Нокаутга учраган "Локомотив" ёхуд темирйўлчилар қайси манзилга қараб кетишяпти?

Coca-Cola Суперлиганинг 4-тур учрашувлари уч кун давомида ўтказилди ва барча ўйинлар телевизор орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Шу боис гарчи стадионларга мухлислар киритилмаган бўлса-да, тв орқали беллашувларни кузатиш имконияти яратиб берилди.

Биз 4-турнинг барча тўқнашувлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Умуман, ортда қолган турда турфа ўйинлар ва шунга монанд кутилмаган натижалар ҳам кузатилди. Айниқса, Тошкентда “Локомотив” ҳамда “Металлург” жамоалари ўртасида кечган ўйиннинг натижасини балки сенсация сифатида қабул қилсак тўғрироқ бўлар. Ажабланарлиси, “Локо” ўз майдонида бекободликларга ортиқча қаршилик кўрсата олишмади ва рақиб аъзолари жавобсиз учта гол уриб, ажойиб ғалабани тантана қилиб кетишди. Айнан шу ўйин бизнинг эътиборимизни кўпроқ ўзига тортди. Бу албатта, аввало қайд этилган натижа ва ўйин билан боғлиқ.

Темирйўлчиларнинг ўз уйида “Металлург”га 0:3 ҳисобида ютқазганидан сўнг дарҳол статистик рақамларга кўз ташладик. Яъни, “Локомотив” чемпионатимиз баҳсларида охирги бор қачон ўз уйида йирик ҳисобда ютқазган? “Металлург” билан ўзаро учрашувларда-ку, бундай натижа умуман қайд этилмаганди ва асосан “Локо” ушбу рақибини керак бўлса йирик ҳисобларда доғда қолдириб кетган пайтлари ҳам бўлган. Аммо бу сафар вазият ўзгарди ҳамда ушбу клубларнинг ўзаро тўқнашувида “Металлург” илк бор кучли рақибини, боз устига унинг майдонида йирик ҳисобда таслим эта олди. Бу эса Бекобод жамоасининг тарихидаги энг ёрқин ғалабалардан бири бўлгани ҳам шубҳасиз.

локо2

Яна воқеликка қайтиб, “Локомотив”нинг олдинги йиллардаги мағлубиятларига назар ташлар эканмиз, 2010 йилги мавсумда ва ўшанда ҳам 4-турда “Локомотив” ўз майдонида йирик ҳисобда ютқазган экан. Рақиб эса “Бунёдкор” бўлган ва улар жавобсиз тўртта гол уришган. Мана, орадан 10 йил ўтгач, “Локо” ўз майдонида нокаутга учради.

“Локомотив”нинг ўйинини кузатар эканмиз, жамоага нимадир бўлгандек. Қолаверса, охирги пайтларда таркибдаги жиддий йўқотишлар ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Аввалига Жамшид Искандеров, сўнг Сардор Мирзаев, куни кеча эса Олег Зотеевнинг хорижга кетгани чиндан ҳам “Локо”нинг ўйинига жиддий таъсир ўтказмоқда. Ушбу футболчилар клубнинг етакчилари эди. Аммо кетганларнинг ўрнини тўлдириш клуб учун қийин кечди ва бунга вақт ҳам қолмаганди. Етакчиларнинг мана шундай тарзда бирин-кетин кетиши албатта бошқа жамоадошларига таъсир кўрсатгани кўриниб турибди.

Табиийки, бундай паллада бош мураббий Андрей Фёдоровнинг ҳам режалари буткул ўзгариб кетди. Лекин, аввало клуб раҳбариятининг олиб бораётган ишига ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Чунки мавсум бошида Самвел Бабаяндан сўнг бўшаб қолган бош мураббий лавозимига бирор-бир янгироқ, тажрибалироқ мутахассис олиб келиниши кутилганди. Аммо ўтган йилги чемпионатда салбий натижалар туфайли ишдан бўшатилган Андрей Фёдоров яна ортга қайтарилди. Клубга янги қон қуйиш керак бўлган бир пайтда раҳбарият яна эски мураббийга юзланди. Хўш, оқибатда нима бўлди? Клубнинг дастлабки вазифаси Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан ўтиб, гуруҳ йўлланмасини қўлга киритиш эди. Аммо “Локомотив” ўз майдонида плей-оффнинг биринчи босқичидаёқ Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига ютқазиб, барчамизнинг хафсаламизни пир қилди. Агар рақиб кучлироқ бўлганида ҳам бошқа гап эди, аммо “Локомотив”дан устун бўлмаган “Истиқлол”га ютқазиб плей-оффдан чиқиб кетганини хазм қилиш оғир бўлди.

фёдоров

Аслида ўшандаёқ клуб қайси йўлдан кетаётгани борасида саволлар кўпайганди. Кечаги “Металлург”га қарши ўйин ва натижадан сўнг Фёдоровнинг жамоани қай даражада кучайтира олишига ва мақсади сари етаклаб боришига шубҳалар янада кучайди. Наҳотки, чемпионатимизда совринли ўринлар учун рақобатлашишга ўрганиб қолган жамоа аста-секин пастга қараб шўнғиётган бўлса?!

Тўғри, чемпионатнинг энди тўртта тури ўтди ва олдинда ҳали ўйинлар кўп, дейишингиз мумкин. Қолаверса, пандемиядан кейинги илк ўйин ва ҳоказо сабабларни келтириш мумкин. Лекин “Металлург”чи? Ахир бу клуб ҳам уч ойдан бери футбол ўйнагани йўқ-ку! “Металлург”га қарши кечган баҳсдагидек ўйин бўлса, у ҳолда темирйўлчилардан нимани кутиш мумкин? Аслида раҳбарият бош мураббийликка яна Андрей Фёдоровни қайтариб тўғри йўл тутишганмиди, деган савол асосий ўринга чиқиб бормоқда...

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
&
Насаф
17/06/2020 08:27
Эййй бу билан нима демокчисан? Факаааат локомотив пахта шула ютиш керайми? Бошка клубла улик клуб булиши керайми. Бундан кейин хамма кучли клуб булади!!! Так что пул ва буйруглани йигиштирила
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
17/06/2020 10:31
bitta ikkita yutqazgandan berdan. fahima qilasiz. usha kunki uyinni kurdim sastav zur. endi loka ham tugri yuldan borapti zur zurakiga yunagandan foyda yuq uz akademiyasiga suyana boshlayapti. klub tutkan yul endi tugri. klubni asli nasli negizi bulish kerak uzi aslida. keyin ketkan bulsa zvezda uyinchila mas 1. 2. ta uyinchi ketsa berdan klub sarosumaga tushib qolmaydiki. bulmasa Nasaf nima qilishi kerak Butin Uzbekiston buylap uyinchi tarqatadi. Nasaf klubini oliy maqsadi. Zur bulmoqchi bulsin avvol raqibingni uyinchi berib kuchayter sungra kuchli kamandalarga qarshi uzi uynap uz uzidan kuchayeb ketadi. Nasafni oliy maqsadi Uzbek fudbolini kuchayterish ushandagena Jahon chempionatiga chiqamiz. ushandagena bir klub zurlani yigib ololmaydi hamma klubka zurla buladi. Loka ham Kapatzidan qolgan yoshla bilan asta asta uz Negizini yaratmoqchi.