир фикр билдириш қийин. Ҳаммаси жаҳон чемпионатидаги натижаларга қараб хулоса чиқарилади. Барчасини мундиалда кўрамиз. Албатта, терма жамоамизни муваффақиятли иштирок этишини тилаб қоламиз.
- Каннаваро бошчилигида илк ўртоқлик учрашувида Қувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этдик. Бу ўйин борасида нима дея оласиз?
- Учрашувни тўлиқ кўрмадим. 2:0 га ютишгани - бу яхши. Миллий терма жамоамизни даражаси Қувайтникидан юқорилиги билинган. Статистика бўйича ҳам бизни кўрсаткичларимиз юқори бўлди. Қувайтдан даражамиз баланд ва битта учрашувга қараб хулоса чиқариб бўлмайди.
- Бунгача терма жамоамизни бошқариш учун бошқа хорижлик мутахассислар билан музокаралар олиб борилган. Сизнингча, бизга қандай мураббий маъқул?
- Ким маъқул? Бу борада аниқ гап айтиш жуда қийин. Мураббий учун нима муҳим? Натижа! Бу энг асосийси. Ўйин натижасига қараб хулоса берилади. Тактика қанақа бўлади, нечта гол урасан, нечта гол ўтказасан, булар ҳеч кимга қизиқ эмас. Ҳамма учун натижа асосийси. Натижа бор - демак, олдинга қараб ривожланаётганлигини билса бўлади. Натижа бўлмаса, демак хулоса чиқариш мумкинки, ишлар яхши эмас.
- Тимур Кападзе ҳозирча Фабио Каннаварога ёрдам беряпти. Янги бош мураббий ёнида албатта маҳаллий мутахассис бўлиши шарт деб ўйлайсизми? Яъни, Кападзе мураббийлар штабида бўлиши қанчалик муҳим?!
- Балки керакдир. У Каннавародан кўп нарса ўрганиши мумкин. Шу жиҳатларни ҳисобга олиш ҳам мумкин. Келажакда ёрдам беради. Ўйлайманки, Фабио Каннаваро ёмон мутахассис эмас. Бу давр мобайнида у билан ишлаш, янгиликларни ўрганиш фақат фойда келтириши мумкин. Ёш мураббийлар учун бу каби ҳолатлар ижобий натижа келтириши табиий.



Комментарии